«ИЛҲАҚ»  ни кўриб...

«ИЛҲАҚ» ни кўриб...

15-05-2020 | Ижтимоий | 125

Сўнгги йилларда биз оила аъзоларимиз билан бунчалик таъсирли, ватани учун жонини фидо қилганлар ҳақидаги фильм кўрмаган эдик. 9 май -Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан телевидение орқали намойиш қилинган “Илҳақ” бадиий фильмини ҳаммамиз кўзида ёш билан томоша қилдик. 

Фильмни кўриб туриб, раҳматли онамни зор йиғлаб турган сиймолари эсимга тушди. Тоғам Рўзибой Омонов ҳам биринчилардан бўлиб урушга кетганлардан. У киши Иккинчи жаҳон урушида полк командири бўлиб хизмат қилганлигини, немислар томонидан асир олиниб, бедарак кетганликларини онаизорим йиғлаб гапириб берардилар. Раҳматли момом 1948 йилгача, яъни вафот этгунларига қадар доим ўғлим келади, деб илҳақ  йўл қараган эканлар.

Фильм ҳақида гапирадиган бўлсак, Юсуф ва Чорининг дўстлигига бир эътибор қаратинг. Чори дўстидан келган қора хатни ҳеч кимга кўрсатмай, дарёга улоқтириши, дўстини доим тирик ҳис этишининг бир рамзидир. Фильм давомида Зулфия момонинг биттагина сигири бўлиб, унинг сутини набираларига бермасдан қишлоқдаги фуқароларнинг очарчиликдан асраб қолганлиги, бирин – кетин беш нафар фарзандини фронтга юбориб, тўртта ўғлига қора хат келиб, фақат биргина Юсуф ўғлига келмаганлиги учун уни кутиб яшаганлиги ниҳоятда таъсирли ишланган. Томоша чоғида фарзандларим Чори қора хатни отиб юборганлиги учун уни қоралай бошлашди. Унинг ҳатти ҳаракатларидан норози бўлиб гапира бошлашди.

“Илҳақ”ни кўриш жараёнида фарзандларим бир – бирига гап бермай баҳслашаётган саволларга ечим топилди. Кенжа ўғлининг қабр тупроғини қўлига олган она ногирон эмас, соғлом (нафақат жисмонан соғлом, руҳан, маънавияти ҳам соғлом) ўғилларни берган Оллоҳга шукрона айтганча омонатини топширди...

Уруш йилларида халқимизнинг фронтда ва фронт ортида кўрсатган жасоратларини албатта, биргина фильм орқали тўла қамраб олиш қийин. Аммо бир нарсани ишонч билан айта оламанки, “Илҳақ” бугунги ёшларга иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбек халқининг кўрсатган жасорати, фронт ортида қилган машаққали меҳнати, саховати, меҳр – оқибати ҳақида маълумот бера оладиган, Зулфия момо сингари матонатли, унинг келинлари сингари садоқатли ўзбек аёлларининг одамийлик жиҳатларини ҳаққоний ёритиб берган кино бўлганлигидан барча оила аъзоларимиз билан мамнун бўлдик.

Ғайрат Иргашев

Қарши туман ҳокими маслаҳатчиси

Фото галерея