15-17 май кунлари Термиз шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасида дзюдо бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақалари бўлиб ўтди.

Мамлакатимизнинг энг кучли  дзюдочиларини жамлаган ушбу турнирда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан жами 400 нафардан ортиқ спортчи иштирок этди. Жумладан, эркаклар 60, 66, 73, 81, 90, 100 килограммгача ва 100 килограммдан юқори вазн тоифаларида куч синашган бўлса, аёллар 48, 52, 57, 63, 70, 78 килограмм  ҳамда 78 килограммдан юқори вазн тоифалари бўйича ғолиблик учун татамига чиқишди.

Эътиборли томони, мусобақада вилоятимиз терма жамоаси аъзолари ҳам бир нечта медалларга сазовор бўлди.

Вакилларимиздан 81 килограммгача бўлган вазн тоифасида Арслон Тожиев ҳамда 100 килограммгача бўлган вазн тоифасида Баҳром Ражабов шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин эгаллашди.

Шунингдек, 81 килограммгача вазн тоифасида Нодиржон Хуррамов, 90 килограммгача вазн тоифасида Маъруф Хидиров иккинчи, 100 килограммдан юқори вазн тоифасида Муҳриддин Бўтаев эса учинчи ўринни қўлга киритган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Qashqadaryogz.uz маълумотлари асосида

21-05-2019 |
Foto galereya