Қашқадарё вилоятида замонавий чорвачилик комплексларини ташкил этиш бўйича қиймати 235,437 млрд сўмлик 73 та лойиҳа ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 мартда “Ўзбекистонда ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан вилоятимизнинг ҳар бир туманида камида иккитадан қора мол  бўрдоқичилик ва сутчилик йўналишларида чорвачилик комплекслари ташкил этиш мақсадида лойиҳалар ишлаб чиқиляпти.

Қашқадарё вилоятида қиймати 235 млрд 437 млн сўмлик (шундан 55 млрд 265 млн сўми лойиҳа эгаларининг ўз маблағлари, 47 млрд 467 млн сўми банкларнинг кредит ресурслари, 3 млн 980 минг АҚШ доллари эса хорижий банкларнинг кредит линиялари ва инвесторларнинг маблағлари ҳисобидан) 73 та лойиҳа асосида замонавий чорвачилик комплекслари ишга тушиши режалаштирилган.

Ушбу йил 15 июль ҳолатида тижорат банкларининг вилоятда фаолият кўрсатиб келаётган филиаллари томонидан 105 та чорвачилик йўналишидаги лойиҳани молиялаштириш учун жами 44 млрд 211 млн сўм ва хорижий кредит линиялари ҳисобидан эса 877 минг 400 АҚШ доллари миқдорида маблағлар ажратилди.

Мисол учун, Қамаши туманидаги “Муродов Раҳматулло МавлоновичМЧЖ 2019-2021 йилларда сутчилик йўналишида четдан наслли қора моллар олиб келиш ва сутдан 14 хилдаги маҳсулотлар тайёрлаш ҳамда гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш мақсадида 447 минг 690 АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур лойиҳа асосида МЧЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан 3 млрд сўмдан ортиқ қурилиш ишлари амалга оширилган бўлса, АТ Халқ банки Қамаши филиали томонидан Германия давлатидан 300 бош наслли қора мол ва қишлоқ хўжалиги техникалари сотиб олиш учун жами 219 минг 690  АҚШ доллари миқдорида кредит ресурслари йўналтирилди.

Ушбу йўналтирилган маблағлар ҳисобига 3 та замонавий чорва комплекси биноси қуриб битказилган бўлса, Германия давлатидан биринчи босқичда 64 бош наслли қора мол, 2 дона замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси олиб келиниб, бунинг натижасида 22 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, 2 босқичида сентябрь-октябрь ойларида 200 бош наслли қора мол олиб келтирилиши кутилмоқда.

Чорва моллари озуқаси учун 70 гектар майдонга макканинг серҳосил нави ва 5 гектар майдонга эса лавлаги маҳсулотлари экилган ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш корхонаси қурилиш ишлари бошланган.

Муборак туманидаги “Муборак чорва тайёрлов” МЧЖга Германия давлатидан 2 минг 400 бош наслли қора моллар олиб келтириш мақсадида тузилган шартноманинг биринчи босқичи Акционерлик тижорат Халқ банки Муборак филиали томонидан 260 бош наслли қора мол олиб келиш мақсадида  ажратилган  3 млрд 850 млн сўм миқдоридаги маблағ эвазига бугунги кунда 55 бош наслли қора мол олиб келинди. 205 бош қора мол эса карантинга қўйилиб, республикамизга олиб келтириш чоралари кўрилмоқда.   

Четдан олиб келинган наслли қора молларни озиқлантириш учун “Муборак чорва тайёрлов” МЧЖ томонидан жами 80 гектар майдонга беда, 50 гектар майдонга эса такрорий экин сифатида макканинг Туркиядан келтирилган гибрид нави экилди.

Худди шунингдек, жорий йилда четдан наслли қора моллар олиб келиш юзасидан ишлаб чиқилган дастурга асосан вилоятга олиб келиниши кўзда тутилган 1 минг 600 бош наслли қорамоллар учун етарли миқдорда озуқа жамғариш ишлари ва биноларни тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 15 июнь ҳолатида вилоят бўйича 39 минг 115 гектар майдонга беда,  10 минг 729 гектар маккажўхори, 907 гектар майдонга эса хашаки лавлагилар экилиб, экинлар агротехника қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда парваришланмоқда.

Чорва молларини қишловини беталафот ўтказиш мақсадида 2 млн 337 минг тонна дағал озуқа, шундан 77 минг 432 тонна сомон жамғариш кўзда тутилган бўлиб, ҳақиқатда бугунги кунга қадар 1 млн. 780 тонна дағал озуқа, шундан 72 минг 682 тонна сомон жамғарилиб, бу борада ишлар давом эттирилмоқда.

2020 йил ғалладан бўшаган 17 минг 325 гектар майдонларга такрорий маккажўхори экиш белгиланган бўлиб, бугунги кунга қадар жами14 минг 062 гектар, шундан 7 минг 771 гектар майдонга чет элдан (Туркия, Сербия ва Украина давлатларидан) келтирилган маккажўхорининг серҳосил гибрид навлари экилиб, озуқа экинлари экиш ишлари давом эттирилмоқда.

Кўриб турганингиздек, вилоятимизда давлат томонидан чорвачилик учун яратиб берилаётган имкониятлардан фойдаланиб, чорвачиликни ривожлантиришда амалий ишлар бажарилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Юртбошимиз томонларидан юртимизда чорвачиликни янада ривожлантириш учун улкан имтиёзлар бериляпти. Шу ўринда чорвачиликни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилаётган субсидияларни эслатиб ўтамиз.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 майда “Чорвачилик тармоғига Давлат томонидан субсидия ажратишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 280-сонли қарорига асосан;

  • Республикамиздаги наслчилик хўжаликларида етиштирилиб сотилган наслдор қора молларнинг ҳар бир Республикадаги наслчилик хўжаликларида етиштирилиб сотилган наслдор қора молларнинг ҳар бир бошига 1 млн сўмдан субсидия ажратилади;

  • Хорижий давлатлардан импорт қилинган насдор қора молларнинг ҳар бир бошига 2 млн сўмдан субсидия ажратилади;

  • Хорижий давлатлардан импорт қилинган насдор қўй ва эчкининг ҳар бир бошига 400 минг сўмдан субсидия ажратилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил  18 мартда “Чорвачилик тармоғига янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4243-сонли қарорига асосан (Тик қудуқлар учун):

  • Озиқабоп экинлар етиштирувчиларнинг томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини ташкил қилиш учун суғориш тик қудуқларини бурғулаш билан боғлиқ харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида бурғуланган суғориш тик қудуқларининг ҳар бир метр чуқурлиги учун 100 минг сўмдан субсидия ажратилиши белгилаб қўйилган.

Шу ўринда замонавий чорвачилик учун вилоятимизда салоҳиятга эга воҳадошларимизни юқорида келтирилган имтиёзлардан кенг фойдаланган ҳолда, жойлардаги туман ҳокимликлари, АТ Халқ банки филиаллари ҳамда вилоят “Чорванасл” марказининг жойлардаги бўлимлари билан ҳамкорликда лойиҳалар ишлаб чиқиб, оила фаровонлиги, юртимиз ривожи учун ҳиссадор бўлишда ҳаракат қилишга чорлаб қоламиз.

Ғ. Джавлиев,

Вилоят “Чорванасл” маркази

директори.

С.Ҳасанов

АТ Халқ банки вилоят бошқармаси

бошлиғи.

Фото галерея