Аҳолининг ўз томорқа ерларидан унумли фойдаланишини ўрганиш мақсадида  вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қурбон Сариқов Касби туманига ташриф буюрди. Касби туман ҳокими, туман ҳокимлигида аҳоли томорқаларини ўрганиш бўйича тузилган ишчи гуруҳи,  “Денов” маҳалла фуқаролар йиғини раиси билан биргаликда Денов қишлоғидаги аҳоли томорқалари  ўрганилди. Деновда 539 хонадонда 3270 нафар  аҳоли яшайди. Деярли барча оила ўз томорқасига эга. Қишлоқ аҳли баҳорги мавсумда томорқасида асосан сабзавот ва полиз экинлари экиб, айни пайтда хонадонида иссиқхона ташкил этган омилкор деҳқонлар етиштирган ҳосилларини бозорга чиқаришмоқда. Бир неча хонадонда эса иссиқхоналарда йил давомида маҳсулот етиштирилиб, оила доимий даромад манбаига эга бўлмоқда.

Қўзи Мирзоқулов ана шундай омилкор томорқачилардан бири. У 8 сотих томорқасининг 4 сотихида иссиқхона ташкил этган. Эрта баҳорда иссиқхонадаги дастлабки ҳосил – турли хил кўкатлардан яхшигина даромад қилган деҳқон ҳозирда  помидорни бозорга чиқармоқда.

– "Кейинги ойларда  янгидан экилган помидор ва бодринг ҳам бозорга чиқишга тайёр бўлади, – дейди Қўзи Мирзоқулов. – Айни ёз пайтида бу маҳсулотларнинг харидори кўп бўлади. Шу тарзда йил давомида иссиқхонадан чиқмай, деҳқончилик қиламиз. Шунга яраша даромад оляпмиз. Томорқанинг қолган қисмида ҳам картошка, пиёз, сабзи ва бошқа экин етиштиряпмиз. Бир неча туп лимон ва мандарин дарахтимиз бор. Уларнинг ҳосилидан ҳам рўзғордан ортганини бозорга чиқарамиз. Рўзғоримизнинг бутлиги, асосий даромадимиз томорқадан".

Шу қишлоқда яшовчи Шомурод Умаров ҳамда Мустафоқул Мардоновлар ўз томорқаларида етиштирган помидор, бодринг, бақлажон ва бошқа турдаги экин кўчатларини етиштириб, қишлоқ аҳолисига арзон нархда сотиш билан бир қаторда каъм таъминланган ва мухтож оилалар томорқаларига экишлари учун бепул кўчатлар тарқатишмоқда.

– "Томорқаси бор одамнинг ‘ишсизман‘ деб ўтириши ёки рўзғорида ками бўлиши уят, – дейди “Денов” МФЙ раиси Комил Назиров. – Меҳнат қилса, кафтдек ердан ҳам рўзғорни обод қилиш, ҳам даромад олиш мумкин".

Буни ўз ҳаётимизда кўриб турибмиз. Картошка, помидор, булғор қалампири экиб, ёз давомида шундан даромад қилиш мумкин. Агарки, боғ яратилса, ҳосили эса кузда яхшигина пул бўлади. Доимий меҳнат билан машғул бўлиш туфайли аҳоли ҳам соғлом, ҳам тетик бўлади.

Афсуски, маҳаллаларда катта томорқасидан мақсадли фойдаланмаётган ёки ернинг умрини беҳуда ўтказаётган оилалар ҳам борлиги кузатилди. Ишчи гуруҳ аъзолари бундай хонадон эгалари билан суҳбатлашиб, уларга зарур тавсия ва кўрсатмалар беришди.

Касби тумани ҳокимлиги ахборот хизмати


Мақолалар матни вилоят ҳокимининг давлат тили бўйича маслаҳатчиси З.Аминова таҳрир қилган ҳолда эълон қилинмоқда.

22-04-2020 |
Foto galereya