Вилоят тарихи

ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИ ТАРИХИ

Қашқадарё воҳасида милоддан аввалги асрларда вужудга келган, ёши жаҳоннинг энг қадимги манзиллари билан бўйлашадиган шаҳарлар бор. Шаҳрисабз ва Қарши ана шундай шаҳарлардандир. Шаҳрисабз ва Қаршининг 2700 йиллик юбилейлари нишонланиши ва уларнинг улуғ ёши жаҳон миқёсида тан олиниб, ҳукуматимиз қарорига мувофиқ байрам сифатида тантана қилингани фикримизнинг ёрқин исботидир.

Қарши шаҳрининг кечмиши қадимий Ерқўрғон, Заҳҳоки Морон, Насаф (Нахшаб) – Шуллуктепа манзилларида ўтган. Археологларнинг маълумотларига қараганда, Қарши воҳасида биринчи шаҳар ҳозирги қарши шаҳридан шимолда жойлашган қадимги Ерқурғонда милоддан аввалги VI-II асрларда шаклланган. Эрамиздан аввалги VI-II асрларда у икки қатор девор билан ўралган ва майдони 150 гектар (таноб)ни ташкил этган.

Қарши воҳаси марказининг тарихи Бобил (Ироқ), Александрия (Миср), Ереван (Арманистон), Таксила (Покистон) каби қадимги шаҳарлар ривожига ўхшашдир. Чунончи, VI асрда Турк ҳоқонлиги ва Эрон Сосонийлари томонидан Эфталитлар империясига қарши олиб борилган жангларда Ерқўрғон ёниб, вайронага айланган. Шундан сўнг, Қарши воҳаси пойтахти Ерқўргоннинг Жанубий-Ғарб томонидаги Қашқадарёнинг Жанубий соҳили бўйида, ҳозирги Шуллуктепа ўрнида қад кўтаради. У тарихда Нахшаб (арабча - Насаф) номи билан маълум ва машҳур.

Нахшаб ХIII асрда Чингизхон босқинчилари томонидан вайрон қилингач, воҳа маркази учинчи маротаба ҳозирги Қаршининг эски шаҳар қисми ўрнида қайта тикланган. Шу тариқа Ерқўрғон, Нахшаб ва Қарши шаҳарлари Қарши вохаси марказининг тараққиёт босқичларини ўзида мужассам этган. Ерқўрғон ва Заҳҳоки Морон (м.а. II-I асрлар)да археологлар томонидан топилган кўҳна ашёлар ўзбек халқининг аждодлари энг қадимги замондан ўтроқ ҳаёт кечириб, давлат тузуми асосида шаҳар маданиятини яратганлигини ва ҳунармандчилик, санъат ривожланганлигини тасдиқлайди.

Насаф IX-XII асрларда Жанубий Суғднинг асосий шаҳарларидан ҳисобланган. Унда работ, шаҳристон, карвонсаройлар, масжид ва мадрасалар мавжуд бўлган. Манбаларда Насафнинг Боён гузарида буюк муҳаддис Имом Бухорий истиқомат қилганлиги, Насафда хадисшунослик мактаби фаолият кўрсатганлиги ва бу шаҳар IX-X асрларда ўзига хос илмий-маданий марказлардан бири даражасига кўтарилганлиги қайд этилган. Мазкур шаҳарда турли даврларда 200 дан зиёд Насафийлар яшаб, ижод этган. 

Истиқлол туфайли Ўзбекистонда маданий меросга нисбатан муносабат ижобий томонга ўзгарди. Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз каби қадимий шаҳарларнинг қутлуғ юбилейлари ўтказилиб, улардаги умумбашарий маданиятнинг бебаҳо дурдоналари бўлган меъморий обидалар қайта тикланди. Худди шундай навбат ўзининг бой тарихи ва маданий меросига эга бўлган Қарши шаҳрига ҳам етиб келди ва шаҳар юбилейи нишонланди.

Қаршининг ҳозирги кунгача сақланган меъморий ёдгорликлари - Кўкгумбаз, Қашқадарё кўприги, Қарши ҳаммоми, Шарофбой, Бекмуродбой, Қиличбой, Абдулазизбой мадрасалари, Одина жомеъ масжиди, Қарши сардобаси, Абу Убайда бин ал-Жарроҳ зиёратгохи ва Хонақо масжиди мажмуаси ҳукуматимиз ва халқимиз ардоғида.

Қарши шаҳридаги Кўкгумбаз масжиди, Қашқадарё устига қурилган ғишткўприк, қадимий ҳаммом ва мадрасалар ўзбек меъморчилигининг ноёб намуналаридан бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз тарихига эга. Бу обидалар Ўзбекистондаги кўплаб тарихий-маданий ёдгорликлар каби юксалиши улуғворлик даврларини ҳам, эътиборсизлик ва таҳқирона тазйиқларни ҳам, вайронгарчилик ва тушкунлик ҳолатларини ҳам бошидан кечирган. 

Тарихий лавҳа

Ҳозирги Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилояти қадимги сўғд воҳасининг унумдор деҳқончилик ҳудудини эгаллаган бўлиб, қадимда ўз сувларини Амударёга қуювчи Зарафшон ва Қашқадарё дарёлари оралиғида, мовароуннаҳрнинг қоқ марказида жойлашган. Мовароуннаҳрнинг барча тарихий ривожланиш босқичлари ушбу вилоят билан чамбарчас боғлиқдир. Китоб ва Шаҳрисабзда жойлашган қадимги шаҳарларда олиб борилган қазиш ишлари давомида археологлар томонидан топилган хилма хил моддий бойликлар ва тангалар силсиласи антик сўғдиёнага хос бўлган бой маданиятдан далолат беради. Антик даврдан кейинги илк асрлардаги мустақил давлатлар ҳисобланмиш Китоб, Заҳоки Марон ва Қарши яқинидаги Ерқўрғон шаҳарлари тарихий қатламларда ёрқин из қолдирган.Янги эранинг V асри келиб эса антик шаҳарларнинг таназзулга юз тутиши кузатилади. IV-VII асрларда бирин-кетин илк феодалларнинг мустаҳкам қалъалари пайдо бўла бошлади. (Муддинтепа, Шўртепа, Шуллуктепа ва бошқалар шулар жумласидандир). Археологик қазишмалар мобайнида IV-VII асрларда мавжуд бўлган Каджартепа, Тоғайтепа, Кўхнафазли шаҳарчаларининг қолдиқлари топилди. Шу вақтда Кеш вилояти (Китоб ва Шаҳрисабз) ва Нахшаб (ҳозирги Қарши шаҳри) турк ҳоқонлиги давлатининг тўққиз федерацияси таркибига кирарди.Улар мухторият ҳисобланар ҳамда Самарқандда ҳукмронлик қилувчи ҳоқонга ҳирож тўларди.

Ўша вақтдаги шаҳарларда лойдан қурилган қалин деворлар, уларда қўриқлаш учун баланд миноралар ва мустаҳкам дарвозалар, баъзи шаҳар дарвозаларида эса мустаҳкам қулфлар мавжуд эди. Шаҳар ҳудуди гавжум аҳоли яшайдиган ижтимоий - маданий марказ ҳисобланарди.

 КЎКГУМБАЗ

XVI аср охирларида Абдуллахон II (1557-1598) ҳукмдорлиги даврида Марказий Осиёда катта қурилишлар авж олган. Қарши шаҳрида уша вақтда Мадраса, ҳаммом, ҳашамдор Кўкгумбаз намозгоҳи қўрилган, ҳатто Қашқадарё ўстига кўприк ҳам солинган.

Кўкгумбаз масжиди ҳайит намозлари учун мўлжалланган бўлиб, унда халқ ҳар йилда икки марта «Рамазон» ва «Қўрбон» ҳайитлари маросимларидагина тўпланарди. Ҳайит намози масжидлари намозгоҳ ёки мусалло деб ҳам юритилган. Намозлар пайтида кўплаб халқ йиғилганлиги сабабли намозгоҳлар шаҳардан ташқарида, кенгроқ жойларга қурилган. Одатда, гузар, жомеъ ва ҳоказо масжидларнинг девори ёки бинолар билан ўралган ҳовлиси бўлган. Намозгоҳлар эса очиқ, кенг майдонда меҳроб девори билан қиблага қаратилган ягона бинодан ташкил топган. Кўкгумбаз жомеъ масжиди ана шундай намозгоҳлардан бўлиб, ўтмишда «Намозгоҳ», «Жума масжиди» деб аталган.

Масжид биноси гумбаз томли асосий бош хона - хонақоқ ҳамда унинг икки ёнидаги чап ва ўнг қанот қисмларидан иборат. Тарҳи туғрибурчак шаклида бўлиб, узунлиги 38.25 метрга тенг. Қисқа томонларининг бири 14 метр, иккинчиси эса 14.6 метр. Асосий хонанинг тарҳи 8 метрли квадрат, у ён деворларига ишланган равоқли йўлак билан қанот қисмларига боғланган. Қанот қисмларининг ҳар бири икки қатор бўлиб тушган тўрт хонадан ташкил топган. Хоналар тепаси гумбазлар билан ёпилган. Бинонинг юза ва ён томонларидаги хоналарнинг олди ўз вақтида айвон сингари очиқ бўлган. Ҳозир уларга ғишт терилиб, ён томондагиларнинг бутунлай ёпилганлигини, юзадагиларнинг эса қисман торайтирилганлигини кўрамиз. Хоналар, ўз навбатида, бир-бирига равоқли бўшлиқлар орқали очиладиган қилиб қурилган. Асосий хонанинг қибла томонидаги деворида меҳроб, ёнида эса поғонали минбар мавжуд. Меҳроб энига анча чуқур ишлангани учун бино орқасидаги девор бир оз кенгайган. У хонақоқ ўртасидан четроққа сурилган ҳолатда жойлашган. Хонанинг олди ён қанот қисмлар билан узвий боғланган пештоқдан иборат. Унинг қалин даҳаналари ичида айлана зиналари ён қанотлар бинонинг томига олиб чиқади.

Баландлиги 14 метрга тенг хонақоҳнинг тепаси қанотларга қўндирилган ички гумбаз билан ёпилган, хонақоҳнинг қибла томони деворида меҳробни ўраб олган катта равоқ ичкариси қалқонсимон майда бағалли ярим гумбаз шаклида. Ён қанот хоналарнинг гумбазлари қабариқ кўринишдаги ганчкор бағал тарзида ишланган. Бино, асосан, 26х26х5 ва 28х28х6 сантиметрли чор ғиштлар билан қурилган. Шунингдек, пештоқнинг қалин деворлари ичини тўлдириш ҳамда харсанг тошли пойдеворларнинг тагини текислаш учун ғишт парчалари ишлатилганлиги ҳам аниқланди.

Пойдеворлар нисбатан унча чуқур эмас - 0.7-1.1 метр, қалинлиги ҳам деворлар қалинлигига тенг, унда тупроқ билан тўлдирилган жойлари ҳам учрайди.

Бинонинг энг асосий, мўтабар  қисми ҳонақоҳ ҳисобланади. Чунки бу хонада намозхонларга қибла томонни белгилаб берувчи Меҳроб жойлашган. Намозгохнинг олд қисмига улкан пештоқ ва Хонақоҳ устига узоқдан яққол кўринадиган баланд мовий гумбаз қурилган. Пештоқни сирланган кошинлар билан безатилиши ҳам шу мақсадда қилинган (ён қанот қисмлари безатилмаган).

Бинони  безаган қопламаларига мовий, кўк, зангори ва оқ рангли кошинлар ҳамда силлиқланган ғиштлар ишлатилган. Пештоқнинг ички ва ён деворларидаги безаклар сирланган қадама ғиштларидан терилган содда шаклли геометрик нақшлар ҳамда уларга битилган хатлардан иборат (хатларда «Оллоҳ», «Мухаммад» ва бошқа сўзлар ёзилган). 

 

ҚАШҚАДАРЁ КЎПРИГИ

Пишиқ ғиштдан равоқли кўприк қуриш тажрибаси Ўрта Осиёда илгаридан расм бўлган, илк ўрта асрлар даврига келиб у анча такомиллаштирилган. Бизгача этиб келган кўҳна кўприклар XVI асрнинг иккинчи ярмига тааллуқли бўлиб, улар орасида Қашқадарё устида қурилган кўприк энг катта ҳисобланади.

Дарё ўзанини кесиб ўтган, ғиштдан қурилган кўприкнинг ўн иккита мустаҳкам пиллапояси оёқлари кенг ва паст равоқлар орқали туташтирилган. Кўприкнинг узунлиги - 122 метр, эни - 8.2 метр, дарё тубидан ўртадаги юл қопламигача бўлган баландлиги - 5.35 метр. Кўприкнинг ҳар икки томонидаги равоқлар оралиғидаги пилпоялар жуда бақувват силиндирсимон, ғиштли тирговичлар билан мустаҳкамланган. Унинг асоси пастга томон кенгайтириб борилган, ҳар бирининг диаметри қарийб 4 метр келадиган буржларга бирлаштирилган. Мароми билан терилган ғиштин буржлар қатори, равоқнинг чуқур жар тепасида эканлиги, кўприкнинг устки тузилиши чидамли, пухта иншоотнинг меъморий қиёфасидан дарак беради.

Дарё ўзанининг кенгайтирилганлиги сабабли кўприк 1914 йилда қайта қурилган. Қирғоқнинг четки куҳна пиллапоялари янгиланган. Кўприкнинг икки томонига қоровулхоналар қурилган. Бу бажарилган ишлар ғишт плитага ёзиб қуйилган. Ривоятда Қашқадарё кўпригининг қурилишини Абдуллахон  II га нисбат берилади.