Аввал хабар қилинганидек, Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг VI-чақириқ 3 сессияси бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича 2020 йилга мўлжалланган “Манзилли режа” ва “Йўл харитаси” лойиҳалари ҳақида маълумот берди.

Маълумки, Қашқадарёда 3 миллион 200 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Шундан 18 ёшдан - 30 ёшгача бўлган ёшлар 391 минг 758 нафарни ташкил этади.

Вилоят ҳокимлигида 50 та идора ва корхона раҳбарлари киритилган ишчи штаб томонидан ўтган давр мобайнида вилоятда 36 минг 636 нафар банд бўлмаган ёшлар аниқланди. Ишчи штаб томонидан уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳалар ишлаб чиқилди.

Манзилли режага кўра, мазкур йилда вилоят ва барча туман, шаҳар секторлари назорати остида 26 минг 481 нафар ёш учун иш ўринлари яратилиши режалаштирилмоқда.

Таъкидланишича, 2020 йил дастурлар доирасида вилоятдаги ёшлар фаолияти учун жами 85 миллиард 200 миллион сўм миқдорида кредит ажратилади. Хусусан, 42 миллиард сўм маблағ “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури, 15 миллиард 100 миллион сўм тижорат банклари кредити ҳисобидан ва 28 миллиард 100 миллион сўм “Ёшлар келажагимиз” дастури доирасида тақсимланади.

Сессияда Президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Исломович Мухаммадиев иштирок этди.

 

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

26-02-2020 |
Foto galereya