Ассалому алайкум азиз ва меҳрибон шифокорлар,

Қадрли тиббиёт  ходимлари!

Аввало, барчангизга касб байрамларингиз муборак бўлсин!

Халқимизнинг тиббиёт ходимларига бўлган чексиз ҳурмати ифодаси бўлган мазкур шодиёнанинг ҳам ўзига хос шукуҳи бор. Бу байрамда эл саломатлигини сақлашдек масъулиятли ишга ҳаётини, умрини бахшида қилган жонкуяр шифокорларнинг хизматлари эътироф этилади.

Дунёда  турли касблар бор, лекин инсон саломатлиги йўлида жонини фидо қиладиган, одамзод умрига умр қўшишдек энг муқаддас вазифа ишониб топширилган,  бор кучини бошқаларга ҳаёт бахшида қилишга қасам ичган - Сиз азиз тиббиёт ходимлари  эгаллаган касб дунёда тенгсиз, десам, муболаға бўлмайди.

Инсоният яралганидан бери Сизнинг касбингизга эҳтиёж сезади. Шу сабабли шифокорлик энг қадимий ва энг қадрли касблардан биридир.

Айни даврда Муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Халқаро андозалар даражасидаги тиббий хизмат тизимини барпо этиш, ҳар жиҳатдан баркамол авлодни вояга етказиш, халқимизни янада соғломлаштириш йўлида беқиёс имкониятлар яратилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз “Халқ тиббиёт соҳасига қанчалик ишонса, давлатга ҳам шунчалик ишонади. Халқ кўрсатилаётган тиббий хизматлардан рози бўлса — давлатдан, бугунги юритилаётган сиёсатдан ҳам рози бўлади”, деб алоҳида таъкидлаган эдилар.

Дарҳақиқат, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар инсон манфаатларини муҳофаза қилиш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш ва халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда. Халқимизни рози қилиш мақсадида бирламчи тиббиёт тизими фаолиятини тубдан яхшилаш, дори-дармон таъминоти, ҳудудларда ихтисослаштирилган тиббиёт хизматларни йўлга қўйиш билан боғлиқ кўплаб муҳим вазифалар амалга оширилмоқда.

Азизлар!

Вилоят соғлиқни сақлаш тизимида ҳам халқимизга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган қатор ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда вилоятимиз аҳлига 302 та даволаш-профилактика муассасаси тиббий хизмат кўрсатмоқда. Кейинги йилларда 24,7 миллиард сўмлик маҳаллий бюджет маблағлари соҳа ривожига йўналтирилди. Вилоят тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий ускуналар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бир қатор янги техникалар харид қилиниб, тез тиббий ёрдам хизмати автотранспорти 230 тага етказилди.

Тизимдаги даволаш-профилактика муассасаларига жорий йилда дори-дармон учун 58,8 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Карши филиали учун янги 120 ўринга мўлжалланган замонавий бино қуриб битказилди, филиалда кардиохирургия бўлими очилди. Жорий йилнинг 9 ойи давомида бу ерда 1200 дан ортиқ юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.

Республика эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали собиқ диспансер ўрнида қайта ташкил этилиб, 100 ўриндан 150 ўринга кенгайтирилди ва 40 ўринли жарроҳлик бўлими очилди. Ҳозирги кунда қандли диабетга чалинган беморлар жарроҳлик амалиётлари шу ернинг ўзида амалга оширилаяпти.

Юқумли касалликлар шифохонаси биноси тўлиқ реконструкциядан чиқарилди. Бу ерда янгидан гепатология маркази очилди. Ўтган йилда 32 та, жорий йилнинг ўтган даврида эса 47 та тиббиёт муассасасида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди, Қарши шаҳрида “Нуронийлар сиҳатгоҳи” ишга туширилди.

Тиббиёт – доимий янгиланишни талаб қиладиган соҳа. Шу сабабли ҳам, тизимнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳам катта эътибор қаратилаяпти. Биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 256 нафар битирувчи ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари, Россия Федерациясида 22 нафар, Туркияда 3 нафар мутахассис малака ошириб қайтди.

Вилоятимизда 72 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил қилиниб, уларда аёллар маслаҳатхоналари, қизлар саломатлиги хоналари, тез ёрдам шохобчалари ва ижтимоий дорихоналар ташкил этилди.

Оналар ва болалар ўлими бутун дунёда энг долзарб ва муҳим муаммолардан  бири саналади. Осиё давлатлари, МДҲ давлатлари билан таққослаганда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида Оналар ва болалар ўлими кескин камайди. Жумладан, вилоятимизда ҳам кейинги йилларда оналар ва гўдаклар ўлимининг камайишига эришилгани қувонарлидир.

Бундай ютуқлар ҳақида яна узоқ гапиришимиз мумкин. Энг муҳими, буларнинг замирида фидойи шифокорлар, ҳамширалар, доялар, орастабонларнинг машаққатли ва шарафли меҳнати мужассамлигини барчамиз чин дилдан эътироф этамиз.

Жорий йилда давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан вилоят кўз касалликлари шифохонаси микрохирургия бўлими шифокори Бахтиёр Тўраевнинг II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали директори Хуршид Фозилов ҳамда Шаҳрисабз шаҳридаги “Оила ва никоҳ диагностика маркази” хусусий клиникаси бош шифокори Олимжон Рўзматовнинг “Шуҳрат” медали билан тақдирланиши воҳамиз тиббиёт ходимларининг меҳнатига муносиб рағбат бўлди. 

 

Қадрли дўстлар!

Мамлакатимизда аҳолига жаҳон андозалари даражасида, юқори тиббий технологиялар воситасида тиббий хизмат кўрсатишнинг барча бўғинини қамраб олувчи мукаммал тизим яратилди. Натижада аҳолининг ўртача умр кўриш кўрсаткичи узайди.

Шу ўринда алоҳида таъкидламоқчи эдим, ҳар қандай мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини кўрсатувчи жиҳатлардан бири бу аҳолининг ўртача яшаш даражаси ҳисобланади. Ўртача яшаш даражаси дунёда 71 йилни ташкил қилади. Эътибор беринг -  бу кўрсаткич Ўзбекистонда 73,8 ёшни ташкил қилиб, бу борада Ўрта Осиёда етакчилик қилмоқда.

(Маълумот учун: Бу кўрсаткич Японияда 84,6 ёшни, Исроилда 82,3, АҚШда 79,8, Россияда 72,7, Тожикистонда 73,7, Туркманистонда 70,4 йилни ташкил қилади.)

 

Албатта, жуда кўплаб омиллар қатори соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳатлар ва Сиз – жонкуяр, ўз ишининг фидойи инсонлари туфайли шу натижаларга эришдик.

Ишонамизки, муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳатлар, эзгу ишлар бардавомлигида бундан ҳам юқори натижаларга эришамиз.

 Қадрли дўстлар!

Ҳар қандай давлатнинг куч-қуд­рати, салоҳияти фуқароларнинг жисмоний ва ақлий баркамоллигига, саломатлигига бевосита боғлиқ. Инсон саломатлиги нафақат бугунги кун, балки келажак учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти хулосаларига кўра, саломатлик  ва узоқ умр кўришнинг 50-55 фоизи  бевосита инсоннинг соғлом турмуш тарзига боғлиқ.

Демак, узоқ ва саломат яшашнинг асосий шарти — тиббий маданият ва соғлом турмуш тарзига риоя этиш экан, бу борада Сизларнинг  кўмакларингиз янада муҳимдир.

Аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида  санитария-гигиена қоидаларига оид тушунчалар бериш, зарарли одатларнинг олдини олиш, ОИВ инфекцияси ва ундан ҳимоя­ланиш, репродуктив саломатлик, ўсмирлик даврининг руҳият муаммолари, атроф-муҳит тозалигининг аҳамиятини англаш ва жамият саломатлигини сақлашга қаратилган зарур кўникмаларни шаклланишида соҳа билимдонлари сифатида маслаҳат ва тарғибот ишларингизга эҳтиёж бор. Негаки, иш бошлаганимдан буён кўплаб маҳаллаларда, хонадонларда, таълим муассасаларида бўлдим.  Афсуски, ҳали бу борада ҳали қиладиган ишларимиз  кўп.

Соғлом турмуш тарзига риоя қилган, тиббий маданияти юксак кишиларнинг умри узоқ, ўзи  турли хасталик­лардан йироқ бўлади. Тиббиёт ходимларининг бу борадаги саъй-ҳаракатлари жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тиббий хизмат сифатини янада ошириш, инсон манфаатларини мустаҳкамлаш ва эл саломатлигини муҳофазалашда, айниқса,   ҳар бир инсоннинг ўз саломатлигига бўлган масъулиятини янада кучайтиришда  асосий омил бўлади, деган умиддамиз.

Қадрли тиббиёт ходимлари!

Соғлом инсон – ҳар қандай  жамиятнинг  бебаҳо бойлигидир. Инсон соғлом бўлгандагина бошқаларга наф келтира олади, эзгу ишларга қодир бўлади. Демак, катта мақсадлар сари олға бораётган ҳар қандай жамият  миллат саломатлигини асрашга, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга жиддий эътибор қаратади.            

Халқимизнинг саломатлигини сақлашдек, ўта масъулиятли ва шарафли ишда Сизларнинг касбий маҳоратингиз, билим ва тажрибангиз, инсонийлик фазилатларингизга ишонамиз ва фидокорона меҳнатларингизни қадрлаймиз.

Сизларни Тиббиёт ходимлари куни билан яна бир бор қизғин табриклар эканман, машаққатли ва шарафли меҳнатларингизда улкан зафарлар, мустаҳкам соғлиқ, оилаларингизга тотувлик, эзгу ишларингизда муваффақиятлар тилаймиз!

Эътиборларингиз учун ташаккур!

09-11-2019 |

Янгиликлар









Фото галерея