Аввал хабар берганимиздек, Қарши шаҳридаги Маданият марказида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев маданият ва санъат ходимлари, ижодкорлар  билан учрашди.

Вилоят ҳокими ўз маърузасида маданият ва санъат муассасалари, театрлар, музейлар, бадиий жамоалар, аҳоли дам олиш масканлари, маданият ва истироҳат боғларидаги шарт-шароитлар, ёш иқтидорли ёшларга кенг имкониятлар яратиш, соҳа ривожига ҳисса қўшаётганларни рағбатлантириб бориш ҳамда жорий йилда Шаҳрисабз шаҳрида ўтказиладиган II-Халқаро Мақом фестивалини кенг нишонлаш учун тайёргарлик ишлари масалаларига алоҳида эътибор қаратди. 2019 йилда вилоятда юқори савияда ташкил этилган маданий-маърифий тадбирлар, фестиваллардаги иштироки учун воҳа санъат вакилларига миннатдорлик билдирди.

Шу билан бирга вилоят раҳбари соҳа ривожида йўл қўйилаётган камчиликларга ҳам тўхталиб ўтди.

Қашқадарё вилоятида 124 та маданият муассасаси мавжуд бўлсада, аҳолининг маданий дам олиши учун шарт-шароитлар яратиш ишлари кўнгилдагидек эмаслиги, уларни театр, музей ва концертларга  жалб этишда янгича ёндашув йўлга қўйилмаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, баъзи туманларда маданият ва истироҳат боғларининг фаолиятига беэътибор қаралаётганлиги тўғрисида танқидий фикрлар билдирилди.

- Истироҳат боғлари фаол дам олиш ва тинч зоналарга бўлиниши Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 августдаги 671-сонли қарорида белгилаб қўйилган. Бироқ, шу талабларга риоя этилган маданият ва истироҳат боғларини учратмадим. Мен доим айтаман, истироҳат боғларини обод қилинг, электр-энергияси, чироқ, тротуар, ўриндиқлар ўрнатиб боғни бирламчи инфратузилмасини тайёр қилинг. Ундан кейин  тадбиркорларга замонавий аттракционлар ўрнатиш бўйича таклиф беринг. Бунинг учун раҳбарларда изланиш ва ташаббускорлик етишмаяпти, - деб таъкидлади вилоят раҳбари.

Таъкидлаш жоизки, учрашувда вилоятда маданият ва санъатни янада қўллаб-қувватлаш, кенг шароитлар яратиш бўйича топшириқлар берилди.

Масъулларга вилоят маданият бошқармасини бино билан таъминлаш бўйича таклифлар киритиш юзасидан кўрсатма берилди. Болалар мусиқа ва санъат мактабларида 14 та йўналишда мутахассисларга бўлган эхтиёжни ўрганиш вазифалари топширилди. Туман ва шаҳар ҳокимликларига жойлардаги фаолият кўрсатаётган истироҳат боғлари ҳудудларидаги ер участкаларини ижарага олиш истагидаги тадбиркорларни аниқлаш, кўзи ожизлар кутубхоналарини бино билан таъминлаш, таъмирталабларини таъмирлаш ҳамда уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чораларини кўриш вазифалари қўйилди. Шаҳар, туман ҳокимликлари ва молия бошқармаси масъулларига “Халқ” ва “Намунали” унвонга эга бўлган бадиий жамоаларни зарур миқдорда саҳна либослари билан таъминлаш, маданият марказлари учун кинопроектор ва бошқа ускуналарни харид қилиш, чекка ва тоғли ҳудудларда маданий-маърифий тадбирлар, концерт дастурлари ўтказиш мақсадида шаҳар ва туманлар маданият бўлимларига транспорт воситаси ажратиш чоралари кўрилиши бўйича топшириқлар берилди. Вилоят телевидениеси орқали вилоят театрларида саҳналаштирилган энг сара спектаклларни эфирга берилиши белгиланди.

Алоҳида айтиб ўтиш керак, Қарши шаҳар ҳокимлиги, вилоят қурилиш бошқармаси, Марказий банк бошқармасига Маданият ва санъат ходимларини уй-жой билан таъминлаш мақсадида ипотека кредити асосида мавжуд кўп қаватли арзон уйлардан берилиши, лозим бўлса келгусида алоҳида жой ажратиб янги уйлар қуриш учун замонавий дизайнда лойиҳалар тайёрлаш бўйича келишиб олинди. Ушбу уйларни “Ижодкорлар уйлари” деб аталиши, кейинчалик эса “Санъаткорлар ва ижодкорлар квартали” деб номланиши бўйича таклиф билдирилди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

 

19-02-2020 |
Foto galereya