Муносабат

Аслида ҳар биримиз толибмиз. Ҳаёт дарсхонасининг толиби бўлиш, сабоғини ҳижжалаб ўқиш, унинг партасига одоб билан ўтиришу, “уйга вазифа”ни намунали бажариш — бу яшаш тарзимиз аслида.

1996 йил талаба бўлганман. “Йўғон чўзилиб, ингичка узилади”ган пайтлар эди. Пул топилса, озиқ овқат қиммат, озиқ-овқат бўлганда пул топилмас эди. Пойтахтда таҳсил олишнинг гашти, қувончи, ташвиши билан бирга яшаган кезларимиз. Бунда дилга дарс беради, ҳар бир куни... дея ёзгандим бир шеъримда. Ота-онадан йироқда мустақил бўлиш, бир пайтлар ҳатто кўйлакку кўйлак, кундалик турмуш учун зарур бирон нарса сотиб олиб кўрмаган, олис қишлоқдан борган ўғил-қизларнинг пулни ўзи харж қилиши бир томонда яхши, бир томондан эса... У ойдан, бу ойгача етказиш керак, чўнтакдаги маблағни. Пулга “дард” қолган кезларингда кимдир сени қўлласа ёки оддий гап билан бўлсада кўнглингни кўтарса, ундан яқин одам топилмас. Ҳозир эса, ўша пайтда сенга жонкуяр бўлганлар учун ич-ичингдан раҳмат айтасан, савоб илинасан, дуоларингда, ёзганларингда. Аслида, илми толибликнинг вазифаси ҳам шуда, туртиниб, суртиниб улғаясан, фикран ўсасан, ўрганасан, кичкина оламингдан катта оламга чиқиб атрофдагиларни таний бошлайсан. Билганларинг ортади. Устоз домла айтгани каби: Энг катта дорулфунун – ҳаётнинг ўзи. Кеча кечи билан Қашқадарёга етиб келган талабаларни кутиб оларканмиз шулар кечди, дилимдан...


Коронавирусдан хавотирга тушиб, энди қандай отамаконимга етиб оларкинман деб турганида, улар учун вилоят раҳбарияти ташаббуси билан бепул автобусларнинг ажратилиши, ҳатто, бир нечта фуқаронинг кўнгилли бўлиб бу ишга ҳисса қўшиши – мен сизга айтай ҳар қандай даводан аъло, муолажадан устун. Ахир, минглаб кўнгилга шифо илинжи бор. Шунда баралла айтгинг келади, ҳабиб ҳам, табиб ҳам ўзимизку.

Қўлда телефон ваҳимага тушиб, бўлар-бўлмас гаплар билан ёнимиздагиларни ташвишга солишдан кўра, уйига кетишни кўзлаб турганни эсон-омон етиб олиши учун кўмаклашиш, ташвишга тушаётганларнинг кайфиятини кўтариш, озодалик ҳақида суҳбатлашиш – кўнгил ободлигига бошлайди. Ҳазрат Навоий айтганлари каби: Ширин сўз даводир. Ишонмайсизми, синаб кўринг. Бундан қанчалик мамнуният олишингизни шунда англайсиз.


Кеча ташаббускор уч нафар хотин қиз кун давомида Қарши шаҳрининг аҳоли гавжум масканларида бўлиб, бепул ниқоблар тарқатиш акциясини амалга оширишди, Тошкентдан қайтган талабаларга ҳам тарқатилди. Мадад бўлиш, “эй раҳмат, шуни қидириб юргандик ўзи” деганларни бир силкитиш истаги бор, бефарқ бўлманг дея саломатликка ундаш, ҳамжиҳат эканимизни билдириш хоҳиши бор.


– Қизим тинмай телефон қилди денг, ота қиммат бўлса ҳам такси билан бораверайми, деб – талаба қиз Ҳусноранинг отаси билан суҳбатдаман, – уйгача етказиб қўяман, пулини берсанг бўлди, дебди таксичилар. Майли қизим, майли деб турсам, яна телефон қилди, биз кечи билан Қаршида бўламиз, бепул боряпмиз отажон. Хавотирланманг.

Қаршидан келган автобус, машиналарга миняпмиз. Йўл кирага ажратган пулимга китоб сотиб оламан, таътилда ўқиш учун дегани ҳаммасидан маъқул келди. Бу ишни бошида турганларга раҳмат. Боламизни боласидек кўриб, ғамхўрлик қилганлардан мамнунмиз, биз ота-оналар.


Кўнгилни кенг қўйиб, бир атрофни кузатинг. Давлатимиз раҳбари бошчилигида – ҳамжиҳат, ҳамфикр бўлишнинг сабоғи ўргатилмоқда, ҳар ишда, ҳар жабҳада. Сабоқнинг мағзи синов кезларида бир-бир такрорланади, мазмуни чақилади. Буни имтиҳон топширганлар яхши билади. Яна бир жиҳат, тарбияда энг мақбули – ибрат бўлишдир. Айни шундай синовли кунларда ҳар бир ишимиз, айтаётган гапимиз албатта намуна бўлади. Кун келиб мана шу ёшлар раҳбар бўлади, лавозимларини эгаллайди, уларнинг кўпга нафи тегишидан умидворман. Чунки бугун унинг уруғи экилдида. Бу эса албатта мева беражак, улар ўрганганларини ўргатади, ўзидан кейин келаётганларга. Ҳа, устоз домла айтгани каби: ҳаёт дарсхонадир.

Ўзингизни асранг!

Зиёда АМИНОВА,

журналист

20-03-2020 |

Янгиликлар









Фото галерея