Олимпиада ва жаҳон чемпиони, икки карра Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ва жаҳон кубоги ғолиби Муҳаммадқодир Абдуллаев Қарши шаҳрида бўлиб, бокс спорти ихлосмандлари билан учрашди. Бу ҳақда Қарши шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Банк коллежида шаҳар ҳокимлиги ва қатор ташкилотлар ташаббуси билан ўтказилган тадбирга Қарши шаҳридаги “Темурбеклар” ҳарбий мактаби ва коллеж ўқувчилари, бокс тўгараклари аъзолари таклиф этилди.

Бокс спорти орқали юртимизни дунёга танитган Муҳаммадқодир Абдуллаевни бугун кўпчилик ёшлар “Замонамиз қаҳрамони” сифатида билишади, унга эргашувчилар вилоятимизда ҳам кўплаб топилади.

Албатта, унинг ўтган ҳаёт йўли, шу вақтгача эришган муваффақиятлари сири ёшлар учун қизиқ. Бу эса суҳбатлардан ҳам маълум бўлди.

“Спорт билан кўпроқ шуғулланинглар. Спорт яхши тарбия воситаси, у инсонни ёмонликка бошламайди. Бекорчи, ҳеч нарсага қизиқмайдиган, бефарқ одам эса бузғунчи, ёт ғоялар таъсирига тез тушади. Шундай экан, жисмонан-маънан соғлом, жамиятга, Ватанга фойдаси тегадиган инсон бўлишни мақсад қилинг.  Мана мен шу йўлни танлаб ҳеч кам бўлмадим. Ота-онангиз, устозларингиз ҳам сиз, ёшлардан шуни кутаяпти”, деди машҳур спортчи ўз суҳбатида.

Шундан сўнг Муҳаммадқодир Абдуллаев бокс ихлосмандларига мастер-класс ўтиб берди. Бу спортсевар ёшлар учун яхши сабоқ бўлиб хизмат қилди.

20-09-2019 |
Foto galereya