Бугун вилоят ҳокими раҳбарлигида "Ёшлар - келажагимиз" жамғармаси фаолиятига доир ўтказилган танқидий йиғилишда туман ва шаҳар ҳокимликлари ва ташкилотларнинг Матбуот котиби - Ахборот сиёсати масалалари бўйича раҳбарнинг маслаҳатчилари фаолияти ҳам танқид остига олинди.

Чироқчи, Муборак, Миришкор, Қамаши, Китоб, Шаҳрисабз, Ғузор ва Қарши туманлари Матбуот котиблари ҳудудда соҳалар бўйича амалга оширилаётган ишларни ёритишда ОАВлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўймаган.

- Айниқса, 8 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан ўтказиладиган тадбир ва лойиҳалар ҳокимлик ва ташкилотларнинг Матбуот котиблари томонидан аъло даражада ёритилмади ёки масъуллар томонидан тадбирлар ташкил этилмасдан қолмоқда, - деди вилоят ҳокими. - Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан декабрь ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни сифатида белгиланган. Аммо, байрамона руҳни ҳали ҳам сезмадик. Раҳбарнинг маслаҳатчиси (ўринбосари) мақоми берилган Матбуот котиби ҳар бир ҳолатни олдиндан раҳбарга етказиб туриши керак эмасми?

Йиғилиш давомида ҳокимлар ва вилоят ташкилоти раҳбарларига Матбуот хизмати раҳбарлари фаолиятини вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси билан келишган ҳолда ўрганиб, хулоса бериш вазифаси топширилди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.

06-12-2019 |
Foto galereya