Ҳарбийлар оилалари иш билан таъминланди

Ҳарбийлар оилалари иш билан таъминланди

Президент илгари сурган 5 муҳим ташаббусдан бири хотин-қизлар бандлигини оширишни кўзда тутади. Жойларда ихчам тикув-трикотаж цехлари ташкил этиш эвазига бу борада юқори самарага эришиш мақсад қилинган.

Қашқадарё вилоят ҳарбий-маъмурий сектори томонидан ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Куни кеча Қарши шаҳри Хонобод қўрғонидаги ҳарбийлар шаҳарчаси ҳудудида замонавий тикувчилик цехи ишга туширилгани ҳам бунинг амалий исботидир.

20 дона янги тикувчилик машинаси билан жиҳозланган мазкур цехда ҳозирда 40 нафарга яқин хотин-қиз меҳнат қилишига шароит яратилган. Улар асосан ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари экани янада аҳамиятли. Шу орқали эндиликда аёллар бекор қолмайди, доимий даромадли ишга эга бўлди. Бу ерда ҳарбийлар учун махсус формалар, шунингдек, харидоргир кийим-кечаклар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

Шу муносабат билан шаҳарчада байрамона тадбир ўтказилди. Унда янги тикув цехини  тантанали фойдаланишга топшириш маросими ташкил этилди. Тадбирга ҳарбийлар, уларнинг оила аъзолари, жамоатчилик вакиллари ҳам таклиф этилди.

Маросимда вилоят ҳокимлиги, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги, Қарши ҳарбий прокуратураси мутасаддилари ҳам қатнашиб, рамзий тасмаларни кесишди ва замонавий қувватни очиб беришди.

Дилтортар куй-қўшиқ ва рақслар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

                                                         Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

                                                          Суратларни Мурод Комилов олган.