Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан  Хонободдаги ҳарбий қисмлар билан ҳамкорликда 9-май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Эшонқул бобо Равшанов ҳамда Очил бобо Тошевларнинг хонадонларида ёшлар билан учрашувлар ташкил этилди.

Иккинчи жаҳон урушидаги тарихий ғалабани таъминлашда жасорат ва хизматлари беқиёс бўлган бу икки нуронийларимиз айни пайтда эл ардоғида умргузаронлик қилмоқдалар.

Қарши туманидаги Сахтипиёз маҳалласида яшовчи Эшонқул бобо Равшанов  хотиралари ҳақида шундай сўзлайди:

- Урушга кетганимда 17 ёшда эдим. Уйга 23 ёшимда қайтиб келдим. Гулдай ёшлигим уруш суронларида ўтди. Замонамиз ёшларини кўриб, ҳавас қиламан. Илоҳим, улар биз чеккан азоб-уқубатни тушларидаям кўришмасин.

Шу тумандаги  Парғуза қишлоғида яшовчи Очил бобо Тошевнинг  ҳам  ёшлик йилларида Иккинчи жаҳон уруши пайтига тўғри келди. Айни пайтда 100 ёшни қаршилаган нуроний отахоннинг дуолари ҳар қандай кўнгилни ларзага солади:

- Бу осойишта Ватаннинг, бу тинч ўтаётган кунимизнинг ҳар бир лаҳзасининг қадрига етиш керак. Орадан 70 йилдан ошиқ вақт ўтди, лекин, мен ҳалиям урушнинг даҳшатли хотираларидан қутулолмайман. Кўз олдимда қанча дўстларим жувонмарг кетишди. Шунинг учун битта тилагим бор: ҳатто, луғатимиздан “уруш” деган сўз чиқиб кетишини истайман...

Икки уруш қатнашчиси хонадонларида ҳам бир хил ҳолат: бутун вужуди қулоқ бўлиб боболарини тинглаётган ёшлар учун  “Жасорат дарси” давом этаяпди. Бу сабоқлар  уларнинг қалбида юртга садоқат ва муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлаётган бўлса не ажаб.

                                                                                     Л. Саодатова

 

06-05-2019 |
Фото галерея