Вилоятимизда пахта терими 15 сентябрдан бошланиши ҳақида хабар берилган эди. Айни дамларда мавсумга тайёргарлик ишлари якунланиш арафасида.

Қашқадарё вилоятида мазкур йилда 135,9 минг гектар ер майдонида 9 та кластер ва 2 та кооперациялар ҳамда 5557 та фермер хўжаликлари томонидан пахта етиштирилмоқда. Бу йили 400 минг тоннадан зиёдроқ ҳосил олиш режалаштирилган.

Вилоятда 40 дона замонавий терим машинаси мавжуд. Толани ташишда қатнашадиган 2414 дона трактор ва 3416 дона тиркамалар “Агросервис МТП” МЧЖ устахоналарига тўлиқ йиғилиб, тайёр ҳолатга келтирилди.

Пахта йиғим-теримига мавсумдан аввал пухта тайёргарлик кўриш ишлари авжида. Теримни уюшқоқлик билан ташкил этишга амалий ёрдам кўрсатиш учун Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан 140 нафар ходим жалб қилинди.

Бундан ташқари ўртача 100-110 нафар теримчиларга биттадан, жами 3825 та терим отряди ташкил қилинди.

Отряд раҳбарлигига маҳаллада фаол бўлган, одамларни ортидан эргаштира оладиган, халқ ичида обрўси бор ишсиз фуқаролар танлаб олинди.

Вилоят сектор раҳбарлари билан биргаликда ҳар бир туманда отряд раҳбарлари билан отрядларни шакллантириш, теримчиларга шароитлар яратиш, терим машина, тиркамалар, ётоқ жой, пахта тозалаш завод ва қабул қилиш масканларининг мавсумга шайлиги юзасидан учрашувлар ўтказилди.

Терим отрядлари раҳбарлари билан кластер корхоналари, отряд раҳбари билан теримчилар ўртасида шартнома тузиш ишлари якунланди.

Шунингдек, пахтани қабул қилишда 10 та пахта тозалаш заводи ва 50 та масканлар мавсумга тайёргарлиги ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди, камчиликлар жойида бартараф қилинди.


Элёр Хасанов

Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бош мутахассиси

Фото галерея