Қашқадарё вилояти ҳокимлигида бир гуруҳ нуронийлар ва меҳнат фахрийларига “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини топшириш маросими ўтказилди. Тадбирда фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси васийлик кенгаши қарори билан иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда узоқ йиллар ҳалол ва самарали меҳнат қилган пенсия ёшидаги фуқаролар, шунингдек, мустаҳкам оила, эл-юртга муносиб фарзандлар тарбиялаб берган оналардан бир гуруҳига I, II ва III даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони топширилди.

Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рузиев, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Я.Иноятов мазкур нишон ва бир марталик пул мукофотини ўз эгаларига топширар экан, кекса авлод вакиллари давлатимизнинг доимий эътибори ва ғамхўрлигидан баҳрамандлигини таъкидлади.

– Ҳаётини эл-юрт хизматига бағишлаган, ҳалол меҳнати билан жамиятимиз тараққиётига ҳисса қўшган кишилар ҳамиша ҳурмат-эҳтиромга сазовор, қашқадарёлик 61 нафар ана шундай жонкуяр фахрийлар бугун тақдирланмоқда – дейди “Нуроний” жамғармаси Қашқадарё вилояти кенгаши раиси Я.Иноятов. – Шу билан бирга, улар меҳнатининг эътирофи, айниқса, ёш авлодни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, миллий қадриятларимизга ҳурмат, касбга садоқат руҳида тарбиялаш, маънавий ислоҳотлар самарадорлигида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

«Меҳнат фахрийси» нишони билан тақдирланган шахслар яшайдиган хонадонлар ва уй-жойлар эшикларида «Бу ерда I, II, III даражали «Меҳнат фахрийси» нишони билан тақдирланган фуқаро (Ф.И.О.) истиқомат қилади» ёзуви бўлган белгиси ўрнатилиши ҳам белгиланган..

                                                                  

                                                                  Суратларни  Мурод  Комилов олган.

                                                                 Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

14-05-2019 |
Foto galereya