Қарши давлат университетида жорий йилнинг 4-5 октябрь кунлари “Таҳлилнинг долзарб муаммолари ва татбиқлари” мавзусида илмий конференция бўлиб ўтади.

Бугун илмий конференциянинг очилиш маросими ўтказилмоқда. Анжуманда Қарши давлат университети ректори, профессор Баҳодир Шоимқулов иштирокчиларни самимий қутлаб, бугунги кунда мамлакатимизда олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, анъанавий тарзда ташкил этилиб келинаётган мазкур конференциянинг долзарб аҳамияти, соҳада фаолият олиб бораётган етакчи олимларнинг илмий фаолияти, ёш олимларнинг илмий изланишлари хусусида батафсил тўхталиб ўтди.

Тадбирда ялпи маърузалар инглиз, рус ва ўзбек тилларида олиб борилмоқда. Мазкур конференцияда юртимиздаги олий таълим муассасалари ректорлари, ЎзФА математика институтининг академиклари, профессор-ўқитувчилар билан бир қаторда Италия ва Россия каби давлатларнинг илм-фан муассасалари етакчи математик олимлари иштирок этмоқда.

Конференция 5 та секцияга бўлинган ҳолда ўз фаолиятини давом эттиради.  “Функциялар назарияси. Комплекс анализ”, “Функционал анализ”, “Оддий ва хусусий ҳосилали дифференциал тенгламалар”, “Алгебра, геометрия ва топология” ва “Эҳтимоллар назарияси ва математик статистика, математикани ўқитишнинг замонавий муаммолари” мавзуларида хорижлик етакчи олимлар томонидан машғулотлар олиб борилади.

Қарши давлат университети ахборот хизмати.

05-10-2019 |
Foto galereya