Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2018-2022 йилларда футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги № ПП-3610 сонли қарорининг ижроси доирасида ENTER Engineering компанияси "Насаф" клуби билан қиймати 10 миллиард сўмни ташкил этадиган, 2020 йил сўнггига қадар мўлжалланган шартнома имзолади. Бу ҳақда ENTER Engineering матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу маблағлар "Насаф" клубининг моддий-техник, илмий-услубий базасини мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш, ўқув-машғулот жараёнининг юқори сифатини таъминлаш, шунингдек, футболни кенг аҳоли ўртасида оммалаштириш ва тарғиб қилиш учун йўналтирилади.

"Насаф" жамоаси раҳбарияти ўз футбол мактаби базасида ёш футболчиларни тарбиялаш мақсадида легионер футболчилардан воз кечишга қарор қилди.

Таъкидлаш лозимки, айни вақтда қаршиликларнинг 12 нафар футболчиси Ўзбекистон олимпия терма жамоаси аъзоси саналади. "Насаф" бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг кучли ва энг машҳур клубларидан бири ҳисобланади.

Аҳрор Содиқов, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари.

 

17-10-2019 |

Янгиликлар









Фото галерея