Бугун вилоят махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда вилоят ҳокими, комиссия раиси З.Мирзаев сўзга чиқиб, карантин даврида йўл қўйилаётган бир қатор камчиликларга тўхталди:

- Юртимизда коронавирус пандемияси эълон қилинганига мана салкам 4 ой бўлди, - деди вилоят махсус комиссия раиси Зойир Мирзаев. - Пандемия – эпидемиянинг юқори нуқтаси ҳисобланиб, лотинчада “бутун халқ”, “барча халқлар” деган маънони англатади. Номидан кўриниб турибдики, бу офат, бу бало чегара билмайди. Ҳали бирор бир давлат бу офатга қарши на иқтисодий ва на тиббий ечим тополгани йўқ.

Ўзбекистонда муҳтарам Юртбошимиз томонидан ўз вақтида вирусни кириб келиши ва уни тарқалишини олдини олиш бўйича тизимли ижобий ишлар амалга оширилгани бизда нисбатан кам талофат билан ўтмоқда.

Аммо, юқорида айтганимиздек, бу касаллик замон ва макон танламайди. Бугун Ўзбекистонда 5370 нафар фуқарода вирус аниқланган бўлса уларнинг 4166 нафари (72%) соғайишига эришилди.

Пандемия эълон қилингандан буён бугунги кунга қадар вилоятда жами 15965 нафар фуқаролар карантинга олинди. Уларнинг 3560 нафари эпидемик давлатлардан келган. 250 нафари чет эл фуқароларидир.

Уларнинг 14237 нафари 14 кунлик тиббий кузатув муддати тугалланиб, соғлиги қониқарли деб топилган.

Бугунги кунда вилоят бўйича 1728 нафар фуқаро карантинга олинган. Уларнинг 1403 нафари (386 та хонадонда) уй шароитида 325 нафари стационар шароитда карантинда сақланмоқда. Шундан 120 нафари чет эл фуқаролари  (102 нафари Қозоғистон, 18 нафари Туркия фуқароси).  

Вилоятда дастлаб 6 нафар фуқарода вирус аниқланиб, улар соғайтирилиб уйларига жавоб берилган эди. Қашқадарёда бирорта бемор йўқлиги сабабли “яшил ҳудуд”га ўтказилиб карантин талаблари бирмунча юмшатилди.

Аммо, жорий йил 5-18 июнь кунлари яна 160 нафар фуқарода коноравирус инфекцияси борлиги тасдиқланган. Уларнинг 94 нафари Қозоғистон, 6 нафари Туркия ва 60 нафари Ўзбекистон фуқароларидир.

Кўриб турганингиздек, ҳали ҳотиржам кайфиятда юришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.  Шунинг учун Чироқчи, Китоб туманлари “қизил” ва Муборак тумани “сариқ” ҳудудга айлантирилди.

Вилоятини “яшил ҳудуд” деб эълон қилингани, карантин талабларини юмшатилганини суъистеъмол қилиш ҳолатлари давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбар ва масъул ходимларида ҳам фуқароларда кўпайиб бормоқда. Бугун биз Сиз билан аниқ мисоллар орқали шу ҳақда очиқчасига гаплишиб олиш учун йиғилдик. Шаҳар, туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари ва бошқа тегишли раҳбарлар бугун бундай ҳолатга йўл қўйганларига изоҳ берадилар.

Келинг, вилоят маркази бўлган Қарши шаҳридан бошлайлик, “Ерқўрғон” озиқ-овқат деҳқон бозорида 5 та дарвоза бўлиб, шундан 3 тасида тиббиёт ходимлари бириктирилган, дезбарьер, пирометр ва фильтр ташкил қилинган. Қолган 2 та дарвоза назоратсиз қолдирилган.

Худди шундай ҳолат Эски шаҳар ҳудудидаги деҳқон бозорида ҳам кузатилади. Тўғри, бозорда битта дарвозадан кириб-чиқиш ташкил этилган, кириш жойида СЭС ходимлари турибди аммо дезинфекцион арка ва тушак йўқ.

Шунингдек, шаҳар электр тармоқлари, Қарши шаҳар ҳудудгаз корхонасининг кириш жойида дезбарьер, фильтр ва антисептик воситалар тўлиқ ташкил этилмаган. Ташриф буюраётган фуқаролар томонидан ижтимоий масофа сақлаш тартибига риоя қилиниши ташкилот маъмурияти томонидан назорат қилинмаяпти. Ташриф буюрувчиларнинг тана ҳарорати ўлчанмасдан ичкарига киришга рухсат берилмоқда.

Бундан ташқари, рухсат берилган аксарият умумий овқатланиш жойларида карантин талаблари тўлиқ бажарилмаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Жумладан, ошхона ходимлари резина қўлқоплардан тўлиқ фойдаланмасдан хизмат кўрсатмоқда. Ташриф буюрувчиларнинг тана ҳарорати ўлчанмасдан ичкарига киришга рухсат берилмоқда. Ижтимоий масофа сақланмасдан фуқароларнинг тўпланиб қолишига имкон яратилмоқда. Оралиқ масофа сақланмаяпти.

Шунингдек, вилоят Халқ банки биносида банк ходимлари тиббий ниқобдан тўлиқ фойдаланиши йўлга қўйилмаган. Мижозлар ўртасида ижтимоий масофа ташкил этилмаган, фуқаролар тўпланиб қолмоқда. 

Миришкор туманидаги Помуқ, Жейнов ва Калта  озиқ-овқат деҳон бозорлари 2 та кириш-чиқиш дарвозаларида дезбарьер, фильтр, тепловизор ташкил қилинмаган. Миришкор туман марказида қурилиш ишлари олиб борилаётган “Элнур савдо мажмуаси” ишлаётган ишчи ходимлар тиббий ниқобсиз, ижтимоий масофага риоя қилмасдан ишлашга йўл қўйиб берилмоқда. Раҳбарлар нега бу ҳолатга лоқайд қарамоқдалар?

Шаҳрисабз тумани  Чоршанбе МФЙ худудидаги ТТБ худудидаги  туғруқхона биносида олиб борилаётган қурилиш ва реконструкция ишларига жалб қилинган ишчи-ходимлар карантин қоидаларига риоя қилмасдан ишламоқдалар, тиббий ниқобдан фойдаланилмаяпти, ишчилар ўртасида ижтимоий масофа сақланишига эътибор бермаяпти.  

Муборак тумани марказида жойлашган  озиқ-овқат деҳқон бозори худудида маҳсулотлар савдоси тартибсиз ҳолатда. Мавжуд артезиан қудуқ таъмирланмаган, атрофи тозаланмаган. Бозорда чиқиндилар вақтида олинмайди, атрофга сочилиб, ҳар хил юқумли касалликлар тарқалиши учун замин яратилмоқда. Шунингдек, Қарлиқ кунлик бозорида маҳсулотлар очиқ ҳолатда тартибсиз сотилаётгани, меваларни ювиш, қўл ювиш учун шароитлар йўқлиги сабабли вақтинча ёпилган. Ушбу иккала бозор ҳам карантин талабларини бажармагунга қадар ёпилади. 

Косон тумани марказий озиқ-овқат деҳқон бозори кириш чиқиш дарвозаларида фильтр тўлиқ ташкил этилмаган, бозор худудида кўплаб фуқаролар ниқобсиз ҳолатда юриб харид амалга оширмоқда, ижтимоий масофа сақлаш қоидасига риоя этилмаётгани сабабли ёпилади. 

Чироқчи тумани худудида жойлашган барча озиқ-овқат деҳқон бозорларида карантин қоидаларига риоя этиш қониқарсиз ҳолатда. Бозор худудида жойлашган савдо дўконларида, жумладан, ЯТТ фаолияти билан шуғулланувчи А.Жалиловага қарашли озиқ-овқат савдо дўконида дезинфекцион тўшамалар, пирометр ташкил қилинмаган, антисептик воситалар мавжуд эмас. Бу каби мисоллар Чироқчи ва Ғузор туманларида анчагина.

Касби тумани худудида жойлашган, давлат рўйхатидан ўтмаган ва ноқонуний фаолият кўрсатиб келаётган 8 та бир кунлик бозорлар, жумладан, Коинот нури, Комилон, Денов, Касби, Фазли, Пандирон, Ғалаба ва Месит бозорларида карантин вақтида тиббий пост, дез барьер ташкил этилмаган, расталар етишмайди, атрофи ўралмаган. Тез бузилувчи маҳсулотлар ерда сотилмоқда. Дарвоза ва аниқ кириш жойи ташкил этилмаган. Ушбу бозорлар ҳам карантин талабларини бажармагунга қадар ёпилади. 

Қамаши тумани “Файз” озиқ-овқат деҳқон бозори  худудида жойлашган барча умумий овқатланиш жойлари санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. “Файзулло бобо ўғли Абдурашид” хусусий корхонасига қарашли ошхона кириш жойида дезинфекцион тўшама ташкил этилмаган, антисептик воситалар йўқ.

Яккабоғ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли ҚОПнинг Ғуржоб филиалида фильтр, дезинфекцион тўшама, антисептик воситалар ташкил этилмаган. Эмлаш хонаси билан муолажа хонаси битта хонада ташкил этилган. Шунингдек, туман электр тармоқлари корхонасининг кириш эшигида фильтр, дезинфекцион тўшама, антисептик воситалар ташкил этилмаган. Ходимлар ва мижозлар ўртасида оралиқ масофа сақланишига эътибор қаратилмаган.

Нишон тумани ЯТТ Маматқулов Фахриддин, ЯТТ Ботиров Обид Шералиевичга, Наталия Амановнага қарашли умумий овқатланиш корхоналарида ишчи ходимлари огоҳлантиришга қарамай карантин тартибларига риоя қилмасдан, тиббий қўлқопсиз ва тана ҳароратини ўлчаш учун пирометр ташкил қилмасдан ишламоқда. “Икром қизи Гўзал” хусусий корхонасига қарашли озиқ-овқат савдо дўконида дезбарер (дез тўшама), пирометр йўқ, ишчи ходимлар тиббий қўлқопсиз ишламоқда. 

Бундай камчиликлар бошқа туманларда ҳам давлат ташкилотларида ҳам мавжуд. Ҳаттоки Қарши шаҳрига кириш жойларида ташкил этилган постларда баъзи ҳолларда машиналарга дезинфекцион суюқлик сепилмаяпти.

Энг ачинарлиси, айрим туман ҳокимликларини ўзида кириш-чиқиш жойида пирометрлар ёки яхши ишламайди, ёки бириктирилган ходим ишлатишни билмайди. куни  кеча бунга шахсан ўзим ҳам гувоҳ бўлдим.

Таксиларга ҳайдовчиларни йўловчилардан ажратиб турадиган шаффоф пленка билан ажратилган ҳолатда, машинани маълум бир масофадан кейин дезинфекция қилиш шарти билан,  жамоат транспорти бўлган автобусларга эса тиббий ниқоб ва қўлқопда юриши ва ҳар якуний бекатда дезинфекция ишларини амалга ошириш шарти билан рухсат берилганди. Аммо аксарият ҳолларда автобусларда ниқобсиз, дуч келган йўловчини миндириб кетайтганликларини кўриш мумкин. Орқа ўриндиқга 3 кишини олмоқда. Тиббий қўлқопнику айтмаса ҳам бўлади. Айрим ҳайдовчиларни ўзида ҳам йўқ. Хуш, қайси ҳоким ёки транспорт бошқармаси, уюшма раҳбари бугун баралла шу тартибга тўла риоя этилаётганини айта олади? Биронтангиз жавоб беролмайсиз! Чунки бу тартибга тўла риоя этилмаяпти!

Тўй ва маракаларда белгиланган контентгагина рухсат берилган эди. Биздаги маъуломотларга кўра, бугун туйларда ҳам 30 кишидан ортиқ фуқаролар тўпланмоқда.

Хуш, бундай ҳолатларда нега Соғлиқни сақлаш, Осойишталик маркази ва санитария-назорат бошқармаси ва униг жойлардаги инспекциялари жонбозлик кўрсатмаяпти? Фақат вилоят ҳокимлиги топшириғидан сўнг югуриб бориб маълумот қилиб келиш билан бирор иш битадими?

Йиғилиш иштирокчилари вилоятни коронавирус пандемияси кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш фақатгина ҳокимият, тиббиёт ходимлари ёки ички ишлар ходимларинигина вазифаси эмас. бу ҳар бир фуқарони фаол фуқаролик позициясидаги вазифаси. Буни аҳолига тўғри тушунтирсак албатта фуқароларимиз тўғри тушунади ва бажаради. Буни биз амалиётда кўрдик. Фақат раҳбарлар ўз вазифасини сидиқидилдан бажариб, озроқ жонини койитиб ишлаши керак холос.      

Вилоят махсус комиссия раисининг тақдим этган маълумот ва кўрсатмаларидан сўнг, масъулларга тегишли топшириқлар комиссия қарори асосида тақдим этилиши, қарор ижросига эътиборсизлик билан қараганлар қонун доирасида жазоланиши таъкидланди.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.

19-06-2020 |

Янгиликлар









Фото галерея