Қашқадарё ҳунармандларининг маҳорат кўргазмаси

Қашқадарё ҳунармандларининг маҳорат кўргазмаси

Деҳқонободлик  Чориёр Ражабов гиламчиликни санъат даражасига кўтара олган. У бу ишга асосан оилавий машғулот сифатида қарайди. Жундан тўқилган гиламлари нафислиги билан ажралиб туради.

Ҳунарманд томонидан юқори дид билан ишланган ноёб буюм - жун дастурхон Қарши шаҳридаги Одина масжидида бўлиб ўтган кўргазмада кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди. Устанинг айтишича, мазкур уй-рўзғор буюми нон маҳсулотини яхши сақлаш учун жуда қулай. Шу сабаб бугун гиламдўзга доим иш тайин.

Чориёр Ражабовдан ташқари мазкур кўргазмада вилоятимизнинг бошқа ҳудудларидан келган кўплаб маҳоратли ҳунармандлар ҳам ўз ижод намуналарини яна бир бор кенг жамоатчилик   эътиборига ҳавола этишди. Тадбир ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги, Маданият вазирлиги, "Ҳунарманд" уюшмаси кўмагида ташкил этилгани аҳамиятли.

Кўргазмада кулолчилик, ёғоч ўймакорлиги, каштачилик буюмлари ҳам кенг намойиш этилди. Тадбирда нафақат соҳа мутахассислари, балки миллий ҳунармандчилигимиз ихлосмандлари, ёшлар ҳам фаол қатнашди. Маҳоратли ҳунармандлар эса фурсатдан фойдаланиб ўз тажрибалари билан кенг ўртоқлашишди.

- Каштачилик билан шуғулланаётганимга 30 йилдан ошди, - дейди кўргазма иштирокчиси Умида Зикриллаева. - Ўз устахонам бор. Бу ҳунарни даромадли фаолиятга айлантира олганмиз. Маҳсулотимизни мамлакатимизнинг турли бурчакларидан ҳам келиб олиб кетишади. Каштачилик буюмларига айниқса, хорижликларда қизиқиш юқори. Кашта урилган камзул, ироқи дўппи охирги пайтларда кўп талаш бўлаяпти. Ихчам, сувенир учун мўлжалланган хуржун, телефон ғилофи каби маҳсулотларни ҳам тайёрлаймиз. Ҳозирда бир вақтлар кенг урф бўлган каштачилик услубларини қайта тиклаш устида ишлаяпмиз. Бунинг исботини кўргазмага тақдим этилган аксарият ишларимизда ҳам кўриш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, ушбу кўргазма Қашқадарё вилоятида анъанавий ҳунармандчилик турларини сақлаш ва янада ривожлантиришга қаратилган тадбирлар доирасида ўтказилди. Бу ишлар ЮНЕСКО ва Европа     Иттифоқининг "Афғонистон, Марказий Осиё ва Эрондаги Ипак йўли мероси йўлаклари" ҳамкорлик лойиҳасига кўра амалга оширилмоқда. Лойиҳа мақсади моддий ва номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш учун салоҳиятни мустаҳкамлаш, одамларнинг ушбу меросдан хабардорлигини ошириш ва кенг тарғиб қилишдан иборат. Вилоятимизга тааллуқли чора-тадбирлар дастури асосида 10 кундан ошиқ вақт давомида турли тадбирлар, жумладан, анъанавий ҳунармандчилик бўйича  амалий тренинглар ташкил этиш, асосий мавзу юзасидан зарур тавсиялар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

М.ШУҲРАТОВ

Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган сурат.

Qashqadaryogz.uz маълумотлари асосида