Айни пайтда мамлакатимиз тиббиёт ходимлари вакилларидан иборат делегация Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ташаббуси билан мазкур давлат соғлиқни сақлаш муассасаларидаги илғор тажрибалар билан танишмоқдалар.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва GIZнинг қўшма лойиҳаси асосида мамлакатимизда замонавий юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар билан ишлаш учун тиббий ва техник ходимларнинг малакасини ошириш борасида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур сафар ҳам ана шундай хайрли мақсадда ташкил этилгани билан аҳамиятлидир.

–Мамлакатнинг етакчи тиббиёт муассасалари, тиббий ускуналар ишлаб чиқарувчилари фаолияти билан яқиндан танишмоқдамиз. – дейди делегация аъзоларидан бири, Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Тўлқин Расулов. – Айниқса, Вольфсбург шаҳридаги 547 ўринли замонавий клиника, Берлиндаги 3000 ўринли, бутун бошли тиббиёт шаҳарчаси ҳисобланган “Шарите” давлат клиникаси, Ўзбекистонда тиббиёт асбоб-ускуналаридан фойдаланиш, техник хизмат кўрсатиш ва уларнинг таъминоти, тиббий ёрдам кўрсатишнинг янги усулларини жорий этиш борасида беғараз маблағлар ажратаётган Германиянинг KfW тараққиёт банки фаолияти билан танишув бизда жуда катта таассурот қолдирди. Дарвоқе, мазкур банк кўмагида бизнинг тиббиёт марказимизга янги, замонавий МРТ ускунаси келтирилиши мўлжалланмоқда. Бир ҳафтага мўлжалланган сафаримизнинг навбатдаги қисмида Берлиндаги тиббий ижтимоий агентлик, хусусий клиникалар, травматология маркази, Қизил хоч жамияти, протезлар ишлаб чиқарувчи  корхоналар фаолияти билан танишиш мўлжалланмоқда.

Ҳеч шубҳасиз, Германия тиббиёт моделини ўрганиш орқали мамлакатимиз, хусусан, воҳамизда соҳани юқори технологиялар асосида ривожлантириш борасида янги имкониятлар эшиги очилади. 

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.

04-12-2019 |
Foto galereya