21 август куни вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Миришкор туманида истиқомат қилувчи фуқаролар билан “ZOOM” дастури орқали суҳбатлашди.

Бўлиб ўтган онлайн қабулда одамларнинг дарди, уларнинг муаммолари тингланди.

Миришкор тумани "Обод" қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Муқимбой Ражабовнинг уч нафар фарзанди ногирон. Уй-жойи ҳам таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

Фуқаронинг уйи таъмирига 50 дона шифер, шиферларни ўрнатиш учун ёғочлар бериладиган бўлди. Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги муносабати билан байрам совғалари 15 млн сўм, телевизор, тефаль, чойшаб, кўрпа ва озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

Фуқаро Чориев Исоқ Миришкор тумани “Янгиқишлоқ” маҳалласида яшайди. Вилоят ҳокими билан суҳбат давомида ўғлининг юрак етишмовчилиги билан касалланганлигини билдирган. Вилоят раҳбари ушбу масала бўйича кардиолог мутахассислар билан маслаҳатлашди. Фуқаронинг ўғли Эгамбердиев Фаррухнинг юрак операцияси учун кетадиган маблағ тўлаб бериладиган бўлди.

Миришкор тумани “Навбаҳор” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Хусанов Бозорнинг ўғли 1-гуруҳ ногирони. Вилоят раҳбари томонидан берилган топшириқга кўра Эгамбердиев Фаррух тиббий кўрикдан ўтказилиб, хулоса берилиши ва ногиронлар шифохонасида даволанишига шароит яратиб берилиши таъминланади. Шу билан бирга фуқаронинг таъмирталаб турар жойи учун 100 дона шифер, 4 дона эшик, 4 дона дераза берилди.

Шамсиддинова Лена тумандаги “Малла” маҳалласидан. Ленанинг уч нафар фарзанди ёлғиз онасининг қарамоғида. Ушбу хонадон капитал таъмирдан чиқарилади. Болаларга кийим-бош, сумка, ўқув қуроллари бошқа керакли нарсалар олиб берилади.

Янги Миришкорлик Нусратова Шоира ва Оқмачит маҳалласида яшовчи Равшанова Очиланинг ҳам уй жойи таъмирлаб берилади. Фуқаро Нустарованинг хонадонига 50 дона шифер, дераза ромлари ва эшиклари янгиланади. Равшонова Очиланинг эса уй-жойи аҳволи ўрганилиб, таъмир учун қанча харажат кетишининг ҳисоби чиқарилади ва шу харажат асосида уйи таъмирлаб берилади.

Маълумот учун, вилоят ҳокимининг онлайн қабули барча туман ва шаҳарлар кесимида навбатма-навбат ўтказилади.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.

22-08-2020 |
Foto galereya