Қарши шаҳрида вилоят ҳокимлиги томонидан ободонлаштириш ишларига бағишланган семинар ташкил этилди.

Семинарда вилоят молия ва қурилиш бошқармалари бошлиқлари, туман ва шаҳар ҳокимларининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарлари, ободонлаштириш бошқармаси раҳбарлари иштирок этди.

Семинар иштирокчилари дастлаб Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бошқармасидаги шарт-шароитлар билан танишди. Бу ерда амалга оширилган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари, мавжуд техникаларнинг тайёргарлиги кўздан кечирилди.

Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев шу ерда семинар иштирокчиларига вилоят марказида амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Семинар давомида иштирокчилар Қарши шаҳрининг Насаф ва Жайхун кўчаларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишди.

Шунингдек, Ислом Каримов кўчаси ҳамда вилоят расмий қабуллар уйига борадиган йўл атрофидаги гулхоналар, газонлар парвариши ва суғориш ишларини кўздан кечиришди.

Таъкидлаш жоиз, Қарши халқаро аэропорти йўлида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари семинар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Бундан ташқари семинар иштирокчилари Насаф ва Мустақиллик шоҳ кўчалари чорраҳасида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари билан ҳам танишди.

Шу ерда семинар қатнашчиларига махсус техникалар ёрдамида йўлларни ювиш жараёни кўрсатиб берилди.

Семинар охирида иштирокчилар Қарши шаҳридаги Ватанпарварлар боғида бўлиб, ҳудудда амалга оширилган ободонлаштириш ишлари билан танишди. Боғдаги фавворани, музейни бориб кўришди.

Ўтказилган семинарда иштирокчилар катта таассуротлар олиши билан бирга тажриба ҳам алмашилди.

Қарши шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

22-06-2020 |

Янгиликлар









Фото галерея