9 май – Хотира ва қадрлаш куни

Аждодларимиз азалдан ўлкамизни босқинчилардан ҳимоя қилган, унинг эркинлиги, мустақиллиги ва дахлсизлиги учун курашган қаҳрамонларини эъзозлаб келади.

Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, фронт ортида оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли синовларда ўзлигини йўқотмаган, иймони бутун аждодларимизга меҳр-оқибат кўрсатиш том маънода миллий анъанага айланди.

Иккинчи жаҳон уруши ва фронт ортида меҳнат қилган фахрийларга, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.

Қарши шаҳридаги Ватанпарварлар боғида бир гуруҳ уруш қатнашчилари, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи ҳамда турли давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирокида тадбир бўлиб ўтди.

– Узоқ йиллар ҳарбий соҳада фаолият юритдим, – дейди Қарши шаҳридаги “Шоҳбекат” маҳалласида истиқомат қилувчи иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 91 ёшли Иван Бех. – Умримнинг асосий қисми Ўзбекистонда ўтди ва бу ер менинг Ватаним деб баралла айта оламан. 

Фарзандларим шу ўлкада улғайди. Ҳозир улар хорижда яшайди, аммо бу ерни жуда соғинади. Буни улар билан суҳбатлашганимда сезаман. Ўлкамиз тинч, осмонимиз мусаффо, муҳими биз каби кексалар доим эътиборда. Мана бугун Ватанпарварлар боғида айланиб, кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Айниқса, боғда ташкил этилган блендажни кўздан кечираётиб, уруш хотиралари кўз ўнгимда намоён бўлди.

Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиев сўзга чиқди.

Ў.Баротов, ЎзА

07-05-2019 |
Foto galereya