Китоб тумани марказида пештоқида “Мерос”, “Анор”, “Зар тола”, “Иссиқ нон”, “Камалак”, “Мингчинор”, “Ойна” “Маржон” “Нур”, “Садаф” ёзиб қўйилган бинолар бор. Бу чиройли ўзбекона сўзларни ўқиш билан кишининг дили ором олади, маъноларини ўйлаб кетади. Ҳар бир сўз ниманидир эслатади, ниманидир ёдга солади, энг муҳими, аксарият сўзлардаги мазмун бино ичкарисидаги иш фаолияти ҳақида тасаввур уйғотади. Шу тариқа пештоқлардаги ном дастлабки ташвиқот, тарғибот ролини бажаради.
Баъзан эса пешлавҳаларнинг чет тилларида ёзилганини кўрасиз. Сўзларнинг маъносини бирда тушуниб, бирда тушунмайсиз. Гоҳида ўзбекча сўзлар бошқа тиллардаги сўзлар билан қоришиб кетади.
Энг ёмони, айрим ёзувларда имло хатоларининг борлиги. “Ҳ” билан “х”ни, “у” билан “ў”ни алмаштириб юбориш ва ҳоказолар. Ташқи ёзувларнинг нозик томони шундаки, унга ҳамманинг кўзи тушади, ҳамма ўқийди. Аксарият ёш болалар бу ёзувлар қандай бўлса шундайлигича қабул қилади, хато ёзилганини ҳам тўғри, деб ҳисоблайди. Шунинг учун бинолардаги пешлавҳалар, эълонлар, билдиргиларни тайёрлашда саводхонликнинг аҳамияти катта.
Ёзувларнинг рисоладагидай бўлиши кўп ҳолларда ташқи тарғибот воситалари тайёрлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлар фаолияти билан боғлиқ. Китоб тумани ҳокимлиги, Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, адлия, архитектура бўлимлари, туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари ҳамкорлигида ташқи тарғибот воситаларини тайёрлаб берувчи тадбиркорлар фаолияти билан танишилганда ана шулар ҳақида тушунча берилди.
Якка тартибдаги тадбиркор Миршод Жабборов туман ҳокимлигида давлат тили масалаларига бағишлаб ўтказилган семинарда иштирок этиб, бу ҳақда кўпгина маълумотларга эга бўлганлигини айтди. Эътиборли томони шундаки, улар фаолиятлари орқали китоб тарғиботи билан ҳам шуғулланишяпти. Алишер Навоийнинг “Хамса”си, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”и, Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” асарларининг замонавий усулда рамзий муқоваларини тайёрлашибди. “Буларни ижодий кечалар, турли тадбирларда фойдаланиш учун буюртма беришган”, дейди Миршод Жабборов. Аммо айрим тарғибот воситаларида имло хатолар бор, шу билан бирга ўзбек тилида муқобили бўла туриб бошқа тиллардаги сўзлар ишлатилган.
Тадбиркорлардан яна бири Адҳам Холиқов билан суҳбатлашиб, пешлавҳалардаги имловий хатоларни кўрсатдик. “Буларни, албатта, тўғрилайман. Биз тайёрлаган маҳсулотларда давлатимиз тилининг мавқеи кўриниб туришини мен ҳам истайман”, деди у.
“Dizayn siti” хусусий фирмаси ходими Шавкат Холиқов ҳам мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш бўйича қилинаётган ишлардан хабардор экан. Фирмага кираверишдаги лотин ёзувида ёзиб қўйилган тарғибот воситаси анча олдин тайёрлангани, яқин кунларда бошқасига алмаштиришини айтди.
Тадбиркорлардан яна бири Қаҳрамон Ашуровнинг эътиборини йил ёзувларидаги хатоликларга қаратдик. Баъзан оддийгина туюлган кичкинагина нуқта ёки вергулнинг ўзи бутун бошли гапнинг мазмунини ўзгартириб юборади. Айни пайтда умумтаълим мактабларидаги ана шундай камчиликлар тузатиляпти.
Фан-техника тараққиёти туфайли тилимизга четдан сўзлар оқими шитоб билан кириб келяптики, ҳатто тилчиларни ҳам шошириб юборяпти. Ана шундай шароитда четдан кирган сўзларни ўринли ишлатиш билан бирга она тилимизнинг бой имкониятларидан самарали фойдаланишнинг аҳамияти катта. Худди шу мақсадда ташқи тарғибот воситалари тайёрловчи тадбиркорлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Гуландон Сатторова телеграмда “Ташқи реклама” гуруҳини ташкил этиб, тадбиркорларнинг ҳар бирини гуруҳга аъзо қилди. Буюртмаларни сифатли, мазмунли, бехато чиқиши учун уларнинг ижтимоий тармоқ орқали мутахассислардан тезкор маслаҳат олиши йўлга қўйилди.
Мамлакатимизда ташқи тарғибот воситаларини тартибга солиб турувчи “Реклама тўғрисида”ги, “Давлат тили тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа бир қатор меъёрий ҳужжатлар мавжуд. Айниқса, рекламаларни тайёрлаш, ўрнатиш, уларнинг мазмун-моҳияти, ўрнатиладиган жой, эгалиги ва ҳоказолар билан боғлиқ масалалар борки, буларнинг ўзи бир мавзу.
Нафсиламбирини айтганда, ҳали пешлавҳалардаги турли эълон, билдирги ва бошқа ёзувларда хато ва камчиликлар кўп. Юртини, элини, ўз она тилини севган ҳар бир киши бундай ёзувларга бефарқ бўлмаслиги, уларда миллий руҳ акс этиб туриши учун жон куйдириши керак. Нима бўлганда ҳам ўзбек тилини давлат тили сифатидаги нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ташқи тарғибот воситалари қандай шаклда бўлишидан қатъий назар амалдаги қонунларга мувофиқ бўлишини тақозо этади. Чунки реклама – маънавият, маданият, маърифат белгисидир.
Лола ЎРОҚОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.