Татар қишлоғи ўнга яқин кичик-кичик қишлоқчаларга бўлиниб кетган. Тоғ ён бағрида жойлашган Татар табиати мусаффо тоғ ҳавоси, тоғдан оқиб тушувчи зилол суви билан аҳамиятлидир. Кишилари бир-бири билан иноқ, содда ва ҳазил-мутойибага бой одамлар, ёшлари қизиқувчан, сўзамол, зеҳни ўткир йигит-қизлар экан. Бир сўз билан ифодалайдиган бўлсак Татар табиати ҳам, одамлари ҳам кишида ажойиб таасурот қолдиради. Ана шу хуштабиат ошёнда Қашқадарё вилояти ҳокими, вилоят секторлари ҳамда идора раҳбарлари, мутасадди ходимларидан иборат жамоа меҳмон бўлди.

Қашқадарё вилояти ҳокими, вилоят секторлари ҳамда идора раҳбарлари, мутасадди ходимларидан иборат жамоа

Ташриф кексалар ҳолидан хабар олиш, нуронийлар билан дилдан суҳбатлашишдан бошланди.

Вилоят раҳбарлари  ва "Татар" ҚФЙ нуронийлари

Ташриф муносабати билан қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотларининг савдо ярмаркалари ҳам ташкил этилди. Раҳбарлар кўргазмани бориб кўздан кечирди.

– Бугунги шодиёна муносабати билан ташкил этилган ярмаркада сотилаётган озиқ-овқатлар нархи бозорга ва бошқа савдо марказларига нисбатан арзон экан. Бизга яратилаётган бундай қулайликлар учун ярмарка ташкилотчиларига ўз миннатдорлигимни билдираман – дейди харидорлардан бири.

Қувонарлиси, ҳудуд зиёлилари, ёшлари учун Татар қишлоғида ҳам “Халқ кутубхонаси” фаолияти йўлга қўйилди. 

- Ёшларимиз кутубхонадан китоб олиб мутолаа қилганда, билими ортидан илм даргоҳларига кириб, жамиятда ўз ўрнига эга бўлганида мана шу эзгу ишни ёдга олишади, - дейди кутубхона мудиралигига тайинланган ўқитувчи. – Ёшлар учун имконият яратадиган, илм олиш яратадиган, илм олишига чорлайдиган инсонларни энг фазилатли одамлар деб биламан.

Кексаларга кўтаринки кайфият улашган вилоят раҳбарлари мутасаддилар ҳамроҳлигида қишлоқ хотин-қизлари ўртасида “Эрта турмушнинг салбий оқибатлари” ҳамда Муҳтарам Юртбошимиз томонидан хотин қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилаётган кенг имкониятлар негизида суҳбат қурилди.

Суҳбат жараёни

Суҳбат давомида ижтимоий ҳимояга мухтож оила фарзандларига кийим-кечаклар тарқатилди. 

Сектор раҳбарларининг беғараз ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга мухтож 50 нафардан ортиқ болаларга кийим-кечаклар топширилди

Алоҳида аҳамиятлиси вилоят раҳбари қишлоқ аҳли билан ёнма ён ватанпарварликни тарғиб этувчи миллий кинофильмни ҳам томоша қилди. Санъатга улкан қизиқиши бор раҳбар рассомлар ижоди билан ҳам танишди. Уларнинг ижодлари бўйича ўз мулоҳаза ва таклифларини билдирди. Шунингдек, ҳарбий палаткада ўтказилган “Қўмондон ва ёшлар” учрашуви ҳам кун кайфиятига ҳамоҳанг бўлди. Ҳоким ва Қўмондон билан суҳбатлашган ёшлар, ватанпарварлик, она юрт ҳимояси, тарихи бўйича самимий фикр алмашишди. Ҳарбий кўргазмада намойиш этилган техникалар ва қурол аслаҳалар ёшларда ҳарбий хизматга қизиқиш ва интилишни кучайтиришда яна бир дастак бўлди.

Вилоят ҳокими ва Қўмондоннинг ёшлар билан учрашувидан

Шундан сўнг, вилоят ҳокими идоралар раҳбарлари билан хонадонма хонадон юриб, совуқ кунларда қишлоқ аҳолисига илиқлик улашди.

- Тоғда яшашнинг ҳам ўз гашти бор, - дейди неварасини чопонига ўраб дукондан қайтаётган Абрай бобо. - Қиш ойларини айтмаса, бошқа фаслларда бу жойлар жаннат жойлар!

Сайёр учрашувларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга беғараз ёрдам кўрсатилди. Эътироф этиш керак, уруш фахрийсининг кўчасида 1941-1945 йиллар хотираси акс эттирилди. 

Уруш фахрийсининг кўчаси

Ҳудуддаги мактаблар шарт-шароитлари билан ҳам танишилди.

Мактаблар шарт-шароити билан ҳам танишилди

Учрашувларда аҳоли томонидан билдирилган муаммолар бартараф этилиши бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди. Қабул давомида "Нов" қишлоғи аҳолиси томонидан билдирилган носоз кўприк таъмирланиб, замонавий кўринишда фойдаланишга топшириладиган бўлди. Шу билан бирга эхтиёжи мавжуд фуқароларга суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди. Вилоят ва туман марказидан келган малакали мутахассислар иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ҳам ўтказилди.

Эхтиёжи бор оилалар учун келтирилган газ баллонлари

Кеч тушишига яқин тадбир яна 68-сонли мактабнинг кенг майдонига қайтди. Кун давомида ташкил қилинган ҳарбий, рассомчилик, миллий ҳунармандчилик кўргазмалари, тиббий кўрик ва ярмаркалар ўз ўрнини маданий тадбирга бўшатиб берди. Бир томонда шоирлар, лапарчилар, қўшиқ навочилари учун саҳналар қурилди. Майдон марказларига гулҳанлар ўрнатилди. Бу эса кун қорайгач анча вақтга татигулик шодиёна бўлишидан дарак берди. Узоқ яқиндан хабарини олган мингдан ортиқ қишлоқ аҳли бир майдонга тўпланди.

Маданий тадбирдан лавҳалар

Ҳарбий оркестр иштирокида концерт дастури шубҳасиз, аъло бўлди. Мардонавор қўшиқлар, саҳналаштирилган қўл жанги кўринишлари, ҳарбий сафлар ёшлар қалбида ватанпарварлик ҳиссини яна бир карра юксалтирди. Вилоятимизнинг машҳур хонандалари томонидан куйланган шўх қўй –қўшиқлар эса барчани рақсга чорлади. Шу билан бирга концерт давомида муносиб мактаб директорлари ҳам тақдирланди.

Концерт дастури миллий лапарлар, мушоираларга уланиб кетди. Лапарлар, гитара садосидаги жонли қўшиқлар гулхан атрофига жам бўлиб, мириқиб тингланди. Шеъриятга ошно инсонлар томонидан жаранглаган, айниқса халқ шоири Абдулла Ориповнинг мусиқий равонлик ва бадиий соддалик акс этиб турган шеърлари кечага ўзгача тус берди. 

Маданий тадбирдан лавҳалар

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Тожикистон Республикаси билан чегарадош қисмида жойлашган Сарчашмадан сўнг, навбатдаги манзил Татар қишлоғи ҳам олам-олам таасуротлар ва эзгу амалларга бой бўлди.

Мурод Комилов олган суръатлар.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

 

22-02-2020 |
Foto galereya