Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи З.Мирзаев Қарши давлат университети фаоллар залида зиёли ыатлам вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда университетнинг Ахборот хизмати раҳбари О.Юсупов хабар берди.

Учрашувда вилоятдаги олий таълим муассасалари ректорлари, профессор-ўқитувчилар, халқ таълими, мактабгача таълим муассасалари бошқарма ва туман раҳбарлари, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи З.Мирзаев бугун мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати асосида навқирон авлоднинг замонавий билим олиши, спорт, санъат, бизнес ва бошқа йўналишларда истеъдодини намоён этиши, жамиятда муносиб ўрин топиши йўлида амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг самарадорликлари ҳақида нутқ сўзлади.

- Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, бизга миқдор эмас, сифат керак. Бунга эришиш учун эса хориж тажрибасини яхшилаб ўрганиш зарур. Қайси давлат кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратса, ўша ютади, - деди вилоят ҳокими. – Вилоят фаоллари билан бир қаторда олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни мустаҳкам йўлга қўйилиши ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг амалдаги ифодасидир.

Вилоят раҳбари ўзининг ҳаётидан мисоллар келтириб, улар эришган муваффақиятларда мактабларда, олий таълим муассасаларда таълим ва тарбиянинг роли катта бўлгани, қолаверса, вақтдан унумли фойдаланиш муҳимлигини эътироф этди.

Вилоят ҳокими ва зиёлилар ўртасида бир қатор муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича музокаралар ҳам бўлиб ўтди.

Жумладан, вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманларидаги марказий кўчаларни маҳаллий аҳолининг географик, тарихий, миллий, этник, тилга оид ва бошқа хусусиятларини ўрганган ҳолда қайта номлаш, дўконлар, ресторанлар, маиший хизмат кўрсатиш объектлари номланишига жиддий эътибор қаратиш мақсадида зиёлилардан ташкил топган ишчи гуруҳ тузиладиган бўлди.

Шунингдек, сўзга чиққанлар томонидан ҳар бир туманларда таълим фидойилари бошчилигида жамоатчилик асосида “Таълим кенгашлари”ни тузиш, ОТМлардаги кафедраларни таянч мактабларга бириктириш,  бахшичилик соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, ҳар бир раҳбарларни маълум мактабларга бириктириш, таълим сифатини оширишда моддий-техник базани мустаҳкамлаш борасида таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.

 

30-10-2019 |

Янгиликлар









Фото галерея