Ассалому алайкум, ҳурматли тантанали йиғилиш қатнашчилари!

Қадрли дўстлар!

Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб, Ватанимиз янги тарихидаги қутлуғ сана – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги кенг нишонланмоқда.

1992 йилнинг 8 декабрь санаси ўзбек давлатчилиги тарихида туб бурилиш ясаган, яъни, тараққиётимизнинг ҳуқуқий кафолати бўлмиш - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун сифатида муҳрланди.

Бош Қомусимиз ўзбек миллатининг тарихий анъаналари, ҳуқуқий тафаккури ўз аксини топган. Қарийиб 3000 минг йиллик тарихга эга “Авесто”, сўғд ҳужжатлари, Низомулмулкнинг “Сиёсатнома”, Бурхониддин Марғинонийнинг ”Ал-ҳидоя”си, Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари” каби тарихий манбаларга асослангани, ривожланган давлатларнинг тарихий тажрибасига таянгани сабабли умуминсоний, умумбашарий қадриятларни ўзида мужассам этган инсонпарвар ҳужжат эканлиги билан бетакрордир.

Конституциямизда инсон - энг олий қадрият сифатида эътироф этилган. Айнан 13-моддасида “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва Қонунлар билан ҳимоя қилинади” – деб кафолатланган.

Айниқса, кейинги 3 йилда Халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг ташвиш-муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилиш барча буғиндаги бошқарув идоралари фаолият мезонига айланди.

Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан  “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”- деган принципга асосланган жаҳон давлатчилик амалиётида муқобили бўлмаган  мутлақо янги тизим бир қатор давлатлар томонидан юксак эътироф этилмоқда.

Бу йилги байрам муҳим сиёсий жараён –Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловлар арафасида нишонланаётгани билан аҳамиятлидир.

Янгитдан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов кодекси” бу жараённи “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик принципларига асосланган ҳолда ўтказилишига мустаҳкам замин бўлди.

Қадрли меҳмонлар! Конституциямизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик масалаларига алоҳида урғу берилган, унда миллат, динларнинг тенг ҳуқуқлилиги кафолатланади.

Бугун мамлакатимизда 16 та диний конфессиялар ва 150 дан ортиқ миллий марказлар, вилоятимизда эса 5 та миллий маданий марказ, 182 та ислом динига мансуб, 2 та ноисломий диний ташкилотлар фаолият олиб бораётгани миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликнинг  давлат сиёсати даражасида эътибор берилаётганлигини англатади.

Мазкур масалада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан  2018 йилнинг 12 декабрида БМТ томонидан қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисидаги” резолюция  терроризм, экстремизм, зўравонлик, муросасизлик каби бугунги куннинг ўткир муаммолари ечими, турли миллат ва конфессиялар ўртасида ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлашга асос бўлиб хизмат қилишига шак-шубҳа йўқ.

Бугунги кунда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларга кенг йўл очиш,  тадбиркорларнинг мулкий даҳлсизлигини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Айниқса, солиқ тизимининг ислоҳ қилиниши, рухсат берувчи ҳужжатларнинг соддалаштирилиши тадбиркорлик субъектларини текширишга икки йиллик мараторий эълон қилингани соҳа ривожига кенг йўл очди.

Бу каби имкониятлар натижасида вилоятимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг вилоят ялпи ички маҳсулот таркибидаги улуши 61 фоиздан ортди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг 90 фоизидан ошиғи фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Қадрли ватандошлар!

Гап Конституция берган имкониятлар тўғрисида кетар экан, шу ўринда ёшларнинг иқтидор ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оилаларга арзон уй-жойлар ажратиш, хотин-қизлар учун муносиб иш жойлари яратиш тизимларининг жорий қилингани фуқароларимизнинг азалий армонларини рўёбга чиқариш имконини бермоқда.

Қашқадарё халқи азалдан ўзининг мард ва танти ўғлонлари, захматкаш деҳқонлари, забардаст аллома ва аждодлари билан ўз ўрни ва салоҳиятига эга.

Бугунги кунда Амир Темур, Абу Муъин Насафий, Абдулла Орипов каби аждодларига муносиб фаолият юритаётган 6 та олий таълим муассасаларидаги зиёлилар, 1144 та мактаб ва 88 коллежлардаги педагогларнинг меҳнати самараси улароқ вилоятда 22 нафар “Зулфия” мукофоти номзодлари, 1398 нафар давлат мукофоти совриндорлари бизнинг ифтихоримиздир.

Тиббиёт соҳасида охирги 3 йилда ажратилган 347,6 млрд. сўм ҳисобига 76 та муассасалар таъмирланди, 5,5 млн. АҚШ долларига тенг тиббиёт ускуналари ўрнатилди.

Шахсан Президентимиз ташаббуслари билан фуқароларимиз саломатлигининг кафолати бўлган тоза ичимлик суви таъминотини яхшилашга 370 млрд. сўмлик давлат маблағлари ажратилди.

Ёшларнинг болаликдан бошлаб беками-кўст тарбия билан қамраб олиш мақсадида ўтган 2 йилда вилоятда жами 820 мактабгача таълим муассасалари ишга туширилди.

Аҳамиятлиси уларнинг 767 таси хусусий муассасалардир.

Мазкур тадбир самарасида вилоятда мактабгача ёшдаги болаларнинг мактабгача таълим муассасаларга қамрови 2016 йилдаги 12 фоиздан, 38 фоизгача, яъни 3 баробарга ошди.

Мамлакатимизда яратиб берилган имкониятлардан самарали фойдаланиб спорт соҳасида муваффақиятлари билан кўксимизни ғурурга тўлдираётган фарзандларимиз орасида 324 нафар жаҳон чемпионлари, 569 нафар Осиё ва 10 мингдан ортиқ Республика чемпионлари борлиги барчамизни қувонтиради.

Шунингдек, эл дастурхонини тўкин қилишга бел боғлаган фермерларимиз томонидан дастлаб пилла, кейинчалик ғалла режаси ортиғи билан бажарилиб, жами 964 минг тонна сара дон етиштирилди.

Мева-сабзавот, гўшт, сут, тухум етиштириш кўрсаткичлари ўтган йилларга нисбатан 143 фоизга кўпайди.

Бу муваффақиятлар замирида сиз  - азиз вилоятимиз фаоллари ва мехнаткашларининг фидокорона меҳнатлари борлиги инобатга олиниб жорий йилда 34 нафар вилоятимиз вакиллари ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирландилар.

Фурсатдан фойдаланиб, ўтиб бораётган йилни муваффақиятли якунлашга қўшган муносиб ҳиссангиз учун сиз азиз фаолларга, зиёлилар ва илм-фан фидойиларига, тадбиркор ва фермерларга, тиббиёт, саноат, қурилиш соҳаси вакилларига;

Эл-юрт тинчлиги йўлида тунни-кунга улаб, ўз вазифаларини шараф билан уддалаётган харбийларимизга, давлат хавфсизлик хизмати, прокуратура, ички ишлар, миллий гвардия, суд, адлия ва солиқ идоралари ходимларига миннатдорчилик билдирамиз.

Бугунги дориломон кунлар шукронасини қилиб, бизга йўл-йўриқ кўрсатаётган, ўзларининг дуолари билан барчамизга кув-қувват ва мадад бераётган фахрийларимиз, нуроний отахону-онахонларимизга узоқ умр, мустаҳкам соғлик тилаймиз.

Азиз байрам қатнашчилари!

Сизларни, сиз орқали бутун вилоятимиз аҳлини Қомусимиз қабул қилинган кун билан самимий табриклаймиз.

Барчангизга соғлик, саломатлик, ишларингизга барака ва унум тилаймиз.

Нуроний отахону-онахонларимизнинг эзгу дуолари ижобат бўлсин. Бугунги фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо,  дастурхонларимиз тўкин бўлсин.

Эътиборларингиз учун раҳмат!

08-12-2019 |

Янгиликлар









Фото галерея