Қашқадарё вилояти Миришкор туманида Марказий банкнинг вилоят бошқармаси ҳамда туман ҳокимлиги ташаббуси билан самарадорлиги кам бўлган 254 гектар ер майдонида барпо этиладиган замонавий комплексни лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди.

Туман иқтисодиёти ва саноатини ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва барқарорлигини таъминлаш мақсадида ҳаётга татбиқ этилаётган мазкур лойиҳага 90 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, шундан 78 миллиард сўми банк кредитлари асосида олинади. Ушбу маблағлар ҳисобига 254 гектарлик комлексда 110 та лойиҳа иш бошлаши  кўзда тутилган. Хусусан, ҳар қайсиси бир гектардан иборат бўлган 52 та лимонарий, 200 гектарлик майдонда эса интенсив усулда бодомзор, ўрикзор ва токзорлар бунёд этилади. Бундан ташқари, мажмуадан паррандачилик фабрикаси, интенсив балиқ кўли, 1000 тоннали совуткичли сиғим, сутни қайта ишлаш ва томат пастасини ишлаб чиқариш мини заводлари ўрин олади. Кооперация атрофига контейнерлар жойлаштирилиб, уларда тикувчилик, тадбиркорликка ўқитиш марказлари, ширинликлар, нон ва нон маҳсулотлари, макарон ишлаб чиқариш, музқаймоқ, қурут тайёрлаш, асал ва писта қадоқлаш, исириқ пресслаш цехлари фаолияти йўлга қўйилади. Замонавий комплек жойлашадиган Қарши-Миришкор йўли ёқасида эса “ақлли бекат”, мини маркет, кафе, шунингдек, ўғит, кимёвий воситалар ҳамда уруғликлар дўкони қуриш режалаштирилган.

          – Ташкил этиладиган лимонарийларда лимонлар ҳосилга киргунга қадар ёнида помидор, бодринг, булғор қалампири каби маҳсулотлар етиштириш мумкин, – деди вилоят ҳокими Зойир Мирзаев. – Шу орқали тадбиркорларнинг лимонарий қуриш учун сарфланган харажатлари қопланиб, фойда олишга ўтилади. Интенсив боғ яратиш ва нав танлашда эса ҳудуднинг табиий иқлим шароитига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бу борада аниқ ва тўғри чора-тадбирлар қўлланилмаса, кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Ҳозирда туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам самарадорлиги кам бўлган яхлит жойларни танлаб олиб, узумчилик, боғдорчилик комплекслари ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Тақдимотда амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳалар, уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш механизмлари ҳамда молиялаштириш манбалари ҳақида маълумотлар берилди. Сўнгра шу жой одамларининг удумига кўра, ерга хайрли иш бошланганини англатувчи рамзий қозиқ қоқилди.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Янгиликлар









Фото галерея