(намуна)

Қамаши туманидаги 61-сонли умумтаълим мактаби битирувчиси Мусурмонов Асилбекнинг отаси Мусурмонов Баҳромга

Ҳурматли Баҳром ака!

Ота-она учун фарзандининг камолини кўришдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Ўғлингиз Асилбек ҳам ўрта мактабни тугаллаб, эзгу орзу умидлар билан катта ҳаёт остонасида турибди.

Биз ота-оналарнинг бахтимиз шундаки, ўз ёшларини мамлакатни ривожлантирувчи куч сифатида ардоқлайдиган Ватанда яшамоқдамиз. Мамлакатимизда ёшларнинг таълим-тарбияси, касб-ҳунар ва илм эгаллаши, қизиқишларини руёбга чиқариши, бандлигини таъминлаш масалалари, умуман уларнинг жисмоний ва маънавий камолга етишишларига алоҳида эътибор қаратилган.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар бир чиқишларида албатта, ёшлар масаласига алоҳида тўхталадилар. Шу сабабли ҳам бугунги кунда мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда азму шижоатли ёшларимизнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда.

Баҳром ака, ишонаманки, азиз фарзандингиз Асилбек ҳам ўзининг эзгу орзу-мақсадларига эришиб, жамиятда муносиб ўрин эгаллайди. Бу йўлда уни қўллаб-қувватлаш энг муҳим вазифадир.

Негаки, таҳлилларга кўра аксарият жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ўз иш ўрнига эга бўлмаган, ҳаётда ўрнини тополмаган ёшлар томонидан содир этилмоқда. Ёш авлоднинг қалби ва онгини эгаллашга , уларни заҳарлашга қаратилган маънавий таҳдидлар тобора авж олиб бормоқда.

Ана шундай мураккаб вазиятда Сиз билан биргаликдаги асосий вазифамиз фарзандларимизни ёт таъсирлардан асраш, оиласи ва Ватанига садоқат руҳида тарбиялашдир. Зеро, эртанги кунимизнинг  ёруғ ва фаровонлиги бугун фарзандларимизнинг қандай инсон бўлиб камолга етишишларига бевосита  боғлиқдир.

Ўзингиз яхши биласиз, янги ҳаёт остонасида турган ҳар бир йигит-қизда ўқисам ёки ишласам, оиламга , элу юртимга нафим тегса, деган ният бўлади. Мен ҳам шу ҳудуд раҳбари сифатида фарзандингиз бандлигини таъминлашни ўз зиммамга оламан. Ҳар бир хонадон кесимида юритиладиган “Ёшлар дафтари”га киритган ҳолда унинг бандлигини таъминлашни ўз назоратимга оламан. Бу борада вилоятимизда аниқ механизм ишлаб чиқилган бўлиб, босқичма-босқич ҳар бир ёшнинг бандлигини таъминлашга эришиш учун асосларимиз етарли.

Жумладан, имтиёзли кредитлар билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, дастлабки иш бошлаётганларни қўллаб-қувватлаш борасида бор имкониятларимизни сафарбар этаман.

Шундай экан, келинг, фарзандимизнинг қизиқиши ва истагига қараб профессионал таълим муассасаларида талаб юқори бўлган касб ва мутахассисликларига эга бўлиши учун биргаликда ҳаракат қилайлик.

Агар ўғлингиз хорижий мамлакатда ишлаш ниятида бўлса, давлатимиз томонидан Мудофаа вазирлиги тизимида йўлга қўйилган янги тартиб асосида қисқа муддатли касб-ҳунар ва тил ўргатиш махсус курсларида ўқиши мумкин. Давлатимиз билан шартнома тузган, ишончли чет эл компанияларига махсус тайёрловдан ўтган, тил ва касб ўрганган ўғил-қизларимиз марказлашган ҳолда юборилса, албатта, ўз меҳнатига муносиб ҳақ олиши ҳамда ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши ҳам кафолатланади. Асло, айрим фирибгарларнинг алдовига учиб, ноқонуний йўллар билан хорижга ишлашга кетишига йўл қўйманг!

 Баҳром ака, Давлатимиз раҳбари Мустақиллигимизнинг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан табрик сўзида “Миллий мустақиллигимизнинг бош мақсади юртимиздаги ҳар бир инсоннинг иззат-ҳурмати ва қадр-қимматини жойига қўйишдан иборатдир”, деб алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Мен ишонаман, фарзандингизни билим олиши, касб-ҳунарга ўрганиши, ишга жойлашиши, уй-жой билан таъминлаш ҳамда ўз бизнесини йўлга қўйиши борасида биргаликда ҳаракат қилиб, бамаслаҳат иш олиб борсак, унинг фикрига қулоқ солсак, ташаббусларини қўллаб-қувватласак, албатта, эртага ўз самарасини беради. Сизу бизнинг бу саъй-ҳаракатларимиз фарзандимизнинг жамиятга наф келтирадиган инсон бўлиб етишиши, рақобатбардош бўлиб улғайиши, ҳаётда ўз ўрнини мустаҳкам эгаллашига замин яратади.

          Ҳурмат билан, Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев

Фото галерея