ҚОҒОЗДА ҚАЙД ЭТИЛИБ, АМАЛДА АКС ЭТАЁТГАН ОБОДЛИК ёхуд алақўйлиқликлар ростдан ҳам норозими?!

ҚОҒОЗДА ҚАЙД ЭТИЛИБ, АМАЛДА АКС ЭТАЁТГАН ОБОДЛИК ёхуд алақўйлиқликлар ростдан ҳам норозими?!

Куни кеча Kun.uz интернет сайтида “Алақўйлиқликлар “Обод қишлоқ” бўйича олиб борилаётган ишлардан норози: Китоб ҳокимлиги барча ишларни қоғозда бажарганми?“ сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Бардошбек Самад ўғли (Ғолиб Абдусаломов) томонидан Қашқадарё вилояти Китоб тумани “Алақўйлиқ” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Алақўйлиқ қишлоғи аҳолиси мурожаат қилди, дея (Мурожаатчилар кимлар? Исми ва фамилияси келтирилмаган!) асос қилиниб ёзилган, ўта долзарб ва танқидий руҳда беришга уринилган мақолада келтириб ўтилган далиллар (баъзи суратлар илова қилинган ҳода) ва баён қилинган мулоҳазаларни ўқиб, менда наҳотки, “Обод қишлоқ” давлат дастури бўйича Алақўйлиқ қишлоғида қилинган ишлар кўлами шунчалик кам қамровли бўлса, ахир у ерда жадал ишлар давом эттирилаётганлигини ҳамма гувоҳи бўлиб келаётган эди-ку, деган ҳадик пайдо бўлди.

Гарчи, Алақўйлиқ қишлоғида амалга оширилаётган ишлардан хабарим бўлса-да, мақолада тилга олинган муаммолар юзасидан ҳақиқатни билмоқ истагида, мақола Kun.uz да чиққан куннинг ўзида соат 9-00 да Алақўйлиқ қишлоғига кириб бордим. Қишлоқ марказидаги йўл бўйида қишлоқ оқсоқоли Аҳмадхон ҳожи Офтобов ва Алақўйлиқ қишлоғи жомъе масжиди имом хатиби Отабек Зайниддиновлар суҳбатлашиб турган экан.Тўхтаб, ҳол-аҳвол сўрашиб мақсадимни билдириб, қишлоқнинг ҳурматли кишилари ва кайвонилари сифатида менга ҳамроҳ бўлишларини илтимос қилдим. Улар ҳамроҳлигида қишлоқ аҳли “тўққиз гектарлик” деб атайдиган, мақолада илова қилинган, бир нечта хотин-қизлар ва болалар акс этган суратдаги кўчага йўл олдик.

Шу ўринда мендан ҳам бир мулоҳаза. Журналист бирор бир масалани ёритишда ўта зийрак ва холис бўлмоғи, касбий ва инсоний жаҳатдан албатта масъулиятни чуқур ҳис қилмоғи муҳим, назаримда. Бу мулоҳаза менда мақолага илова қлинган суратдаги кўчага борганимдан кейин пайдо бўлди.

Чунки, у ерда мен кўрган ҳақиқатим мақолада айтилган ва суратда кўрсатилгандан бошқачароқ, яъни ижобийроқ бўлиб чиқди. Бардошбек Самад ўғли (ёки Ғолиб Абдусаломов) ё ҳақиқий ҳолатни кўрмаган ёки кўрса ҳам эътиборга олмаган! Бўлмаса, мурожаатчилар (агар улар ростдан мурожаат қилган бўлишса!) “Ёғингарчилик вақти бу ички йўллар лой бўлганидан юриб бўлмайди. Симёғочлар бир аҳволда, ўзимиз ўрнатганмиз. Ўзимиз электр симларини ўтказганмиз”деганида, бу кўчаларга қум-шағал ётқизилиб, виброкаток билан зичлаб текисланганини, ёғоч симёғочлар ўрнатилган кўчага туташ кўчада (оралиғи юз метр нари-берисида) бетон устунлар ўрнатилиб, ёпиқ қора кабеллар тортилиб келинаётганлигини, шу йўналишдаги ҳар бир кўчанинг бирлашган жойида ўрнатилган янгигина трансформаторни, ёки бўлмаса кўчага кираверишда ётган, шу кўчаларга ўрнатиш учун келтирилган бир қанча бетон устунларни кўрган ва танқидга шошмаган бўларди.

Тўғри, бу ҳудуд қишлоқнинг чеккаси, ҳақиқатдан ҳам авваллари бу кўчадан машинада ёки велосепедда юришнинг иложи бўлмаган. Буни, қишлоқ оқсоқоли ҳам ўзи эьтироф этди.

”Шу кўчада тўйми ё таъзиями бўлиб қолса, ўйловга қолар эдим. Илгари бу кўчада шароит ҳақиқатдан ёмон эди.Чунки, бу кўчалар янги шаклланган, аҳолига уй қуриш учун томорқа қилиб берилган, ҳали ҳеч бир иш қилиш имкони йўқ эди. Болалар мактабга бораётганда мактабгача резина этикда бориб, мактабнинг олдида бошқа оёқ кийимини алмаштириб ўқишга кирар эди. Президентимизга минг раҳмат, шунчалик дастурларни йўлга қўйдилар! Туман ҳокими Рустам Сагдуллаев, ҳақиқий шароитни билганлиги ва жонкуярлиги боис қишлоғимизни “Обод қишлоқ”давлат дастурига киритиб, мана шунчалик ишларни амалга ошириб беряпди. Беш километр мутлақо юриб бўлмайдиган ички йўл қум-шағал ётқизилиб, теп-текис қилиб берилди. Асфальт йўлларимиз уйдим-чуқур эди. Таъмирланиб берилди. Ҳали кўрсатаман, қишлоқнинг марказида амалга оширилган ободончиликларни. Марказга туташ кўчаларни. Ҳеч бир жой эътибордан четда қолмаяпди. Мусулмончилик аста-аста-да, ахир. Мен ўттиз йилдан бери шу қишлоқнинг оқсоқолиман. Бундан уч-тўрт йил олдинги аҳвол билан ҳозирги аҳволни солиштириб кўрган билади. Агар нолисак, ношукурлик бўлади!”

Мухбир суҳбатлашган аёллар орасида бўлган, шу кўчада истиқомат қиладиган Мақсуда Суярова уйида экан. Самимий ва оддий бу қишлоқ аёли гапнинг тўғрисидан келди. (бу суҳбат видеотасвирда ҳам акс этган.)

Унинг айтишича, мухбир билан ўша куни суҳбатлашган аёллар ҳавога булут чиққанлигидан хавотирланиб, ёғин-сочин бошланса иш тўхтаб қолади, деб ўйлашган. Бу соддаликми ё бошқами, нима бўлганда ҳам мурожаат ўрнида қабул қилса бўладиган суҳбатга сабаб бўлганлиги бор гап!

Ичимлик сувида ҳам кўплаб муаммолар мавжуд”. Мақоладаги бу фикрга маълум маънода қўшилса бўлади. ”Обод қишлоқ” давлат дастурида ичимлик суви таъминоти масаласи ҳам ўз аксини топган. Бусиз дастур тўла бажарилмаган ҳисобланади. Бироқ Алақўйлиқ қишлоғида жами тўртта артезиан қудуғи борлиги, шундан биттасидала экинларини суғориш учун ишлатилишини, артезиан қудуқдан отилиб чиқаётган зилол сув ва бу сувнинг қишлоқ кўчалари четидаги ариқ бўйлаб тўлиб оқаётганлигини кўриш мумкин.

Қолган учта артезиан қудуқ ҳам аҳоли истеъмоли учун тўлиғича қайта таъмирланиб ишга туширилади. Қолаверса, қишлоқдаги деярли ҳар бир хонадонда халқ ибораси билан айтганда “качалка” борлигини эътиборга олсак “Ичимлик сувида ҳам кўплаб муаммолар мавжуд” эмаслиги маълум бўлади.

Аммо давлат дастурига киритилган ҳар бир инфратузилма объекти албатта барпо этилиши шарт.

Мақолада келтирилган ”Бундан ташқари электр таъминотидаги доимий узилишлар мазкур қишлоқ аҳолисини жуда чарчатган”каби фикрларга менк-у қўшилмайман, бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг чеккадан чекка ҳудудида истиқомат қилаётган ҳар қандай киши ҳам қўшилмаслиги тайин. Кейинги йилларда электр энергияси таъминотининг узлуксизлиги бўйича бирор бир эътироз бўлиши мумкинми? Бу муаммо бутун мамлакат бўйича ўз ижобий ечимини топган-ку! Гарчи бутун мамлакатни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш қанчалик машаққат ва харажат эвазига амалга оширилаётган бўлса ҳам. Табиий офат ёки бирор бир ташқи таъсир остида вақтинча узилишлар ҳамма жойда бўлиши табиий. Буни инкор этиш, қанчалик тўғри бўларкин?

“Дастурга мувофиқ молиялаштириш борасида жами манбалар ҳисобидан 10.133 млрд сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган бўлиб,ҳисобот даврида 3,8 млрд сўм маблағ қурилиш таъмирлаш ишлари учун сарф этилди”

Жуда ҳам тўғри! “Дастурга мувофиқ молиялаштириш борасида жами манбалар ҳисобидан” дейилган сўзга эътибор қаратмаслик масаланинг моҳиятига чуқур ёндошилмаганлик бўлиб қолади. Ана шу ўрнида Алақўйлиқ қишлоғида айни пайтда бир нечта тадбиркорлар томонидан қурилиши бошланган ёки қурилиб битказилиб ишга туширилган маиший хизмат кўрсатиш ва овқатланиш шохбчалари, новвойхона, савдо дўконлари, дорихона, тренажёр зали,мини стадион, хусусий болалар боғчаси, музқаймоқхона, бекат ва бошқа жами 30дан ошиқ объектларнинг ҳам қурилиш учун сарфланадиган маблағлари жами манбалар сирасига киради.

Зеро,”Обод қишлоқ” давлат дастуридан назарда тутилган мақсад давлат томонидан ажратилган маълум миқдордаги пулни сарфлаш эмас, бунга қўшимча бошқа манбалардан ҳам омилкорлик билан маблағларни жалб этиб дастурни тўла – тўкис амалга оширишдир.Бунда ҳудуддаги сармояси бор фуқаролар, тадбиркорлар ёки банкдан кредит олиб тадбиркорликнинг бирор бир соҳасида иш бошлайман, иш ўринлари яратаман деган ташаббускорларнинг ҳам ҳиссаси қўшилиши мумкин.

Ижтимоий инфратузилма объектлари қуриш борасида 2 та (1 та мактаб, 1 та нодавлат МТМ) объектларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирдан чиқариш учун 1320,0 млн сўм йўналтирилиши режалаштирилган.”

Алақўйлиқ қишлоғидаги 20 мактаб ҳам бугун янги, чиройли қиёфада ўз ўқувчиларини бағрига олди. Нодавлат МТМ биносиинг асосий қурилиш ишлари бажарилиб, сайқал ва жиҳозлаш ишлари бошланган.

Бугун Юртбошимизнинг олиб бораётган сиёсатида халқни рози қилиш устувор масалалардан бири ҳисобланади. Давлат хизматчилари-ку инчунун, халқнинг ўзи танлаб, сайлаб қўйган маҳалла раислари ҳам ушбу сиёсатни жойларда амалга оширувчи масъуллар саналади. Аввало,бўлиб ўтган маҳалла раисларини сайлашдаги шаффофлик ва ошкораликни назарда тутадиган бўлсак, Алақўйлиқ маҳалласи аҳли ҳам раис сайлашда ўз иродасини намоён қилганлиги шубҳасиз. Бугун маҳаллага раис бўлиш бу, халққа ҳам етакчи, ҳам хизматкор бўлиш дегани. Шуни ўз бўйнига олган фидойи кишигина бу вазифада ишлай олади, халқ ҳурматига сазовор бўлади. Қолаверса,буюк шоирмиз Чўлпон айтганидек “Халқ денгиздир,халқ тўлқиндир,халқ кучдир”. Ўзбек халқи бугун ўз хақ - ҳуқуқини биладиган, нима тўғри-ю, нима нотўғри зканлигини очиқ айта оладиган, адолатли Юртбоши раҳнамолигида ўз келажагини ўзи яратишга бел боғлаган фаол ва фидокор халқдир. Кечаги кунда нима бўлган бўлса бўлгандир, бироқ бугун маҳалла раислари халқнинг ичидан чиққан, халқнинг ўзи эътироф этган кишилар ҳисобидан сайланганлигига иштибоҳ йўқ. Сайлаш ҳам, раисликдан озод этиш ҳам халқнинг ихтиёрида. Бу масалада халқ-беназирдир. Алақўйлиқ маҳалла фуқаролар йиғинида раиснинг қариндоши котиб бўлиб ишлаётганлиги бу бир қарашда нотўғри ҳолатдек туюлар, бироқ ўзини-ўзи бошқариш органлари давлат корхонаси эмаслиги, маҳаллаларда молиявий операцияларни амалга ошириш ваколати йўқлиги, ҳатто оддий маълумотномаларнинг ҳам берилиши давлат хизматлари кўрсатиш идораси зиммасига ўтганлигини, қолаверса котибларни ҳам сайлашда халқнинг ҳоҳиш иродасига таянилишини ҳисобга олсакбу қонунан ман этиладиган ҳолат эмас. Яна ҳам Алақўйлиқ маҳалласи аҳли бу масалада устувор имкониятларга эга. Мақола муаллифининг, маҳалла раиси халқ ва ҳокимлик ўртасида кўприк вазифасини бажариши лозим” деган сўзига мен ҳам қўшиламан. Бу борадаги фикрим мутлақо холис бўлиб, Алақўйлиқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва котиби менинг қариндошим ёки танишим эмаслигини таъкидлаб ўтмоқчиман.

Бардошбек Самад ўғли ўз мақоласи хотимасида “Kun.uz” сайти “Алақўйлиқ” маҳалласида “Обод қишлоқ” дастури асосида амалга оширилаётган лойиҳалар, сарфланаётган маблағлар тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилиши ва муаммога вилоят, туман ҳокимликлари жиддий эътибор қаратишига ишонч билдиришини таъкидлайди.

Айтиш жоизки, муаллиф мақола муқаддимасида келтириб ўтганидек, 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ”дастури тўғрисида”ги Фармон Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан чиқарилган. Бас, шундай экан, бу фармон олий даражадаги қонун ҳужжати бўлиб,буни бажармаслик, ҳам қонунан, ҳам виждонан мумкин эмас. Вилоят ва туман ҳокимлари эса Президентнинг Ватан равнақи,халқ фаравонлиги йўлида олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотларини оғишмай амалга ошириш учун ишонч билдирилган масъуллар ҳисобланади. Бугун вилоят ва туманларда Президентга содиқ, ўзига билдирилган катта ишончни юракдан ҳис қилиб, халқ розилиги йўлида қалбини бериб, чексиз фидойилик билан ўзини шу халқнинг хизматкори деб билган ҳокимлар ишламоқда десак, муболаға эмас. Чунки бугуннинг талаби, шу. Давр, ҳар бир сўзи ва қилаётган ишида фақат эл манфаатини кўзлаб, барча-барчани шунга даъват этиб келаётган, чин маънода халқпарвар, ватанпарварлик намунасини кўрсатаётган Юртбошимиз ёнида халқум эмас, халқим деб яшайдиган раҳбарларгина ишлай олишини кўрсатяпти.

         Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, мухбир Kun.uz сайти номидан “Обод қишлоқ”давлат дастури асосида жойларда амалга оширилаётган лойиҳалар ва сарфланаётган маблағларни тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилиши ва бу дастур доирасида амалга оширилаётган ишларга ҳокимликларни жиддий эътибор қаратишига ишонч билдириши ёки даъват этишига зарурат йўқ, наздимда. Зеро, айни дамларда ҳар бир иш қоғозда эмас амалда бажарилаётганлигини нафақат Китоб туманида қилинаётган ишлар мисолида, балки Қашқадарё вилояти, бутун мамлакатимиз мисолида элимиз кўриб, ҳис қилиб турибди. (Ишламаган хато қилмайди, холос. Бизда муаммо йўқ десак бу ёлғончиликдан бошқа нарса бўлмайди. Лекин исталган жойдан исталган мавзуда муаммо кўтариш ҳам бугун муаммо эмас-да! Сўзга берилган эркинлик, маълумотлар олишда берилган очиқлик шунга имкон беряпди.)

         Ободлик ва қулай шароитларга эришиш борасида ҳар биримиз ҳам шу юртнинг фуқароси ва бунда бўладиган ривожланиш ҳамда ижобий ўзгаришлардан манфаатдор инсонлар сифатида имкон қадар ўз меҳнатимиз билан ҳисса қўшмоғимиз, ташқаридан келиб кимдир қилиб бериши керак деган ўй билан эмас, менинг ҳам ўз уйим ва қишлоғим, шу азиз Ватаним ободлиги йўлида хизматим қўшилиши керак, эртага фарзандларим ҳам обод, тинч юртда яшаши лозим деган ўйда чин кўнгилдан ҳаракат қилмоғимиз, олдимизга қўйган улуғ мақсадларимизга мувофиқ келади.

Зотан, Ватан остонадан, ободлик кўнгилдан бошланиши рост-ку!

  

Китоб тумани ҳокимлиги матбуот хизмати.