Телебошловчи бир миллионер меҳмонидан сўраяпти:

- Ҳаётингизда сизни энг кўп нима бахтиёр қилган?

- Бахтиёрликнинг тўрт босқичидан ўтдим ва ниҳоят чин бахт нималигини англадим.

  1. Нарса тўпладим. Кўпайтирдим. Тўймадим.
  2. Қимматбаҳо нарсаларни сотиб олдим. Янада қимматини, янада қимматини. Лекин унинг ҳам мазаси вақтинча бўлди, холос.
  3. Катта-катта лойиҳаларни сотиб олдим. Футбол командасими-ей, саёҳатчилар учун оромгоҳларми-ей. Лекин барибир ўзим кўзлаган ва кутган бахтга эришолмадим.
  4. Бир дўстим ногирон болалар учун ўзиюрар аравачалар сотиб олишга улуш қўшишимни сўради. Мен дарҳол рози бўлдим.

Ўша дўстим, совғани болаларга ўзинг бориб, ўз қўлинг билан топширасан, деб оёқ тираб туриб олди. Ночор бордим. Болаларнинг хурсанд бўлиб, аравачаларда у ёқдан бу ёққа учиб юрганларини кўрдим. Улар худди бир ўйингоҳларда юргандек қувнашарди.

Болаларнинг қувнаганини кўриб, ўзим ҳам яйраб кетдим.

Шундан кейинги ҳолат эса бу бахтиёрликни қалбимнинг ич-ичигача олиб кирди.

Кетмоқчи бўлиб турганимда болалардан бири оёғимга маҳкам осилиб олди. Оёғимни беозоргина олмоқчи бўлсам, у янада қаттиқроқ ёпишарди. Ўткир нигоҳи юзимга қадалган эди. Ҳайрон бўлиб сўрадим:

- Тойчоғим, сенга яна бирон нарса керакми?

Бу беғубор, бегуноҳ, юзида чин маънодаги бахтиёрлик нишоналари акс этиб турган хилқатнинг сурурбахш, умидбахш жавобига қулоқ солинг-а:

- Отажон, жаннатда сизни учратганимда Парвардигоримнинг қошида сизга миннатдорчилик билдиришим учун юзингизни яхшилаб эслаб қолмоқчиман.

Дод деб юбордим. Кўп йиғладим. Бир тарафдан унинг хурсандлигидан, иккинчи тарафдан эса ўзимнинг бахтиёрлигимдан ҳушимни йўқотиб, ерга қулай дедим...

Ё Аллоҳ! Мен қандай ҳаёт кечирдим? Нималар қилдим? Ўйин-кулгу, кайфу сафо, исрофгарчиликлар... Ҳамма-ҳаммаси сариқ чақага арзимайди. Ўзим ҳам бахтли бўлолмадим, бировни ҳам бахтли қилолмадим.

Қиссадан ҳисса, яъни, олинадиган сабоқлар ва ибратлар:

  1. Азиз ака-укам, опа-синглим, бахтли бўлиш жуда осон. Бахт бу қисқа қилиб айтганда, ўзгалар қалбига хурсандлик олиб киришдир. Шодлик улашишнинг катта-кичиги бўлмайди. Унинг учун фалон пул сарфлаш шарт эмас. Биргина самимий табассум ҳам етарли бўлаверади. Унинг моддий бўлганидан кўра, руҳий-маънавий ва ахлоқий бўлгани афзалроқ.

Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: "Улуғ ва Буюк Аллоҳ учун амалларнинг энг ёқимлиси бир мусулмон (қалби)га шодлик олиб кириш, мусибатини аритиш, оч бўлса, қорнини тўйдириш ёки қарзини тўлаб қўйишдир".

  1. Шундай одам бўлингки, бировлар сиз билан Аллоҳнинг олдига борганда қилган яхшилигингиз, марҳаматингиз ва эҳсонингизга яраша яхшилик қайтариш учун кўришмоқчи бўлсинлар.

Бировлар қиёмат кунида зулмингиз, озорингиз ва ёмонлигингиз туфайли хусуматлашиш ва қасос олиш учун сиз билан кўришмоқчи бўлишларидан жуда-жуда эҳтиёт бўлинг. Ҳаргиз бундай одамлар сафидан жой ола кўрманг.

Арабчадан Муқим Маҳмуд таржимаси.

2019-06-07.

14-02-2020 |

Янгиликлар









Фото галерея