Ассалому алайкум ҳурматли йиғилиш иштирокчилари, воҳадошлар!

Куни кеча энг азиз ва энг улуғ байрамимиз Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан Муҳтарам Президентимизнинг мамлакат аҳолисига йўллаган табрикларини барчамиз тўғридан-тўғри онлайн тарзда кузатдик ва янгича форматда ташкил этилган байрам тадбирларини иштирокчиси бўлдик.

Муҳтарам Президентимиз ушбу қутлуғ кундаги табрикларида яна бир бор коронавирус пандемияси билан боғлиқ масалалар – вируснинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги салбий таъсири, ватандошларимизни ушбу инфекциядан сақлаш борасидаги амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва галдаги вазифалар тўғрисида тўхталиб ўтдилар.

Муҳтарам Юртбошимиз шифокорларнинг қанча уринишларига қарамай ҳаётдан кўз юмган юртдошларимизнинг оила аъзолари ва яқин қариндошларига ўзларининг ҳамдардликларини билдирдилар.

Шунингдек, беморларни даволаш жараёнида фидойилик кўрсатаётган шифокорлар фаолиятига қаҳрамонлик дея баҳо бердилар.

Ҳар бир беморни беэътибор қолдирмасдан, кечани кеча кундузни кундуз демай тунни тонгга тик оёқда ўтказиб уринишларимизга қарамай бизда ҳам ўлим ҳолатлари қайд этилди. Ижозатларингиз билан мазкур касаллик билан оламдан ўтган воҳадошларимизнинг оила аъзоларига ўзимни ҳамдардлигимни билдираман. Яратгандан Сизларга сабр тилайман.

Ҳурматли воҳадошлар!

Муҳтарам Президентимиз касалликни ҳали орамизда юрганини, уни кўзга кўринмас бало эканлигини, энг асосийси пандемиянинг дастлабки уч ойида, карантин талабларига максимал даражада риоя этганимизда бизда касалланиш ҳам йўқотиш ҳам ниҳоятда минимал кўрсаткичда қайд этилганини айтиб ўтдилар.

Демак, ушбу вирусни юқтириб олмаслик, уни аҳоли ўртасида кенг тарқалиб кетишини олдини олиш йўли битта – у ҳам бўлса санитария қоидаларига ва сақланиб қолаётган карантин талабларига риоя этиш!   

Бугунги кунда вилоятда жами касалланганлар 967 нафар (748 нафари (77%) эркак, 219 нафари ёки 23% аёл) бўлиб, шундан 55 нафари вояга етмаганлар. Уларнинг 126 нафари (14,3%) чет эл фуқаролари.

Беморларнинг 910 нафари (94%) соғайдилар.

Кеча 1 cентябрь куни 14 нафар бемор тузалиб чиқди.

Беморлар тўғрисида: Бугунги кунда 45 нафар фуқаро (4,6%) стационар шароитда даволанмоқда (34 нафари эркак,            11 нафари аёл). Беморларнинг 3 нафарининг аҳволи енгил даражада, 38 нафари ўрта оғир, 4 нафари оғир. Ўта оғир беморлар йўқ. ИВЛ аппаратига уланган беморлар мавжуд эмас.

4402 нафар фуқаро карантинга олинган (759 нафари (17%) тиббиёт муассасаларида, 3643 нафари (83%) уй шароитида).

Карантинга олинганлар учун 2668 нафар ИИБ, Миллий гвардия, ДХХ, ҳарбийлар жалб қилинган.

Биз жорий йил 25-26 август кунлари барча мактабларда синфлар кесимида ота-оналар мажлисларини ўтказиб, улардан мактаблар фаолиятини анъанавий тарзда очиш ёки ўқишни онлайн тарзда давом эттириш бўйича сўровнома ўтказдик. Ўтказилган сўровномада жами 582 867 нафар (92%) ота-оналар иштирок этдилар.

Шундан 478 280 нафар ота-она (82%) мактаблар ўз фаолиятини анъанавий шаклда сентябрь ойидан тиклаш истагини билдирган бўлса, 104 587 нафар ота-она (18%) фарзандларини онлайн тарзда ўқитиш истагини билдирдилар.

Бизни хурсанд қилгани шуки, 536 237 нафар (97%) ота-оналаримиз фарзандларини мактабларда тиббий ниқоб ва антисептик воситалардан фойдаланиш зарур деб ҳисобладилар. Фуқароларимизни бу жараёнларга нақадар масъулият билан ёндашаётганликларини шу кўрсаткични ўзидан ҳам билиб олишимиз мумкин.

Шундай экан, юмшатилган карантин чекловлари вақтида янада шахсий ҳимоя чораларига эътибор қаратиб, қатъий риоя қилишни давом эттиришларингизни сўраб қоламан.

Фото галерея