Аввал хабар берганимиздек, Қашқадарё вилоят тери-таносил касалликлари диспансерида Россия Федерацияси Педиатрия марказининг етук мутахассислари томонидан “Буллёзли эпидермолиз” билан касалланган беморларни парваришлаш бўйича маҳорат дарслари ва беморлар кўриги ташкил этилди.

Мазкур тадбирга россиялик малакали мутахассислар Анастасия Сабитова, Алексей Туркин, Лидия Делишевская, Ольга Орлова, Юлия Матвеева ва Малика Денисова ташриф буюрдилар.

Меҳмонлар дастлаб вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Дониёр Турсунов қабулида бўлишди. Бошқарма бошлиғи уларга ташриф учун миннатдорлик билдириб, хайрли ишларида муваффақият тилади.

Диспансерда ўтказилган кўриклар давомида россиялик мутахассислар буллёзли эпидермолизга чалинган 30 нафар болани кўрикдан ўтказиб, тегишли тавсияларни беришди. Бундан ташқари бошқа тери-таносил касалликларига чалинган 50дан ортиқ беморлар ва уларнинг парваришловчиларига маслаҳатлар берилди.    

–“Буллёзли эпидермиолиз” – генетик ва клиник жиҳатдан гетероген бўлган касалликлар гуруҳи бўлиб, тери ва шиллиқ қаватларда пуфакчалар ва эрозиялар ҳосил бўлиши, тери тез шикастланиши ва аҳамиятсиз механик жароҳатларга ҳам таъсирчан бўлиши унга хосдир, – дейди россиялик мутахассис Алексей Туркин. – Баъзан тери ва шиллиқ қаватларда пуфакчалар ва эрозиялар жисмоний, кимёвий ва ҳарорат таъсирида ҳам ҳосил бўлади. Ҳосил бўлган шикастларни (очиқ жароҳат жараёнида) доим махсус боғлама матолар билан ёпиш зарур. Шу билан уни қайта шикастланишдан ҳимоя қилинади.

–Уларнинг терисини капалак қанотига тенглаштириб, бу касалликка чалинганларни мажозий маънода “капалак” деб аташади, – дейди Россия Федерациясидаги “Дети-бабочки” хайрия фонди тиббий дастури раҳбари  Анастасия Сабитова. – Бундай беморлар парвариши – ўта нозик иш, у шифокорлар, ҳамширалар ҳамда ота-оналардан жуда катта эътибор талаб қилади. Бугунги тадбирлар давомида тиббий кўриклар билан бир қаторда мутахассисларимиз томонидан бундай парваришнинг нозик жиҳатлари амалий тарзда кўрсатиб берилди.

–Кузатишларимиздан кўринадики, бу ирсий-генетик касаллик айниқса, эр-хотин яқин қариндош бўлган оилаларда кўп учрайди, – дейди вилоят тери-таносил касалликлари диспансери бош шифокори Аширали Холиёров. – Шу боис ҳам бу касаллик ҳақида нафақат беморларнинг яқинлари, балки никоҳланувчи ёшлар ўртасида ҳам кенг тарғибот ишларини олиб бориш зарур. Бугун мутахассислар томонидан бу борада зарур қўлланмалар ҳам тарқатилди. Навбатдаги тиббий кўрик ва сабоқлар Шаҳрисабз шаҳридаги вилоят тери-таносил касалликлари шифохонасида давом этади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 сентябрдаги “Кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси ҳамда республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруқлари ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.

 

Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш

бошқармаси ахборот хизмати раҳбари

Нуриддин Эгамов

 

01-02-2020 |

Янгиликлар









Фото галерея