Вилоятимизда 9 – май Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносиб нишонланди.

Байрам тадбирлари дастлаб, Иккинчи жаҳон урушида қатнашган вилоятдаги уруш фахрийларини Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан табриклаш ва ҳолидан хабар олишдан бошланди.

– "Урушга кетишдан аввал қанчадан қанча орзу – ниятларим бўлган, – дейди уруш фахрийси Усмон Донаев. – Уруш бошлангач, кўпчилик қатори мен ҳам фронтга кетдим. У ерда мислсиз қийинчиликларни бошдан кечирдик. Урушда қанчадан-қанча инсонлар кўз ўнгимда ҳалок бўлишди. Илоҳим, халқимиз ҳеч қачон уруш кўрмасин. Бугунги дориламон кунлар бардавом бўлсин. Ёшлигимда ният қилган орзу-ҳавасларимга болаларим, невараларим, барча ёшларимиз етишсин".

Фахрийларга Ўзбекистон Республикасининг "Иккинчи жаҳон урушида ғалабанинг 75 йиллиги" эсдалик юбилей медали ва Россия Федерациясининг “75 лет победы в великой отечественной войни 1941-1945” медали ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10 миллион сўм пул мукофотлари топширилди.

Шундан сўнг, вилоят, Қарши шаҳар сектор раҳбарлари, Миллий гвардия, ҳарбийлар иштирокида Қарши шаҳридаги Хотира майдонида Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтириб, Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Вилоят ҳокимлигида ўтказилган "Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги муборак!" учрашувида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан йўллаган онлайн табриги уруш қатнашчилари ва фахрийлари иштирокида тингланди.

Шу билан бирга учрашув давомида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ўзининг номидан яна бир бор табриклади. Уруш қатнашчилари ва фахрийлари учун байрам дастурхони ёзилиб, бадиий дастур намойиш қилинди.

Янгиликлар









Фото галерея