Нега томорқадан самарали фойдаланиш масаласи давлат даражасидаги долзарб масалага айланмоқда? Нега маҳаллий ҳокимлар, президент, Олий Мажлис, ҳукумат бу масала билан қаттиқ шуғулланмоқда? Илгари, аниқса мустақилликгача ҳеч кимнинг хаёлига томорқа масаласи келмасди. Саволга жавоб бериш учун аввал икки нарсага диққатни қаратамиз. Биринчиси – қишлоқ хўжалиги кластер тизимига ўта бошлади. Пахта етиштиришда давлат буюртмаси тўлиқ бекор қилинди, ғалла бўйича ҳам қисқартирилди, яқин 1-2 йилда бу соҳада ҳам бекор қилинади. Давлат ҳокимияти барча бўғинлари энди кўпроқ аҳоли таъминоти яхшиланиши, бутун дунёда аста-секин глобал муаммога айланиб бораётган озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини ҳал қилишга эътиборини кучайтирди. Фикримиз тушунарли бўлиши учун гапни узоқроқдан бошлаймиз.

ХХ асрда иккинчи жаҳон урушидан кейин 50-йилларда глобал муаммолар деган тушунча пайдо бўлди. Дастлаб экологик хавф-хатар, ривожланаётган давлатларда аҳоли сонининг бошқарилмас даражада тез кўпайиши - “демографик портлаш”  ва оммавий қирғин қуролларини кўллаш хавотири, биринчи галда термоядро уруши хавфи ана шундай мауммолар қаторига киритилди.

Экологик муаммолар, табиат ресурсларининг чеклангани, уларнинг баъзилари тикланмаслиги, атмосфера, сув, тупроққа кўплаб саноат ва маиший чиқиндилар, кимёвий моддалар ташланаётгани табиатдан, айниқса унумли тупроқ ва чучук сувдан нооқилона фойдаланилаётгани катта фалокатга олиб келиши аён бўлди. Тез кўпайиб бораётган аҳолини боқиш, зарур маҳсулотлар билан таъминлаш экологик муаммоларни янада кучайтирмоқда. Унумли ерлар қурилиш учун ажратилмоқда. Ўрнини тўлдириш учун ўрмонлар кесилиб, табиий ўтлоқлар, қир-адирлар шудгор қилинмоқда. Бу бизнинг Республикамизга ҳам тааллуқли. Биргина Орол тақдири, ёки шўрланиб қишлоқ хўжалик айланмасидан чиқиб кетаётган майдонлар, экологик хавфлар фожеага олиб келиши мумкинлигини кўрсатди. Шу боисдан бундай ерларни деҳқончиликни қайтариш ҳаётий муҳим масалага айланди. Зарур чоралар кўрила бошланди. 2019-2021 йиларда Қашқадарё вилоятида ҳолати ёмон суғориладиган ерлардан 40 минг гектардан ортиқ майдон фойдаланишга киритилиши мўлжалланмоқда.

Ўзбекистон аҳолиси таҳминан ҳар йили ярим миллионга кўпаймоқда. Биз бугун деҳқончиликка яроқли унумли ерлардан, сувдан оқилона фойдаланмасак, ерни талон-тарож қилсак, қишлоқларимиз бўйига ва энига ўсиб, экин майдонлари тобора қисқариб бораверса, эртага озиқ-овқат таъминоти оғирлашади. Шу сабабли Президентимизнинг экин майдонларини ноқонуний қишлоқ хўжалиги айланмасидан чиқариб,
талон-торож этилишига йўл қўймасликка қаратилган саъй-ҳаракатлари, бу борада олиб борилаётган амалий ишлар кўпчиликка маъқул бўлаётир. Турли сабабларга кўра қишлоқ хўжалиги айланмасидан чиқиб кетган ерларни мелиоратив таъмирлаб, каналларни тозалаб, насосларни янгилаб, ёки артезиан қудуқ қазиб қўшимча майдонларни ўзлаштириш бугун ҳаётий заруратга айланди. Бизнинг фикримизча, яна бир восита - экинзор майдонлари камайишининг олдини олиш учун, биринчидан, урбанизация жараёнини тезлаштириш, иккинчидан, қишлоқ жойларида ҳам кўпқаватли, кўпквартирали уйлар қурилишига ўтиш зарур. Қишлоқларимизни кичик шаҳарларга айлантириш зарур. Бу жаҳон тажрибасидир. Уларда яшайдиган оилаларга чайладан бошқа нарса қурмаслик шарти билан томорқа учун жой ажратиш мақсадга мувофиқ.  Шунда ер майдонининг қишлоқ хўжалиги айланмасидан чиқиб кетиши кескин камаяди. Биз барибир эртами-кечми қишлоқлар ўрнига кичик шаҳарчалар қуришга келамиз.

Озиқ-овқат ҳавфсизлигини таъминлашга сезиларли таъсир кўрсатадиган, аҳоли бандлиги, даромадини оширишнинг муҳим омили ҳисобланган томорқачиликни ривожлантиришга бағишлаб давлатимиз раҳбари 8 ва 14 апрел кунлари ўтказган селектр йиғилишлари алоҳида ўрин тутади. Президентнинг йиғилишларда олға сурган ғоялари, таклифлари ушбу масала бўйича жамиятимизнинг барча қатламларини – алоҳида  фуқародан давлат ҳокимятининг юқори бўғинларигача фаоллаштириб юборди. Бугун, карантинга қарамасдан, одамлар томорқаларида экин экиш ва парваришлаш билан банд. Балоғатга етиб қолган фарзандларига, ўсмир ёшларга деҳқончилик, боғбончилик, иссиқҳоналардан фойдаланиш сирларини ўргатмоқда. Деҳқон хўжаликлари, томорқалардан фойдаланиш самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида Олий Мажлис  палаталари қўшма қарор қабул қилдилар.

Қарорда тўғри таъкидланганидек, каронавирус пандемияси ҳатто ривожланган давлатларда ҳам озиқ-овқат ҳавфсизлигини таъминлаш борасидаги сиёсат ва чора-тадбирлар етарли эмаслигини яққол кўрсатди.  Бу озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига янада масъулиятлироқ муносабатда бўлишни, аҳолининг қўлида томорқа сифатида мавжуд серҳосил унумдор ерлардан самарали фойдаланишни тақозо этади.  Жойларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўз сайлов округларига қарашли фуқаролар йиғинларига бириктирилди. Улар биринчи навбатда аҳоли ўртасида томорқалардан самарали фойдаланиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бормоқда ҳамда депутатлик назоратини ўрнатиб, тегишли тузилмаларнинг томорқа эгаларига ёрдамини уюштирмоқда. Айни вақтда мамлакатимизда 4,5 миллиондан ортиқ деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари 445 минг гектардан зиёд экин майдонига эгалик қилмоқда. Шундан Қашқадарё вилоятида томорқа майдони 55964  гектарни ташкил этади. Бу жуда улкан ресурс. Бундан ташқари, аҳоли томорқасига Қашқадарё вилоятида жорий йилда баҳор ёз мавсумида 634.4 миллион метр куб сув берилмоқда.

Келтирилаётган рақамлар, биргина бизнинг вилоятда томорқа майдони икки йирик туманнинг сувли экин майдонидан ҳам катта эканини кўрсатмоқда. Тасаввур қилинг, бутун республика миқёсида аҳоли қўлидаги ерлардан қанча маҳсулот олиш мумкин. Агар томорқалардан самарали фойдаланилса, Ўзбекистон иқтисодий қудратига қудрат қўшилиб, аҳолини таъминланганлик даражаси сезиларли яхшиланади. Айниқса мева – сабзавот  таъминоти.

Кўпчилик оилалар томорқа хўжалигидан катта даромад олмоқда. Иссиқҳоналар қуриб, икки – уч марта ҳосил йиғмоқда. Аммо барча оилалар ўз томорқасидан тўғри фойдаланяпти деб айтолмаймиз. Давлатимиз, шахсан Президентимиз томорқачиликни ривожлантириш учун барча зарур шароитларни яратиб берди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, аҳолига уруғлик ва қўчат етказиб бериш, агротехник хизмат кўрсатиш бўйича “Томорқа хизмати” корхоналари, фермерлар кенгаши ҳузурида томорқаларда янги лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлайдиган жамғарма ташкил этилди. Булар биз ва сизнинг, ҳалқимизнинг ризқ-рўзи мўл, фаровонлиги янада юқори бўлишини кўзлаб қилинаётган ишлардир. Вилоятимизнинг 112 та фуқаролар йиғинлари ҳудудида томорқаларни суғориш ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминланишини яхшилаш мақсадида 541 та артезиан қудуқлар қазиш режалаштирилган. Бу салкам икки минг гектар томорқаларни суғориш имконини беради.

Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатларига жавобан биз ҳам боқимандалик кайфиятига тамомила, тўлиқ барҳам бериб, томорқаларни иқтисодиётимизнинг муҳим тармоғига бола-чақамизни, рўзғоримизни экологик тоза маҳсулотлар билан таъминлашнинг қўшимча манбаига айлантиришимиз лозим. Қолаверса, ватанпарварлик бурчимиз ҳам шуни тақозо этади. Зеро, мамлакатимизнинг озиқ-овқат ҳавфсизлигига ҳисса қўшган бўламиз.

Томорқада ишлашнинг моддий-иқтисодий жиҳатидан ташқари, улкан маънавий ва тарбиявий аҳамияти бор. Аввало болаларни, айниқса, ўғил болаларни оилани тебратишга, боқишга ўргатади. Улар ер билан яқин бўлиб, ундан фойдаланишни, деҳқончилик сир – асрорларни ўрганади. Дангаса, боқиманда бўлиб ўсмайди. Қиз болалар ҳар ҳолда оналари ёнида у ёки бу даражада рўзғор юритишни ўрганади. Аммо ўғил болаларнинг аксарияти мустақил рўзғор тебратишга ўргатилмай қолмоқда. Ёш оилаларда муаммоларнинг бир қисми йигитларимизнинг боқиманда бўлиб ўсгани, оила юмушларига қарамаслиги ва шу каби камчиликларга боғлиқ. Томорқада ишлаш ўғил бола тарбиясидаги камчиликларни бартараф этишда қўл келади. Ёш авлодда нафақат ерга, шунингдек оилага нисбатан меҳрни ҳам шакиллантиради.

Ҳулоса ўрнида айтиш мумкинки, томорқадан унумли фойдаланиш масаласи бугун долзарб ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий ва ватанпарварлик масаласидир.

А.Иркаев, Х.Фозилов, И.Қурбонов, Ш.Шамсиев

Олий Мажлис Сенати аъзолари

23-04-2020 |
Foto galereya