Акциядорларнинг ҳуқуқлари

Акциядорларнинг ҳуқуқлари

16-09-2020 | Ижтимоий | 186

Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг Қашқадарё вилоят бошқармаси ўзининг иш фаолиятини “Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” 2019 йил 24 январдаги ПҚ-4127-сонли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 августдаги 650-сонли қарорларида белгиланган вазифалар асосида амалга оширмоқда.

Бошқарма томонидан қимматли қоғозлар эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш юзасидан2020 йилнинг ўтган даврида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, “Касби пахта тозалаш” АЖнинг бир гуруҳ акциядорлари жамият акциядорларининг кун тартибига йирик битим тузиш масаласи киритилган умумий йиғилишида қарши овоз берганлиги, лекин акциядорларга уларнинг талабномаларига асосан уларнинг акциялари жамият томонидан бозори қийматида сотиб олинмаётганлиги, шу сабабли акцияларини жамият томонидан қайтариб сотиб олинишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Ушбу мурожаатларни ўрганиш мобайнида ҳақиқатдан ҳам “Касби пахта тозалаш” АЖ акциядорларининг 28.06.2019 йилда бўлиб ўтган умумий йиғилиши кун тартибида йирик битим тузишга доир масала киритилганлиги, 1 дона акциянинг бозор қиймати 7874,16 сўмга баҳоланганлиги, мурожаат этган акциядорлар Ўзбекистон Респубикаси “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 40- ва 41-моддасида белгиланган муддатларда акцияларининг бозор қийматини тўлаб бериш тўғрисида жамиятга мурожаат қилганлиги, лекин жамият томонидан ушбу Қонуннинг 40-, 41-моддалари талаблари бажарилмасдан ушбу акциядорларнинг акцияларини бозор қиймати тўлаб берилмаганлиги аниқланди.

Дастлаб бошқарма томонидан белгиланган тартибда “Касби пахта тозалаш” АЖга Қонун талабларини бажариши тўғрисида кўрсатма берилди. “Касби пахта тозалаш” АЖ томонидан кўрсатма ижроси таъминланмаганлиги сабабли, акциядорларнинг ҳуқуқларини тиклаш  мақсадида Касби туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилди.

Биринчи инстанция судида Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан киритилган даъво ариза рад этилди.

Шундай бўлсада, ҳудудий бошқарма  томонидан биринчи инстанция ҳал қилув қарори устидан Қашқадарё вилоят иқтисодий судига аппеляция шикояти киритилди ва апелляция инстанцияси суди томонидан биринчи инстанция суди қарори бекор қилиниб, бошқарманинг даъво аризаси қаноатлантирилди ва акциядорларга 850 миллионга яқин маблағлар ундирилиши бўйича суд қарори қабул қилинди.

Бундан ташқари, 2016 йилда Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш марказининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Қашқадарё вилояти “Машина трактор парклари бирлашмаси” АЖнинг янги таъсис этилган “МЧЖга таъсисчи бўлиб кирмаган собиқ 3512 нафар акциядорларининг номинал қиймати 1 (бир) сўмлик жами 531967115 сўмлик акциялари қийматини бозор баҳосида тўлаб бериш мажбуриятини юклаш тўғрисида киритилган даъво аризаси Қашқадарё вилоят Хўжалик судининг 02.03.2017 йилдаги 18-1704/1911-сонли ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилган бўлиб, жавобгар “Қашқадарё АгросервисМЧЖ (ҳуқуқий ворис) зиммасига Қашқадарё вилояти “Машина трактор парклари бирлашмаси” АЖнинг 3512 нафар акциядорларининг номинал қиймати 1 (бир) сўмлик жами 531967115 сўмлик акцияларининг бозор қийматини аниқлаб, бозор қийматида тўлаб бериш мажбурияти юкланган.

Лекин, суд қарорини ижро қилувчи органлар томонидан жавобгар акцияларнинг бозор қийматини аниқламаганлиги сабабли суд қарори ижроси таъминланмай келаётган эди.

Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг Қашқадарё вилоят бошқармаси - Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш марказининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармасининг ҳуқуқий вориси сифатида Қашқадарё вилоят иқтисодий судига, юқорида кўрсатилган суд қарори ижро усулини ўзгартириш, яъни акцияларнинг бозор қийматини аниқлаш учун мустақил баҳоловчи жалб қилишни ва аниқланган сумма бўйича ундирувни жавобгарнинг мол-мулкига қаратиш  тўғрисида даъво ариза киритди.

Суд томонидан эксперт сифатида ишга мустақил баҳоловчи жалб этилди ва акцияларнинг бозор қиймати аниқланиб, суд ижро усулини ўзгартиришга ва жавобгардан 3512 нафар акциядор фойдасига 4 574 917 минг сўм ундиришга ажрим чиқарилди.

Акциялар сотиб олиш билан боғлиқ тушунмовчиликлар ёки муаммоларга дуч келсангиз Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармасига мурожаат қилинг.

Манзил: Қарши шаҳри, А.Темур кўчаси, 43-уй.

Телефон рақамлари: (75) – 225-05-18, (75) – 225-01-97.

Рўзиқулов Самариддин Зиёдуллоевич,
Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш
агентлигининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи

Фото галерея