Халқимиз азалдан мусиқа санъатини севиб, ардоқлаб келади. Боиси, яхши куй-қўшиқ - дилларга ором беради, чин инсоний туйғуларни камолга етказади.

Қарши шаҳридаги “Одина” мажмуасида вилоят ҳокимлиги ва вилоят Маданият бошқармаси томонидан ташкил этилган “Мақом ва мумтоз наволар” номли концерт дастурида мумтоз ашулаларимиздан жонли намуналар янгради.

Кечанинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, ушбу беқиёс маънавий мероснинг ёшлар тарбиясидаги ўрни катта эканини таъкидлади.

Дастурда “Дунё билар Қашқадарёни”, “Муножот”, “Соқиномаи баёт”, “Ушшоқ” (Ошиқлар), “Қоши ёсинму дейин”, “Бўйларингга”, “Топмадим”, “Қоматинг”, “Дугоҳ Ҳусаний VI”, “Боғишамол” “Ўтдиму”, “Суратинг”, “Тошкент ироғи”, “Улуғбек хазинаси”, “Самарқандга борсам мен агар”, “Кўча боғи”, “Салламно”, “Ўртар”, “Қашқадарёмсан” каби халқ куйлари, ашулалар ва машҳур спектакллардан парчалар ижро қилинди.

Мақом санъатининг тажрибали ҳамда ёш намоёндалари жонли ижрода куйлаган мумтоз куйларнинг ёрқин намуналари инсонлар руҳиятига кўтаринкилик бахш этди, уларнинг қалбида эзгулик, юртпарварлик, меҳр-оқибат каби гўзал туйғуларни уйғотди.

Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Эркин Комилов мақом кечаси меҳмони бўлди. Эркин Комилов "Улуғбек хазинаси" спектаклидан парчани томошабинлар эътиборига ҳавола этди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

15-10-2020 |

Янгиликлар









Фото галерея