Aхборот хизмати

 Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари

 Содиқов Аҳрор Камолович

 

ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ (матбуот) ХИЗМАТИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗОМ

 1. Умумий қоидалар

1.1. Ахборот (матбуот) хизмати (кейинги ўринларда Хизмат деб аталади) ижроия ҳокимияти (бундан кейин - ҳокимият) органи аппаратининг тузилмавий бўлинмаси ҳисобланиб, бевосита Қашқадарё вилоят ҳокимига  бўйсунади.

1.2. Хизматнинг фаолияти жойларда ҳокимликнинг ахборот очиқлигини, фуқаролар ва ташкилотларнинг ўз фаолиятлари ҳақида  ахборот олиш ҳуқуқларини таъминлашга чақирилган.

1.3. Хизмат ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда ушбу Низомга амал қилади.

1.4. Хизмат ўз вазифаларини ҳал қилиш учун давлат бошқаруви юқори органи, вилоят ҳокимликнинг ҳудудий ва тузилмавий бўлинмалари ҳамда республиканинг бошқа вазирлик ва идоралари тегишли хизматлари билан биргаликда ҳаракат қилади.

 

2. Хизматнинг асосий вазифалари

Хизматнинг асосий вазифалари қуйидагилар  ҳисобланади:

2.1. Ҳокимлик раҳбарияти томонидан белгилаб берладиган ахборот сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш;

2.2. Ҳокимлик фаолиятининг ахборот таъминоти.

2.3. Миллий оммавий ахборот воситаларида ҳокимлик фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий  ҳужжатларнинг чоп этилишини таъминлаш.

2.4. Миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида ҳокимлик фаолиятининг долзарб жиҳатларини, тегишли соҳада ягона давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларини ёритиш.

2.5.Интернет тармоғида ҳокимлик веб-ресурсларини ташкил этиш ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш.

2.6. Оммавий ахборот воситалари мониторингини ўтказиш, ўзгартириш тенденциялар таҳлили, шунингдек, жамоатчилик фикри таъсирини ҳамда маҳаллий, республика ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг ҳокимлик фаолиятига муносабатини баҳолаш;

2.7. Оммавий ахборот воситалари орқали ҳокимлик фаолияти  ҳақида  жамоатчиликнинг ижобий фикрини шакллантириш, минтақаларда ижтимоий -иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар жараёнини холис ёритиш.

 

3. Хизматнинг функциялари

Хизмат ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ, қуйидаги функцияларни бажаради:

3.1. Ҳокимлик фаолияти тўғрисида  жамоатчиликни хабардор этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, режалаштириш ва амалга ошириш.

3.2. Оммавий ахборот воситалари учун хабарларни тайёрлаш ва тарқатиш (пресс-релизлар, бюллетенлар, шарҳлар ва ҳ.к)

3.3. Миллий ва хорижий нашрларда ҳокимлик фаолияти, тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга ошириш борасида босма материаллар тайёрлаш ва чоп этиш, телекўрсатув ва радио эшиттириш чиқариш.

3.4. Журналистларнинг доимий ва бир марталик аккредитациясини амалга ошириш.

3.5. Ҳокимлик вакилларининг оммавий ахборот воситаларида чиқишлари жадвалини тузиш.

3.6. Ҳокимлик раҳбарияти ва ходимларининг матбуот конференциялари, брифинглар, интервью ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бошқа учрашувларини ташкил этиш ва қатнашиш.

3.7..Ҳокимлик фаолиятини мумкин қадар тўлиқ ва холис ёритиш мақсадида миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ва журналистлар билан биргаликда ҳамкорлигини мувофиқлаштириш .

3.8. Ҳокимлик фаолияти масалалари борасида жамоатчилик фикри ҳамда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг нуқтаи назарини ўрганиш юзасидан таҳлилий иш олиб бориш, ҳокимга ҳисобот бериш учун долзарб мақолалар шарҳларини тайёрлаш.

3.9. Оммавий ахборот воситаларида ҳокимлик фаолиятига доир ҳақиқатга  мос келмайдиган  ва (ёки) юридик жиҳатдан асоссиз ҳисобланган ахборотни эълон қилишга тезкор муносабат билдириш, мазкур мақолаларга расмий жавоблар лойиҳаларини тайёрлаш.

3.10. Ҳокимликнинг бошқа бўлинмалари билан ҳамкорликда хизмат олдида турган вазифаларни самарали ҳал қилиш учун зарур бўлган ахборотни йиғиш ва уни ишлаш.

3.11. Оммавий ахборот воситалари ва аҳоли билан ахборот-маълумот ишлари олиб бориш учун вилоят ҳокимлиги фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича таҳлилий, статистика ва бошқа материалларнинг тизимлаштирилган  маълумотлар банкини ташкил этиш.

3.12. Интернет тармоғида расмий веб-сайти (www.qashqadaryo.uz)ни ташкил этиш ва уни ҳокимлик фаолияти тўғрисидаги материаллар билан тўлдириш.

3.13. Ҳокимлик фаолияти ҳақида матнлар, фото ва видеоматериаллар  архивини шакллантириш ва сақлаб бориш;

3.14. Ҳокимлик раҳбарияти учун хизмат ваколати доирасига кирадиган масалалар борасида таҳлилий ва ахборот-маълумот материалларини тайёрлаш, ахборот хизмати ходимлари малакасини ошириш ҳақида таклифлар тайёрлаш.

3.15. Хизмат ўз ваколати доирасида миллий ва хорижий агентликлар ва оммавий ахборот воситаларининг ҳокимлик фаолиятига доир материаллар тайёрлаш, фото, аудио ва видеосъёмкалар ўтказишда кўмак кўрсатиш ҳақидаги ариза ҳамда сўровларини кўриб чиқади.

                                             

4. Хизматнинг ҳуқуқлари

Хизмат ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

4.1. Вилоят ҳокимлигининг бошқа бўлинмалари, қуйи ташкилотларидан ўз вазифа ва функцияларини бажариш учун ахборотни белгиланган тартибда сўраб олиш;

4.2. Ҳокимликнинг йиғилишларида, мажлисларида ва бошқа тадбирларида қатнашиш;

4.3. Қўйилган вазифаларни бажариш учун раҳбарият билан келишган ҳолда ҳокимликнинг бошқа бўлинмалари ходимларини жалб этиш, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг мутахассислари ва малакали экспертларини, шу жумладан, шартнома асосида жалб этиш;

4.4. Белгиланган тартибда бошқа идораларнинг ахборот хизматлари билан белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорлик қилиш;

4.5. Раҳбариятнинг топшириғига кўра давлат органларида республика ва халқаро аҳамиятга эга бўлган тадбирларда Хизмат ваколатига тааллуқли масалалар бўйича  ҳокимлик номидан вакиллик қилиш;

4.6. Ўз ваколатлари доирасида босма ва электрон  нашрларни нашр этиш;

4.7. Раҳбарият кўриб чиқиши учун ҳокимликнинг ахборот сиёсатини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ва хизмат фаолияти масалаларига доир меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини киритиш.

4.8. Белгиланган тартибда давлат алоқа тизимлари, коммуникациялари ва ахборот ресурсларидан фойдаланиш, жумладан, ҳокимиятнинг бошқа бўлинмалари ахборот ресурсларидан устувор тартибда фойдаланиш.

 

5. Хизмат фаолиятини ташкил этиш

5.1. Хизмат ходимлари сони у амалга оширадиган вазифаларнинг мураккаблиги ва ҳажмига кўра вилоят ҳокими томонидан, ходимларнинг тасдиқланган умумий сони доирасида белгиланади.

5.2. Хизмат фаолияти ҳоким томонидан тасдиқланадиган иш режаси асосида ташкил этилади.

5.3. Хизматга вилоят ҳокими томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган раҳбар бошчилик қилади. Хизмат раҳбари бевосита ҳокимга бўйсунади ва айни вақтда унинг матбуот котиби ҳисобланади.

 

Хизмат раҳбари:

5.4. Хизмат фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда Хизматга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

5.5. Хизмат фаолиятини ташкил этади, режалаштиради ва назорат қилади, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органининг бошқа бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади;

5.6.Хизматда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишни таъминлайди, ходимлар ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

5.7. Хизмат ходимларининг малакасини ва касбий савиясини ошириш учун шарт-шароитлар яратади.

5.8. Хизмат ходимлари Хизмат раҳбарининг тақдимномасига кўра белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

5.9. Хизмат фаолиятини ахборот, ҳуқуқий, моддий-техник ва транспорт билан таъминлаш, шунингдек, унинг ходимларига ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш ҳокимликнинг таркибий бўлинмалари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

6. Жавобгарлик

Хизмат раҳбари ва бошқа ходимлари қонунчиликка мувофиқ, қуйидагилар учун  шахсан жавобгардир:

6.1. Мазкур Низомга мувофиқ тақдим этилган ваколатларни ҳисобга олган ҳолда, хизматга юклатилган вазифаларни бажариш, шунингдек, зарур ҳолларда мазкур ваколатлардан фойдаланмаслик.

6.2. Оммавий ахборот воситаларига тақдим этиладиган расмий материалларнинг ишончлилиги.

6.3. Оммавий ахборот воситалари учун  тайёрланадиган материалларни узатишнинг тезкорлилиги.