Аҳолида миллий армиядан фахрланиш ва унга бўлган ишонч ҳиссини ошириш, шунингдек, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашни таъминлаш мақсадида, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида "Посбониман муқаддас юртнинг" мавзусида иншо ва шеърий асарлар танлови ўтказилди.

 Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида  Мудофаа вазирлиги ҳамда қатор вазирликлар ҳамкорлигидаги танлов ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Қувонарлиси, вилоят божхона бошқармасининг "Қарши" темир йўл чегара божхона пости инспектори Дилноза Арабова танловнинг энг яхши иншолар йўналишида 2-ўринни қўлга киритди.

- Ҳар куни эрта тонгдан туриб божхона ходимининг ҳарбий либосини кийиб, хизматга йўл олганимда, шарафли касбни танлаганимдан қалбим чексиз ғурур ва ифтихорга тўлади, - дейди Дилноза Арабова. - Божхоначининг асосий вазифаси мамлакатнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, божхона чегаралари орқали контрабанда ва ноқонуний товар моддий бойликлар кириб келишининг олдини олишдир. Тарихимизда Тўмарис, Увайсий, Бибихоним ва Нодирабегимдек Ватанга садоқат билан хизмат қилган аёллар кўп. Танловда шу каби фикрларимни қоғозга тушириб, юқори эътироф олганимдан мамнунман.

Айтиш жоиз, танловнинг барча ғолиб ва совриндорларига эсдалик совғалари ҳамда пул мукофоти топширилди.

Н.ХЎЖАЕВ.

11-10-2019 |
Foto galereya