Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида Германиянинг KfW тараққиёт банки молиявий маблағлари ҳисобига “Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларини модернизациялаш” лойиҳаси доирасида 1 миллион евро қийматлик, Нидерландияда ишлаб чиқарилган замонавий МРТ ускунаси ўрнатилди.

Қайд этиш жоизки, шу пайтгача марказнинг нейрохирургия бўлими мазкур лойиҳа асосида кўчма рентген-ташхислаш тизими ва портатив рентген аппарати билан таъминланган эди. МРТ ускунасининг ўрнатилиши мазкур хайрли тадбирларнинг узвий давоми бўлди.
-Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тиббиёт соҳасини модернизациялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Дониёр Турсунов. – Хусусан, кўп тармоқли, ихтисослашган тиббиёт муассасаларини бунёд этиш, уларни замонавий асбоб-ускуна ва технологиялар билан таъминлаш, билимли ва тажрибали мутахассисларни тайёрлаш борасида бир қатор ютуқларга эришилмоқда. Бу йўналишга салмоқли маблағлар ажратилиб, инвестициялар жалб этилаяпти. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказидаги бу қулайлик ҳам мана шу ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.
-Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) қўшма лойиҳаси асосида ўтган йилнинг декабрь ойида Германияда бўлиб, мазкур мамлакат тиббиёти ютуқлари, шу жумладан, мамлакатимиз тиббиёти равнақига йирик сармоялар ажратаётган билан KfW тараққиёт банки фаолияти батафсил танишган эдик, - дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Тўлқин Расулов. – Мазкур банк кўмагида келтирилган мазкур замонавий ускуна марказимиз фаолиятини такомиллаштириш, беморларга аниқ ташхис қўйишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Марказимизда МРТ текширувига беморлар имтиёзли ордер асосида қабул қилинади.
Мазкур ускунанинг фойдаланишга топширилишига бағишланган тантанали маросимда вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Йўлдошев иштирок этди.

Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.

05-05-2020 |

Янгиликлар









Фото галерея