Барчамизга маълумки, бугун коронавирус пандемияси сабабли кўплаб мамлакатларда чуқур иқтисодий муаммолар бошланган. Мана шундай шароитда Ўзбекистонда тадбиркорлик муҳитини сақлаб қолиш, саноат ишлаб чиқариши, иқтисодий қувватлар фаолияти бир маромда давом этиши учун Юртбошимиз томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда карантин тартиби эълон қилинган кундан бугунга қадар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига солиқ имтиёзлари ва преференциялар бериш бўйича Президентимизнинг бир қатор Фармонлари қабул қилинди. Бу ҳужжатлар аҳоли ва бизнеснинг деярли барча қатламлари қамраб олингани билан аҳамиятлидир.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг   2020 йил 19 мартда "Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5969-сонли Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармон билан 2020 йилнинг 1 апрелидан 1 октябргача бўлган даврда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтирилди. Натижада вилоятимиздаги 15 751 нафар тадбиркорларимиз ихтиёрида 17 млрд. сўм маблағ қолиши кутилмоқда.

Умумий овқатланиш корхоналари учун алкоголли маҳсулотларни чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар миқдори белгиланган миқдорлардан 25 фоизга камайтирилиши натижасида вилоятимиздаги жами 450 субъект ихтиёрида жами 531 млн. сўм маблағ қолиши ҳисоблаб чиқилди.

Қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалари 50 фоизга пасайтирилиши натижасида вилоятимиздаги жами 8 500 субъект ихтиёрида жами 276 млн. сўм маблағ қолиши кутилмоқда.

Ушбу Фармон билан солиқ тўловчи жисмоний шахслар учун қатор имтиёз ва енгилликлар берилди.

Жисмоний шахслар томонидан жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни топшириш муддатлари жорий йил 1 апрель санаси эди. Ушбу Фармонга кўра, 2019 йил учун жами йиллик даромадлар тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддати 2020 йил 1 августга қадар узайтирилди.

Шунга кўра, вилоят бўйича 13 583 та ҳолатда 1.8 млрд. сўмлик декларация топшириш муддатлари узайтирилди.

Шунингдек, жисмоний шахсларнинг мол-мулква ер солиғи тўлашнинг муддатлари тенг улушларда 15 апрель ва     15 октябрь эди. Ушбу муддат 2020 йилнинг 15 октябрига қадар узайтирилди.

Мазкур имтиёз сабабли вилоят бўйича 305 164 нафар жисмоний шахсларнинг тўланиши лозим бўлган 68,4 млрд. сўм солиқларининг муддатлари кечиктирилди.

Бундан ташқари, фармон билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш бўйича фоизларни ундирмасдан 6 ойга кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилди.

Шунингдек, ташқи савдо операциялари иштирокчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш 2020 йил 1 октябргача бўлган даврда тўхтатилди. Бугунги кунда вилоятдаги 161 та хўжалик юритувчи субъектларга 141.4 млрд. сўмлик қўлланилиши лозим бўлган жарималар тўхтатилди.

Солиқ органлари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пенялар ҳисобланишини тўхтатилиши, шунингдек, солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларини кўрилмаслиги белгиланди.

Шунингдек, ушбу Фармон билан 2021 йилнинг 1 январига қадар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини солиқ аудитидан ўтказиш тўхтатилиши белгиланди.

Мамлакатмизда тадбиркорларга янада кенг имкониятлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги "Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб  қувватлашга доир қўшича чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5978-сонли Фармони билан ҳам қатор имтиёзлар берилди.

Жумладан, туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари кўрсатувчи субъектлар юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқларни тўлашдан 2020 йилнинг 1 апрелидан 31 декабрига қадар озод қилинди, ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 12 фоиз ўрнига 1 фоиз тўлашлари белгиланди. Натижада вилоят бўйича  37 та хўжалик юритувчи субъектлар ихтиёрида 796 млн. сўм маблағ қолиши ҳисоблаб чиқилди.

Ушбу Фармон билан товарлар (хизматлар)ни реализация қилиш айланмаси ойига 1 млрд. сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган қўшилган қиймат солиғи тўловчиларига ушбу солиқни ҳар чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқи берилди. Бу 384 та ҳолатда 490,3 млн. сўмни ташкил этади.

Фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга, шу жумладан 2020 йил
1 апрелга қадар аниқланганларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, шунингдек, кўрсатилган солиқлар бўйича оширилган ставкаларни қўллаш натижасида юзага келган қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартиби тўхтатилди.

Вилоятимизда айнан шу мезонга тушадиган 1635 та хўжалик юритувчи субъектлар бўлиб, уларнинг қарздорликлари 63 млрд. сўмни ташкил этади.

Карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммасини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилди, бунда фаолиятни тўхтатганлик тўғрисида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органлари хабардор қилиниши ва давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳномани топшириш талаб этилмаслиги белгиланди.

Натижада вилоят бўйича 5595 нафар тадбиркорларнинг 4,7 млрд. сўмлик солиқларини ҳисоблаш тўхтатилди.

Ўз фаолиятини тўхтатган ва (ёки) товарлар (хизматлар) реализациясидан тушуми жорий йилнинг биринчи чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50 фоиздан кўпроққа камайган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ органларини хабардор қилган ҳолда   2020 йил 1 октябрга қадар қуйидаги солиқларни фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилди.

Бунда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза бермасдан туриб айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича – уларни кейинчалик 12 ой давомида, ижтимоий солиқ бўйича – уни кейинчалик 6 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи берилди. Шунга кўра вилоят бўйича 31 та ҳолатда 763,0 млн. сўмлик солиқлари кечиктирилди.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун киритилган чеклов чоралари туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган корхоналарга нисбатан банкротлик тартиб-таомилларини қўллаш ва уларни банкрот деб эълон қилишга, 2020 йил 1 октябргача бўлган муддатга мораторий жорий этилди. Шунингдек, мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказилиши лозим бўлган 298 та хўжалик юритувчи субъектларни 2019 йил якунлари бўйича аудиторлик текширувидан ўтказиш муддати 2020 йил 1 октябргача узайтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 апрелда “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5986-сонли Фармони  қабул қилинди.

Унга кўра, Ўзбекистон “Маҳалла” ҳайрия жамоат фондига, “Саҳоват ва кўмак” фондига, “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига, шу жумладан уларнинг вилоятлар, туманлар ва шаҳарлардаги бўлинмаларига, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган жисмоний шахслар рўйхатига киритилган жисмоний шахсларга беғараз бериладиган пул маблағлари ва товарлар (хизматлар)га фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган ҳаражатлар сифатида қаралиши белгиланди. Бунинг натижасида вилоятимиздаги 582 та тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида 453 млн. сўм маблағ қолади.

Ўзбекистон “Маҳалла” ҳайрия жамоат фондидан, “Саҳоват ва кўмак” фондидан, “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондидан, юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган беғараз ёрдам (пул маблағлари, товарлар ва хизматлар)га, агар ёрдам олувчи шахслар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган жисмоний шахслар рўйхатига киритилган бўлса, жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмаслиги белгиланди. Ушбу меъёр асосида 40 527 нафар шахсларга 1,4 млрд. сўм имтиёзлар қўлланилиши кўзда тутилган.

Жисмоний шахсларга турар жойларини жисмоний шахсларга ва коронавирус пандемияси даврида фаолияти тўхтаган тадбиркорлик субъектларига нотурар жойларни ижарага беришдан олинган жисмоний шахслардан олинадиган даромадлар бўйича солиқни фоизсиз кечиктириб тўлаш ҳуқуқи берилди. Бунда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш бўйича берилган кечиктириш суммаси 2021 йил 1 апрелга қадар муддатгача тенг улушларда тўланиши лозим. Натижада вилоятимиздаги 417 нафар шахсларнинг 86  млн. сўмлик солиқлари кечиктирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 майдаги "Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5996-сонли Фармони ҳам мамлакатмизда иқдисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш, аҳоли бандлигини ошириш, даромадларини кўпайтириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги билан муҳим аҳамиятга эга.

Фармон билан кичик тадбиркорлик субъектлари, бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар 2020 йилнинг1 июнидан 1 сентябригача бўлган даврда мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинди. Ушбу янгилик билан вилоятимиздаги 4 277 та хўжалик юритувчи субъектларга 5,8 млрд. сўмлик имтиёзлар берилди.

Кичик тадбиркорлик субъектларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон ва 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон Фармонларига асосан вилоят бўйича 176 та ҳолатда 1,0 млрд. сўм муддати узайтирилиши (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи берилган, ер ва мол-мулк солиқларининг 2020 йил апрель ва май ойлари учун тўланиши лозим бўлган мол-мулк ва ер солиғи суммалари, 2020 йил 15 май ҳолатига ер солиғи ва мол-мулк солиғи буйича 2020 йил 1 январдан бошлаб ҳосил бўлган пеня ва жарималар суммаларини ҳисобдан чиқариш кўринишида давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш тақдим этилди.

Шунингдек, 2020 йилнинг 1 майидан 1 июлигача бўлган даврда микрофирма ва кичик корхоналарга (акцизости товарлар ишлаб чиқарувчилар, давлат корхоналари ва устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача камайтирилди. Натижада вилоятимиздаги жами 24 376 нафар тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида 14,0 млрд. сўм маблағ қолиши кутилмоқда.

Имтиёзлардан яна бири, микрофирма ва кичик корхоналарда 2020 йил 15 май ҳолатига солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун ҳисобланган жарималар буйича мавжуд бўлган қарздорликни ундириш 2020 йил 1 сентябргача тўхтатилди.

Давлат солиқ хизмати органлари 2020 йил 15 май ҳолатига микрофирма ва кичик корхоналарнинг банкдаги ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш ва ўтказиш бўйича инкассо топшириқномаларини чақириб олиниши белгиланди.

Шунга асосан, вилоят бўйича 2 ,0 млн та ҳолатда 631,6 млрд. сўмлик инкассо топшириқномаларини чақириб олиниши таъминланди.

Микрофирма ва кичик корхоналарга 2020 йил 15 май ҳолатига солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича ижро этилмаган тўлов топшириқномаларини қайтариб олиш ҳуқуқи берилди.

Вилоят бўйича жами 1 926 та ҳолатда 26,9 млрд. сўмлик Мажбурий ижро бюроларидаги мажбурий ундирувга қаратилиши лозим бўлган ижро ҳужжатлари 1 сентябрга қадар тўхтатилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, қабул қилинган ушбу Фармонлар тадбиркорларни ҳар тамонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган салбий оқибатларни олдини олишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Фахриддин Мухаммадиев

Вилоят Давлат солиқ бошқармаси
бошлиғининг ўринбосари

19-06-2020 |
Foto galereya