Қарши шаҳридаги "Ватанпарварлар боғи"да "Ёш чегарачилар" ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мусобақанинг ушбу босқичида чегара ҳудудларида жойлашган мактаблар, касб-ҳунар коллежи ва академик лицейлар ўқувчиларидан иборат 7 та жамоа сафланиш, саф қўшиқларини куйлаш, ижтимоий-сиёсий ва ҳарбий соҳага оид билимларини намойиш этишди. Югуриш, турникда тортилиш борасида куч синашишди.

Якунда Нишон туманидаги 13-мактабнинг "Амир Темур издошлари" жамоаси 1-ўринни қўлга киритиб, мусобақанинг республика босқичида қатнашадиган бўлишди. Кейинги ўринларни банд этган Ғузор туманидаги  1-мактаб ўқувчилари ҳамда Шаҳрисабз агросаноат касб-ҳунар коллежи ўғил-қизлари ҳам муносиб рағбатлантирилди.

Ҳарбий-ватанпарварлик сайли тарзида ўтган тақдирлаш маросими вилоят санъат усталари, ҳарбий оркестр ва ёш ижодкорларнинг концерт дастурлари, ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган жанг санъатига оид кўргазмали чиқишлар билан янада шукуҳли бўлди.

СОЖИДА

Qashqadaryogz.uz маълумотлари асосида

17-04-2019 |
Foto galereya