Қон топшириш тартиб ва қоидалари ҳақида...

Донорлик – савобли, шу билан бирга, масъулиятли иш. Донор бўлишга қарор қилган одам қони билан оғир аҳволдаги беморлар ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшишини унутмаслиги, ўзига ғамхўрлик қилишни ўрганиши, соғлом турмуш тарзига амал қилиши ва турли зарарли иллатлардан сақланиши зарур.

Хўш, донор бўлишни истаган одам яна қандай қоидаларга амал қилиши лозим? Шу ва бошқа саволларга Республика қон қуйиш маркази сайёр гуруҳи бўлим бошлиғи Зулфия Исмоиловадан батафсил жавоб олдик.

Сиз донор бўлсангиз, демак, соғломсиз!

— Содда қилиб айтганда, донорлик – эҳсоннинг бир тури. Қон ва унинг таркибий қисмлари юқори технологик операцияларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади. Улар орасида трансплантациялар, йўл транспорт ҳодисалари туфайли ўтказилиши талаб этиладиган травматологик операциялар, туғруқ жараёнлари каби мураккаб амалиётлар бўлиб, беморга тезроқ қон қуйилмаса, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаслиги мумкин.

Донор ўз қонини унга муҳтожлар учун берар экан, бу хайрия ўзига ҳам, беморга ҳам зарар етказмаслиги жуда муҳим.

Агар бирон бир сабабга кўра сизга қон топшириш учун рухсат берилмаса, шифокор тавсияларига амал қилиш керак. Инсон соғлом бўлсагина донорлик қила олади.

Донор бўлишнинг 4 олтин қоидаси

— Қон топширувчи амал қилиши керак бўлган оддий қоидалар бор. Уларга риоя этилар экан, донор бўлишга ҳеч нарса монелик қилмайди:

1. Донор қон орқали юқадиган вирусли гепатит "Б", "C" ва ОИВ каби қатор инфекциялардан холи бўлиши керак.

Бундай хавфли касалликларни юқтиришнинг олдини олиш учун таносил хасталикларидан ҳимояланиш чораларини кўриш, инъекция учун фақат бир марта ишлатиладиган шприцлардан фойдаланиш, тиббий кўрик ва муолажалар пайтида тиббиёт ходимларига донор эканлигингизни эслатиб қўйиш орқали улардан фақат бир марта ишлатиладиган, стерилланган анжомлардан фойдаланишни сўрашингиз лозим. Сартарошхона ва гўзаллик салонларида ҳам иш асбоблари стерилланганига аҳамият беришни унутмаслик керак.

2. Қон ёки унинг таркибий қисмларини топширишда вақт оралиғига амал қилиш шарт.

Донор йилига 4 мартагача қон топшириши мумкин. 5-донорликдан сўнг камида 3 ойлик танаффус қилиш, қон топширилганидан камида 30 кун ўтиб, плазма топширишга рухсат берилади.

3. Қон ёки унинг таркибий қисмлари топширилган куни қуйидаги кўрсатмаларга амал қилиш лозим:

- қон топшириш куни албатта нонушта қилиш, чекмаслик шарт. Қолаверса, бир неча кун олдин спиртли ичимликлардан воз кечиш керак;

- имтиҳонлар, мусобақалар, бирон бир лойиҳани амалга оширишдан аввал, айниқса, оғир жисмоний меҳнат шароитида қон топшириш тавсия этилмайди.

4. Тўғри овқатланиш тартибини йўлга қўйиш муҳим.

Донорнинг рационида доим қондаги гемоглобин даражасига таъсир қилувчи протеин моддасига бой бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари: гўшт, лавлаги, ясмиқ, ловия ва барча дуккакли экинлар, балиқ маҳсулотлари бўлиши мақсадга мувофиқ.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати

06-02-2023 |

Янгиликлар









Фото галерея