Қадрли ёшлар!

Мамлакатимизда, Сиз азиз фарзандларимиз, ёшларга бўлган меҳр ва эътибор, имконият ва эъзоз тимсоли бўлган Ёшлар куни билан барчангизни чин қалбимдан муборакбод этаман.

Ҳар бир давлатнинг барқарор тараққиётида асосий пойдевор – инсон омили, унинг интеллектуал салоҳияти ҳисобланади.Вилоятимизнинг 60%.ни ташкил этган қалби қайноқ ёшларимизнинг шахду шиддати, ғайрату шижоати барча ислоҳотларда, ютуқ ва имкониятларимизда намоён бўлмоқда.

Юртимизда ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, иқтидорини ривожлантириш, ахборот хуружлари ва носоғлом муҳитдан ҳимоя қилиш доимий диққат эътибордаги асосий масалага айланди.

Бугунги кунда Ер юзида инсоният тарихидаги энг кўп – икки миллиарддан ортиқ ёшлар вакиллари истиқомат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ минбарида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш таклифи илгари сурилиб, дунё миқёсида ёшларни ҳар хил таҳдидлардан ҳимоя қилиш зарурлиги далиллар билан асослаб берилди.

Донишманд халқимизда “Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди”, деган нақл бор. Мамлакатимизда навқирон авлодни жисмонан ва руҳан соғлом, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни келажагимизнинг муносиб ворислари этиб вояга етказишдавлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. 

Юртимизда мактабгача таълим муассасаларининг замонавий тизими яратилди, олий таълим тизимида янги замонавий билим масканлари, жумладан, нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилиб, соҳа фаолияти тубдан такомиллаштирилди.

Президент мактаблари, Темурбеклар ҳарбий мактаблари, Муҳаммад Ал-Хоразмий ва Мирзо Улуғбек ҳамда атоқли адибларимиз номидаги ижод мактаблари ташкил этилгани униб-ўсиб келаётган фарзандларимизни буюк аждодларимизга муносиб авлод этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Фахр билан айтиш керакки, кўплаб ёшларимиз ўзларининг ижтимоий фаоллиги, ақл-заковати билан халқаро олимпиадалар, спорт мусобақалари, қолаверса, барча соҳаларда катта муваффақиятларга эришиб, юртимиз байроғини, Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиб келмоқдалар.

Билимли, сиёсий фаол, халқ манфаатини ўз шахсий манфаатидан устун қўядиган, ҳалол ва жонкуяр, дунёқараши кенг, креатив фикрлайдиган, муаммоли вазиятларда тўғри қарор қабул қила оладиган ёшларни масъулиятли вазифаларга тайинлаш, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ташаббусларини ҳаётга тадбиқ этишига кўмаклашиш янги босқичга кўтарилди.

Фидойи ёш раҳбарларнинг мамлакат бошқарув тузилмаларига тайинланиши чинакамига янгича руҳ, янгича нафас олиб келди ва бутун ижтимоий ҳаётга ўз ижобий таъсирини  кўрсатмоқда.

Азиз ўғил-қизларим! Томирида дунё тамаддунига тамал тошини қўйиб кетган неча-неча буюк алломаларнинг қони оқаётган қадрли фарзандларим! Ҳар қандай жамият вадавлатнинг куч-қудрати, обрўйи ва нуфузи унинг иқтисодий тараққиёти, моддий бойликлари, ҳарбий қуввати билан эмас, балки аввало, юксак маънавиятли ёшларининг салоҳияти, ватанпарварлиги билан белгиланади!

Муҳтарам Президентимиз бугун сиз азиз ёшларга йўллаган табригида таъкидлаганларидек, “Шу муқаддас ишонч ва масъулиятни ҳар томонлама оқлаш, унга муносиб бўлиш – дунёдаги энг улуғ бахтдир. Шундай бахт, шундай шараф барчангизга насиб этсин!”.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга мустаҳкам соғлик, ўқиш – изланишларингизда куч-ғайрат, она Ватанимизга садоқатли фарзанд, буюк аждодларимизга муносиб авлод бўлиш шарафини тилайман. Ўз киндик қони тўкилган, ота-боболари ҳоки ётган она юртни дунёда тенгсиз, муқаддас Ватан деб биладиган ҳар бир инсоннинг мақсад-муддаоси аниқ, ғурур ва ифтихори юксак бўлади. Мана шу меҳр-муҳаббат ва ифтихор туйғуси Сизларни улуғ мақсадлар сари чорловчи йўлчи юлдуз бўлиб қолишида тилакдошман!

Янгиликлар









Фото галерея