Қашқадарё вилоятида Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан илгари сурилган бешта ташаббусни ҳаётга кенг жорий этиш, жумладан, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш  масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, “Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан” акцияси доирасида турли соҳа вакиллари ўз мактабларига турли бадиий китоблар совға қилишди.

Биргина бизнинг марказимиз томонидан ушбу акция доирасида ўтказилган тадбирларда 12 мингдан ортиқ турли бадиий китоблар совға қилинди, деди, биз билан суҳбатда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Лола Саодатова.

Яккабоғ туманидаги 8-ўрта умумтаълим мактабида ўтказилган навбатдаги тадбирда мактабнинг собиқ ўқувчиси, ҳозирги кунда йирик  фермер сифатида довруқ қозонган Дилмурод Юлдошев ҳам 100га яқин китоблар билан ўқув даргоҳига кириб борди.

Китоб – хазина, дейишади, деди мактабнинг 10-синф ўқувчиси Азиз Абдуллаев, мактабимиз хазинаси бугун янада бойиганидан қувониб кетдим. Мен катта бўлиб, қизиққан касбимни эгаллагач, албатта қадрдон мактабимга албатта китоблар совға қиламан, деб кўнглимга тугиб қўйдим.

Ҳа, эзгу ташаббуслар қўшқанот бўлади. Энг қувонарлиси, бу ташаббуснинг қанотида “китоб” деган жавоҳир бор. 

 

                                                    Вилоят  ҳокимлиги ахборот хизмати

22-04-2019 |
Foto galereya