Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси биноси ёнида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Хотира монументи” очилди. 

Ўтганларнинг хотирасини ёд этиш, уларга ҳурмат, эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилатдир. Айниқса, юртимизда қутлуғ Рамазон ойи файзу таровати кезиб юрган айни кунларда адо этилган бундай эзгу амаллар ўзгача аҳамият касб этади.

Мазкур мажмуада ички ишлар тизимида самарали хизмат қилиб, жиноятчиларни қўлга олиш, зарарсизлантириш ҳамда хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган 15 нафар фидойи инсон сиймоси акс эттирилган. Ватаннинг бу жасур ва матонатли фарзандлари эл-юрт осойишталигини асраш йўлида ўзининг азиз жонини ҳам аямади. Уларнинг жасорати тизимда хизмат қилаётган ҳар бир ходим учун ибрат намунаси, асл фидойилик мактабидир.

 Китоб тумани ички ишлар бўлими профилактика инспектори, капитан Абдирашид Назаров мана шундай фидойи ва мард инсонлардан бири эди. У 1992 йил 26 март куни Китоб тумани ҳудудида ўтказилган “Тун” тадбирида икки нафар ўта хавфли жиноятчини қўлга олиш вақтида ҳалок бўлган. Абдирашид Назаров Президентимиз фармонига кўра II даражали “Шон-шараф” ордени билан тақдирланган.

Суратларни Муродулло Комилов  олган.

10-05-2019 |
Foto galereya