Қашқадарё вилоят ҳокимлиги катта мажлислар залида маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада барқарорлаштириш масаласида кенгайтирилган селектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтказилган йиғилишда шаҳар, туман ҳокимликлари, сектор раҳбарлари ҳамда тегишли давлат ва жамоат ташкилотларининг 2019 йилда олиб борилган ишлар таҳлили ва 2020 йилда амалга ошириш режалаштирилган долзарб вазифалар муҳокама этилди.

Йиғилишда маҳаллаларда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш бугунги замон талабларига мос эмаслиги қаттиқ танқид қилинди.

Қайд этилишича, вилоятда аҳоли сони 3 млн 261 минг 240 нафарни, шундан  1 млн 650 минг 123 нафари эркаклар, 1 млн 611 минг 117 нафари аёллар, вояга етмаган ва 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 1 млн 935 минг 708 нафарни ташкил этади. 77 961 нафар иш топа олмаган ёшлар, 60 565 нафар ногиронлиги бўлган шахслар, 1062  нафар якка ёлғиз ва ўзгалар парваришига муҳтож кексалар, 6 271 та кам таъминланган оилалар, 124 852 нафар ишсиз аҳоли, 127 744 нафар чет элга чиқиб кетган фуқаролар, 30 641 нафар чет элда ишлаб қайтиб келган фуқаролар, 2251 та уй-жойга муҳтож оилалар мавжуд.

Вилоятда 2019 йил якунлари бўйича жамият ҳаётидаги долзарб муаммолар санаб ўтилди:

  • 2019 йил якунларига кўра 768 та маҳалланинг атиги 48 тасида жиноят, нотинч оила, оилавий ажрим қайд этилмаган. 178 та маҳаллада содир этилган жиноятлар сони ошган;
  • вилоят бўйича 417 та маҳаллада нотинч оилалар содир этилмаган бўлсада, 301 та маҳаллада улар сони ортган;.
  • Оилавий ажримлар сони 1507 тани ташкил этган. 261 та хотин-қизлар ўртасида жиноят содир этилган, 166 та ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатилган. Шундан, 67 таси хотин-қизлар ва 29 та вояга етмаганларни ташкил этади.

Таъкидланишича, кўрсаткичлар шуни англатмоқдаки, вилоятдаги ҳар бир  маҳаллада – маҳалла раиси, хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис, профилактика инспектори ва уларнинг ёрдамчилари, маҳалла масъул котиби, 8 та жамоатчилик асосида фаолият юритувчи комиссия аъзоларини, Нуроний ва Ёшлар бўйича ўринбосарларини қўшиб ҳисоблаганда 100 га яқин салмоқли таркиб иши йўлга қўйилган бўлсада жойларда жамоатчилик назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш ишларини бугунги жадал ислоҳотлар даврига мутаносиб деб бўлмайди.

Маҳаллалар зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришлари учун етарлича шароит яратиш бўйича ҳам ишлар ниҳоясига етказилмаган.  Вилоят бўйича жами 768 та маҳалланинг 337 тасининг  ўз биноси йўқ. Бугунги кунда уларнинг 52 таси мактаблар биносида, 24 таси коллежларда, 31 таси тиббиёт муассасаларида ва 230 таси бошқа ташкилотлар биноларида жойлашган.

Ўтган йил давомида тўй-ҳашамларни тартибга солиш, фидойи раислар ва фаоллар меҳнатини муносиб рағбатлантириш ҳамда фаолиятига совуққонлик билан қараб келаётган, ўз вазифасини уддалай олмаётганлар фаолиятига баҳо беришда сусткашликка йўл қўйилган.

Йиғилиш натижасида танқид остига олинган ҳудуддаги долзарб масалалар бўйича комплекс ёндашув йўлга қўйилади:

  • Ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилади, хатлов асосида ҳонадонма – хонадон юриб, ҳар бир маҳалла, қишлоқдаги ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни аниқлаш ишлари амалга оширилади;
  • Хатлов натижасида аниқланган ишсизлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар учун авваламбор мутахассисликлари бўйича иш билан таъминланади, шунингдек уларнинг ҳоҳиш-истакларига кўра қайси йўналишда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширмоқчи бўлса талаб этиладиган маблағ Марказий банк ва барча тижорат банклари орқали ажратилади;
  • Ҳар бир туманда тўй-ҳашамларни ортиқча дабдабаларга йўл қўйилмасдан, Олий Мажлис Сенати қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда ўтказиш бўйича комиссиялар фаолияти йўлга қўйилади;
  • Ҳар бир шаҳар, туманда кутубхона ва сартарашхона, гўзаллик салони мавжуд бўлмаган маҳаллаларда кутубхона ва сартарошхона ва гўзаллик салони қурилиши бўйича таклиф ва лойиҳалар тайёрланади ҳамда қуриб фойдаланишга топширилиши таъминланади;

Шунингдек, йиғилишда топшириқларни амалда тадбиқ этиш бўйича Вилоят ҳокимининг барча ўринбосарлари, котибият мудирлари ва вилоят бошқармалари бошлиқлари маҳаллалаларга бириктирилди.

Таъкидлаш жоизки, танқидий-таҳлилий ўтказилган йиғилиш сўнггида 48 нафар фидойи маҳалла раислари ва фаоллар муносиб рағбатлантирилди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.

17-01-2020 |

Янгиликлар









Фото галерея