«Daryo.uz» сайтида «Қамашида авария ҳолатидаги кўприкнинг яна бир томонини сел ювиб кетди. Қашқадарё ҳокимлиги уни таъмирлаш ҳақида етти ой аввал ваъда берганди» номли маълумот эълон қилинди.

Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Қамаши тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Қурбон Ҳайдаровга мурожаат қилдик.

-  Ушбу кўприк бир неча ойдан буён маҳаллий аҳолини ташвишга солиб келаётгани рост. Дастлаб, Қўшкапада жойлашган ушбу кўприкни таъмирлаш режалаштирилган эди. “Равшан зар” шуъба хўжалик жамияти билан 420 миллион сўмлик шартнома ҳам тузилган эди. Бироқ, иш жараёнида маълум бўлдики, ушбу кўприкни таъмирлаш кутилган натижани бермас экан. Янги лойиҳа асосида янги кўприк қурилиши керак деган хулосага келинди.

Кўпчиликни кўприкнинг кейинги тақдири қандай бўлиши қизиқтиради. Шахсан мен учун ҳам кўприкнинг мустаҳкам, замонавий бўлиши жуда муҳим.

Ҳозирда вилоят ҳокимлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасига Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан Қамаши тумани “Қўшкапа” маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўприкни қайта қуриш таклифи берилган.

Таклифда 1 миллиард 575 миллион сўмлик лойиҳа назарда тутилган.

Қамаши тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Мақолалар матни вилоят ҳокимининг давлат тили бўйича маслаҳатчиси З.Аминова таҳрир қилган ҳолда эълон қилинмоқда.

22-04-2020 |
Foto galereya