Мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бугунги кунда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан. Ўз навбатида Қашқадарё вилояти ҳокимининг тадбиркорлар қабулида ҳам вилоят миқёсида инвестицияларни жалб қилиш, бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш борасида кўплаб тадбиркорларнинг муаммолари чуқур таҳлил этилиб, уларни қийнаб келаётган муаммолар ўз ечимини топмоқда. Тадбиркорлар қабулида вилоят ва туман, шаҳар ҳокимликлари, вилоят прокуратура, ИИБ, Савдо саноат палатаси, “Сувоқова” давлат унитар корхонаси, Қурилиш бошқармаси, Молия бошқармаси, Ипотека банк, Агро банк, Микрокредит банк, Ҳалқ банки ва бошқа тегишли ташкилотларнинг вакиллари иштирок этишлари мурожаатларнинг жойида ҳал этилишида катта аҳамият касб этмоқда.

     Кеча, 12 март куни Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев навбатдаги тадбиркорлар қабулини ўтказди. Қабулда вилоят раҳбари 25 нафар тадбиркорлар билан юзма-юз суҳбатлашиб, мурожаатларини бирма-бир тинглади.

    Ўрганилган мурожаатларнинг 17 таси жойида ҳал этилди. 8 та мурожаатлар бўйича давлат хужжатлари асосида ҳуқуқий тушунчалар бериб ўтилди.

    Масалан, Яккабоғ тумани Чинорли маҳалласида истиқомат қилувчи Муҳаррам Усмонова 2018 йилда Яккабоғ тумани Мустақиллик кўчасидаги савдо дўкони бузилиб, шу кунга қадар ҳеч қандай чоралар кўрилмаган эди. Мурожаат жойида кўриб чиқилиб, тадбиркорнинг фаолияти қайта тикланди.

-  Шу кунгача муаммойим ҳал бўлмай келаётган эди, - дейди Муҳаррам Усмонова. – Бўлиб ўтган қабулдан жуда рози бўлдим. Мустақиллик кўчасидан 4 сотих ер майдони ажратилиб, 96 миллион сўм товон пули бериладиган бўлди. Энди товон пули эвазига замонавий савдо дўкони қуриб, тадбиркорлигимни давом эттираман.

“Ўзавтосаноатлизинг” компанияси томонидан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасига 40 та тез тиббий хизмат учун “Дамас” автомашинаси берилган. Ҳозирги кунгача 213 миллион сўм қарздорлик қолган бўлиб, вилоят раҳбарининг ташаббуси билан шу куниёқ вилоят ҳокими фармойишига асосан 213 миллион сўм қарздорлик  “Ўзавтосаноатлизинг” компаниясига тўлаб берилди.

Нишон тумани Қирққулоч қишлоқ фуқаролар йиғинида фаолият олиб борувчи “Ғозиев Бобур-балиқчи” МЧЖ бошлиғи анча вақтдан буён тадбиркорлигини кенгайтириш учун имтиёзли кредит олиш истагида эди. Тадбиркор Ғозиев Бобурнинг талаби жойида ўрганилиб, Ипотека банк вилоят филиалидан 400 миллион сўм имтиёзли кредит ажратиб бериладиган бўлди.

    Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, вилоят раҳбари фуқаролар, тадбиркорлар, ёшу-қари билан очиқ ва амалий мулоқотлар олиб бормоқда. Ўзаро мулоқотлар фуқароларда ҳокимиятга, давлатга, унинг сиёсатига, қонунларга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда. Зеро, ҳар бир мансабдор - фуқаро ҳуқуқи устуворлигини таъминлаши мамлакат тараққиётини таъминлайдиган самарали бошқарув тизимини шакллантирувчи асосий омилдир.

    Маълумот учун, қабулда вилоятдаги Бош вазир қабулхонасига мурожаат қилган тадбиркорлар муаммолари ҳал этилди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Ахборот хизмати

13-03-2020 |

Янгиликлар









Фото галерея