Ассалому алайкум азиз ҳарбий хизматчилар, муҳтарам соҳа фахрийлари.

Байрам тадбирининг қадрли иштирокчилари!

Мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида матонат ва жасорат билан хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларни, аксар ва офицерларни, уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни умумхалқ байрами билан самимий табриклайман.

Ҳар бир халқнинг, миллатнинг куч-қудрати манбаи, бу -  тинч ва осойишта ҳаётини кўз қорачиғидек асраш масъулиятидир. Бугун дунё миқёсида кечаётган воқеаларни кузатиб, тезкор ахборот асридаги жараёнларни таҳлил қилиб, шуни чуқур англаймизки, тинчликдан ортиқ бебаҳо неъмат йўқ.

Тинчлигимизни сақлаш ва уни асрашдек муқаддас бурчни адо этаётган, сарҳадларимизнинг осойишталигини таъминлаётган соҳа ходимларига, ҳарбий хизматчиларга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига халқимиз номидан чексиз миннатдорчилик билдирамиз. Муқаддас қасамёдига содиқ қолиб, хизмат бурчини шараф билан бажараётган – Ватан ҳимоячилари билан фахрланамиз.

Сизнинг иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демасдан, ҳаловатдан кечиб, ерда ҳам, кўкда ҳам ҳамиша сергак туриб қилаётган меҳнатингиз эвазига она халқимиз осойишта ҳаёт қуршовида яшамоқда, эртанги орзу-умидлари рўёби учун ҳаракат қилаяпти.

Биз истиқомат қилаётган муқаддас заминда улуғ аждодларимизнинг, ҳар бир ишида ўзига хос мактаб яратган азиз зотларнинг бой маданий мероси бор. Ҳарбий салоҳияти ва тажрибаси, илми билан қудратли мамлакат барпо этган Амир Темур, ватанпарварлиги билан шуҳрат қозонган Жалолиддин Мангуберди каби миллатимиз қаҳрамонларнинг меросини ўрганиш орқали, давр тарихи, ҳарбий салоҳияти, маданияти, маънавияти ҳақида ўрганамиз ва татбиқ этамиз. Ёшларимиз қалбида шу азиз ватаннинг ҳар қарич тупроғини асрашдек азми шижоатни шакллантиришда фойдаланамиз.

Давлатимиз раҳбари айтганларидек: "Ватанпарварлик ҳисси, аввало буюк тарихимиздан, аждодлар жасоратидан озиқланади”.

Биз ҳақли равишда фахрланамиз, бугун ҳарбий хизматчи бўлиш – муқаддас бурчга айланган. Меҳр муҳаббати, маҳорати ва билимини Ватанимиз хавфсизлигини таъминлашга,  фаровон ҳаётимизни муҳофаза қилишга сафарбар этаётган аскарлар ва офицерлар, ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун замонавий шарт-шароитларни яратиш ишига устивор аҳамият қаратилмоқда.

Қадрли дўстлар!

"Миллий армиямиз – бизнинг ифтихоримиз ва ғуруримиз” тамойили асосида мудофаа соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, армия ва халқнинг якдиллигини таъминлаш, аҳолининг бу борадаги хабардорлигини ошириш мақсадида  ҳудудларда ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. 

2022 йил давомида вилоят ҳарбий – маъмурий секторини ривожлантириш жамғармасидан ҳарбий шаҳарча, полигонлар инфратузилмасини ривожлантириш, хизматчилар учун муносиб шароитларини яратиш мақсадларига 43 млрд сўм маблағ йўналтирилди.  164 нафар ҳарбий хизматчилар оиласи уй-жой билан таъминланди. Шунингдек, 500 нафарга яқин ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ўз соҳалари бўйича иш ўринларига жойлаштирилди.

2023 йил - “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да маррани баланд оламиз. Халқимиз билан ҳамфикр бўлган ҳолда, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик, миллий ўзлик ва эзгу қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш барчамизнинг энг муҳим вазифамиз эканини таъкидлайман.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий бош қўмондони, муҳтарам Президентимизнинг кўрсатма ва тавсияларини сидқидилдан бажариш мақсадида:

ўғил-қизларимизни турли таҳдидларга қарши илм ва билим билан қуроллантириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва спортнинг оммавийлигини таъминлаш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор инновацияларни кенг татбиқ этишга зарур манбаларни сафарбар қиламиз.  

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.

Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Илм ва билим — ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг! - ҳурматли Президентимизнинг бу даъватларига «лаббай» дея жавоб берган ҳолда, “Темурбеклар мактаби” ҳарбий таълим масканларининг фаолиятини такомиллаштириш ва соҳага қизиқувчан ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Қарши шаҳридаги “Ватанпарварлар боғи” ва “Қатағон қурбонлари” музейларида режа асосида барча ёшларнинг саёҳатини уюштириш,  бу ердаги ватанпарварлик ғояларини кенг тарғиб қилиш бўйича алоҳида тадбирлар амалга оширилади.

Вилоят театрида саҳналаштирилган, миллий қаҳрамонларимизнинг ҳаёти, фазилатлари ҳақида ҳикоя қилувчи «Алпомиш», “Амир Темур” каби тарихий саҳна асарлар намойишини мунтазам ташкиллаштирамиз, олис ҳудудларда яшовчи ёшлар учун кўчма театрлар фаолиятини йўлга қўйилади.

Ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлиш – давр талаби! Ҳар бир ўғил-қизнинг тақдири ҳақида қайғуриш, уюшмаган ёшларни алоҳида эътиборга олиб, улар билан мунтазам шуғулланиш, бу борада ватанпарварлик тимсоли бўлган  жадид боболаримизнинг ҳаёти ва ижодини кенг ўрганиш, бир сўз билан айтганда “Жаҳолатга қарши маърифат билан” тамойилини кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

“Уч авлод учрашувлари” орқали ёшларни тарих билан янада кенгроқ таништириш каби вазифаларни долзарб деб биламиз.  

Азиз дўстлар!

Мард, жасур, довюрак аскар ва сержантлар, офицерлар, Қуролли Кучларимиз хизматчилари ва фахрийлари!

Яна бир бор, барчангизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан табриклайман. Мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман.

Она халқимизнинг юксак ишончини оқлаш ва касбингиз ортидан роҳат топиш насиб қилсин.

Ватанимиз шону шавкатини юксалтиришдек эзгу йўлда ҳамиша мардона бўлинг.

Байрамингиз муборак, азиз Ватан ҳимоячилари!

Эътиборингиз учун раҳмат!

14-01-2023 |

Янгиликлар









Фото галерея